Эрон 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширилганини кескин рад этмоқда.
10 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон фуқаровий авиацияси етакчиси Али Обидзода:
- Бир нарса аниқ: бу учоқни ракета уриб туширгани йўқ, — деди.
Аввалроқ АҚШ, Британия, Канада разведка хизматлари учоқ Эрон ҳаво мудофаасининг жиддий хатоси натижасида уриб туширилганини тахмин қилган эди.
Обидзоданинг билдирувидан бир неча соат олдин Теҳрон Украина терговчиларини ҳалокат жойига киритгани хабар қилинди.
Украина президенти Володимир Зеленский маъмурияти ҳалок бўлганлар жасадларини аниқлаш учун уларнинг қариндошларидан ДНК намуналари олинаётганини маълум қилди.
Президент маъмурияти билдирувида фожианинг бошқа тафсилотларини бериш учун ҳали эрта эканлиги таъкидланди.
Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Теҳрондан Киевга отланган учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.
10 январь куни Эрон АҚШ Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгаши (NTSB) ҳамда Boeing ширкатини терговда қатнашишга чақиргани хабар қилинди.
Эроннинг бу қароридан олдин АҚШ, Канада ҳамда Буюк Британия расмийлари учоқни Эрон армияси хатоси билан отилган ракета уриб туширганини кўрсатувчи далиллар борлигини маълум қилган эди.
Обидзода Теҳрон NTSB ҳамда Boeing ширкатидан ташқари Украина, Франция ва Канада мутахассисларига терговда қатнашишга изн берилишини айтди.
Эрон қўмондони Қосим Сулаймонийнинг АҚШ томонидан ўлдирилиши ортидан юзага келган танг вазият фонида Эрон расмийлари аввалига учоқнинг қора қутилари на АҚШ расмийларига, на Boeing ширкатига топширилмаслигини таъкидлаган эди.
БМТ авиация ташкилоти жорий қилган қоидаларга биноан, NTSB АҚШда ишлаб чиқарилган Boeing учоқлари ҳалокатларини тергов қилишга ҳақли.
NTSB расмийлари Эрондан ҳалокат ҳақида хабар олишганини тасдиқлашди. Ташкилот ҳалокатни тергов қилиш учун ходим ажратилганини маълум қилди, аммо бу шахс Эронга киритилиш-киритилмаслигини очиқламади.
Аввалроқ Канада бош вазири Жастин Трюдо Оттавада бўлиб ўтган матбуот анжуманида қўлга киритилган далиллар асосида учоқни ракета уриб туширганини хулоса қилиш мумкинлигини айтди.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” учоғи Эрон Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб қулаб тушган.
Бу орада учоққа ракета бориб урилгани акс этган видео тарқалди. The New York Times нашри видеода “Украина халқаро ҳаво йўллари” учоғи ҳалокати акс этганини тасдиқлашга муваффақ бўлганини эълон қилди.
Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам учоқ Эронга тегишли ердан ҳавога отувчи ракета тизими ҳужуми натижасида уриб туширилганини кўрсатувчи далиллар борлигини айтди.
Трюдо ҳам, Жонсон ҳам учоқ Эрон армияси хатоси туфайли уриб туширилган бўлиши мумкин, деди.
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши учоқ Россияда ишлаб чиқариладиган “Тор” ракета комплекси билан уриб туширилган бўлиши мумкинлигини билдирди. Россия Эрон армиясини айнан шу русумдаги ракета тизимлари билан таъминлаб келади.