Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:27

АҚШ разведкаси COVID-19нинг келиб чиқиши бўйича қўшимча текширув ўтказади


Хитойнинг Ухандаги лабораторияси - 23 февраль, 2017
Хитойнинг Ухандаги лабораторияси - 23 февраль, 2017

Президент Жо Байден АҚШ жосуслик хизматларига COVID-19 пандемиясининг келиб чиқишини аниқлашга қаратилган ҳаракатларни «икки бараварга оширишни» буюрди. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар бермоқда.

Вирус Хитой лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразни бир неча ойдан бери айтиб келаётган Байден маъмурияти Хитойни эпидемия келиб чиқиши ҳақида очиқроқ маълумот беришга чорлаб босим ўтказаётган кўплаб ҳукуматлар сафига қўшилди.

Республикачилар партияси Байденни очиқ текширув ўтказилишига тўсқинлик қилиб келаётган Хитойга етарлича қатъий муносабатда бўлмаётганликда айбламоқда.

Байден АҚШ разведка идораларидан 90 кун ичида ҳисобот беришни сўради. Президент пайшанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида разведка хулосаларини оммавий равишда эълон қилишни режалаётганини айтди.

Байден АҚШ миллий лабораторияларини разведка ходимларига ёрдам бериб, Хитой ҳукумати учун аниқ сўровлар рўйхатини тузишни буюрди. АҚШ президенти, шунингдек, Хитойни пандемия келиб чиқиши бўйича халқаро текширувларда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Республикачилар, шу жумладан, собиқ президент Дональд Трамп, вирус Уханда ҳайвондан одамга эмас, балки лабораторияда содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса ортидан тарқалган бўлиши мумкин, деган фаразни илгари суриб келади.

Байден март ойида дастлабки разведка текшируви хулосалари билан танишиб чиқиб, масалани чуқурроқ ўрганиш керак, деган хулоса келган. Шунингдек, у ҳисобот парчаларини жамоатчиликка эълон қилишни буюрган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки билдирди.

Псакининг сўзларига кўра, бундан мақсад АҚШ ҳукуматининг пандемия келиб чиқишини ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатларини жамоатчиликка маълум қилиш ҳамда Хитойга босимни оширишдир.

«У кенг қамровли тушунмовчиликлар давом этаётгани учун нафақат (разведка хизматлари) қилган ишларни жамоатчиликка ошкор қилиш, балки терговни 90 кунга узайтириш, кўпроқ федерал ҳукумат идораларини, жумладан, миллий лабораторияларимиз ҳамда соғлиқни сақлаш ва тиббиёт масалаларидаги экспертизамизни жалб қилиш муҳим, деган хулосага келди», деди Псаки.

Байден баёнот эълон қилиб, разведка ҳамжамиятининг аксарияти ушбу икки сценарий атрофида «бирлашгани», аммо «бири иккинчисидан кўра кўпроқ ишончли эканини аниқлаш учун етарли маълумот борлигига ишонмаслигини» айтди. Унинг сўзларига кўра, икки агентлик вирус ҳайвонлардан юққанига кўпроқ ишонса, бошқа бир агентлик лаборатория фаразига кўпроқ ишонади.

«Қўшма Штатлар, шунингдек, Хитой тўлиқ, шаффоф, далилларга асосланган халқаро текширувда иштирок этиши ва барча тегишли маълумотлар ва далилларни улашиши учун босим ўтказиш йўлида ҳамфикр ҳамкорлар билан ишлашда давом этади», деди Байден.

Байден маъмурияти бир неча ҳафтадан бери вирус лабораториядан тарқалгани ҳақидаги назарияни жамоатчилик олдида муҳокама қилишдан тийилиб келаётган эди.

Пайшанба куни Хитой Байден маъмуриятини сиёсий ўйинларни бошлашда айблади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лижиан Байденнинг буйруғи АҚШ «фактлар ва ҳақиқат ҳақида қайғурмаслигини ҳамда вирус келиб чиқишини жиддий илмий ўрганишга қизиқмаслигини» кўрсатишини айтди.

