Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:54

Вашингтон COVID-19 касаллигининг келиб чиқишини текширишга чақирмоқда


24 май куни АҚШ расмийлари COVID-19 ни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вирусининг пайдо бўлиши сабаблари халқаро комиссия томонидан тадқиқ қилинаётган вақтда Хитой у билан “батамом очиқ-ойдин” ишламаганини айтишган.

“Биз, якуний хулоса қандай бўлишидан қатъи назар воқеанинг тагига етишимиз керак. Бунинг учун бизга Хитой тарафидан тўлиқ шаффофлик талаб қилинади. Бу ишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагига муҳтожмиз, аммо айни пайтда уларнинг дастагини ҳис қилаётганимиз йўқ”, дея таъкидлаган Оқ уй маслаҳатчиси Энди Славитт.

Расмий талқинга кўра, коронавирус тарқалиши манбаси ёввойи ҳайвонларнинг гўшти бўлган, ҳайвонлар эса ўз навбатида вирусни кўршапалаклардан юқтириб олган.

Вирус гўё Ухандаги вирусология институтида тадқиқот объекти бўлганлиги ва у эҳтиётсизлик оқибатида назоратдан чиқиб, атрофга тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки шубҳа аксарий экспертлар ҳамда турли давлатларнинг тиббиёт маъмурлари тарафидан рад қилинган.

Жорий йил бошларида Ухан шаҳрида бўлган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари ҳам вирус одамга ҳайвонлардан юққанига оид тахмин ҳақиқатга яқинроқлиги тўғрисида хулоса қилганлар.

Бу орада АҚШ Давлат департаментининг ўтган йилиёқ коронавирус манбасини излаб топиш мақсадида ўз тадқиқотини бошлагани маълум бўлди.

CNN хабарича, вирусология институтининг Хитой армияси билан алоқалари Давлат департаментида алоҳида қизиқиш уйғотган. Илк хулосаларнинг тўғрилигига шубҳа билан қараган Жо Байден маъмурияти ташаббуси билан ушбу текширув махфийлаштирилган.

23 май, якшанба куни Wall Street Journal Америка махфий хизматлари маърузасини эълон қилдики, унда Ухандаги вирусология институтининг 2019 йилнинг ноябрь ойида COVID-19 белгилари билан касалхонага ётқизилган ходимлари тўғрисида сўз боради. Расмий Пекин илк касалланиш ҳолатлари 2019 йил декабрда бўлганини иддао қилиб келади.

Оқ уйнинг тиббиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси Энтони Фаучи вирус одамга ҳайвондан ўтгани ҳақидаги фаразни эҳтимолга яқин тутса-да, текширув ўтказилиши лозимлигини урғулайди.

XS
SM
MD
LG