АҚШ Сенати чоршанба куни Ухань лабораториясига тегишли иккита тузатишни бирор қаршиликсиз маъқуллади. Бу эса АҚШ сиёсатчилари ўртасида вирус келиб чиқиши ҳақидаги қарашлар ўзгараётганидан далолат беради.

Сенатор Рэнд Пол таклиф қилган тузатишлардан бири АҚШга Хитой вирусларнинг кучлилиги ёки юқумлигини ошириш бўйича ўтказаётган тадқиқотларини молиялашни тақиқлайди. Жони Эрнст томонидан таклиф қилинган иккинчи тузатиш эса Ухань вирусология институтига маблағ ажратишни тақиқлайди.

АҚШ ҳукуматнинг юқумли касалликлар бўйича етакчи мутахассиси доктор Энтони Фаучи чоршанба куни ўзи ва аксар олимлар «вирус табиий ҳодиса, деб тахмин қилмоқда, аммо ҳеч ким 100% аниқ билмайди», деди.

«Жуда кўп ташвиш ва спекуляция юзага келгани, буни ҳеч ким аниқ билмагани учун шаффофлик билан ўтказиладиган, барча аниқланган маълумотлар жамоатчиликка тақдим этиладиган, синчков терговга муҳтож бор, деб ўйлайман», деди Фаучи Сенатда ўтказилган тинглов давомида.

Псакининг таъкидлашича, Оқ уй Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда янги текширув ўтказишини қўллаб-қувватлайди, аммо самарали текширув «Хитой кўпроқ чора кўриб, вирус келиб чиқишини аниқлаш учун шароит яратишини» тақозо қилишини айтди.

Байден Хитой ҳукумати халқаро текширувда тўлиқ ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганини инобатга олган ҳолда, ҳеч қачон қатъий хулоса чиқарилмаслиги эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлади.

«Дастлабки ойларда инспекторларимиз у ерга киритилмагани COVID-19нинг келиб чиқишига оид ҳар қандай текширувга халақит бераверади», деди у.

Вашингтондаги Хитой элчихонаси Байден буйруғини тилга олмаган ҳолда, номаълум кучларни пандемияга қарши курашга эътибор қаратиш ўрнига айбдор излашда айблади.

«Туҳмат кампанияси ва айбдор излаш яна бошланмоқда, “лабораториядан тарқалиш” фитна назарияси қайта юзага чиқмоқда», дейилади элчихона чоршанба куни ўз веб-сайтида эълон қилган баёнотда.

Байден маъмурият мутасаддилари вирус лабораториядан тарқалгани ҳақидаги назарияга катта шубҳа билан қарашда давом этмоқда. Улар Хитой текширувда ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани кутилган ҳолат эканини ва Хитойнинг жаҳон саҳнасидаги масъулиятсиз ҳаракатларидан бири эканини айтишмоқда.

Давлат департаменти бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишда давом этаётганини билдирди ва Хитойни дунё билан ҳамкорлик қилишга ундади. Давлат департаменти собиқ президент Трамп даврида вирус лабораториядан тарқалгани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида бошланган текширувни баҳор бошида якунлаган эди.

«Хитойнинг ушбу текширувда тўлиқ иштирок этгани ҳақидаги иддаолари ҳафсалангизни пир қилади ва ушбу пандемияга чек қўйиш ва глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини яхшилаш учун биргаликда ишлаётган халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларига зиддир», деди матбуот котиби Нед Прайс.

Оқ уй, шунингдек, Байден ушбу масалага катта эътибор қаратаётгани кўпроқ натижа беришига умид қилмоқда. Трамп маъмурияти пандемиянинг илк кунларида Хитойга хавфли касалликнинг келиб чиқиши ва тарқалиши тўғрисида кўпроқ маълумот бериш учун босим ўтказмаган эди, чунки Трамп сайлов ўтказилиши режалаштирилган йилда Хитой билан савдо музокаралари издан чиқишини истамаган.

XS
SM
MD
LG