Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:27

Қурултой: Алламжонов салбий шарҳлардан Ўзини ҳимоя қилмоқчими ёки?..


Комил Алламжонов
Комил Алламжонов

Ўзбек мулозимининг "шарҳлар учун пост қўйган блогер жавоб беради" деган гапи тармоқда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Бу мавзу Озодликнинг "Қурултой" эшиттиршида ҳам муҳокама қилинди. Дастурда таниқли журналист Алимардон Аннаев¸ сиëсатшунос Рафаэл Сатторов¸ блогер Искандар Македонский ва ижтимоий медиа бўйича эксперт Тўлқин Умаралиевлар қатнашди.

АОКА раҳбари: Мақолалар остидаги изохлар учун блогер жавобгар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:12 0:00

Комил Алламжонов нима деди?

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов "ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотлар, балки улар остидаги фуқаролар фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган изоҳлар учун ҳам жавобгар"дир, деб баёнот берди.

Агентлик раҳбарининг расмий баёноти унинг Facebookдаги расмий саҳифасида эълон қилинди.

«Минг афсуски, улар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бормоқда. Бундай изоҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Энг ёмони буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки фейк, яъни, сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради», деган Агентлик раҳбари.

Комил Алламжоновнинг сўзларига кўра, “сўз эркинлиги - бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги бу аввало қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулияти”.

Бу эслатмадан кейин АОКА раҳбари журналистларга уларнинг “ қонун олдида жавобгар” эканлигини таъкидлар экан, дейди:

“Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир. Бу норма ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасига оид қонунларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган».

Баëноти давомида Алламжонов “Давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида ОАВлар жавобгар бўлишларини” бир неча бор эслатади.

“Сиздан саҳифангиз остида ёзилган бузғунчи шарҳларни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйиш сўралмоқда», - дейилади баёнотда.

«Ҳурматли ҳамкасблар, барчангизни юртимизда сўз ва фикр эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш учун ахборот соҳасида бўлаётган турли носоғлом жараёнларга қарши бирлашиб ҳаракат қилишга чақирамиз», — дея якунланади баёнот.

Блогосфера нима деяпти?

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг бу баëноти ўзбек блогсферасида турлича қаршиланди. Таниқли блогер Нурбек Алимов “Баëнот ва мавжуд қонунлар орасида тафовут” борлигига эътибор қаратади. Қуйида баъзи блогерларнинг постларини келтирамиз. Матнлар таҳрирсиз, муаллифлар имлоси ва стилистикаси сақланган ҳолда берилаяпти.

Нурбек Алимов:

“Хурматли Комил Алламжонов, мени постим остида ёзилган комментарийлар учун мен эмас, ўша комментарийни ёзган одам жавобгар. Пост учун эса мен жавобгар. Кейин қонунда хечқачон комментларни зудлик билан ўчириб ташлаш хақида гап йўқ.

Мисол учун Тошмат блогер ёзган пост остида Эшмат бирорта Ғишмат хақида "уни ноқонуний шунча бойлиги бор" деб гапирса ёки хақорат қилса мен у комментарийни ўчирмайман, максимум қўлимдан келадигани бировни хақорат қилмаслик бўйича маслаҳат ва тавсия беришим ва бунга қонунда жазо борлигини эслатиб ўтишим мумкин холос. Агарда СУД томонидан ўша мени постим комментига Эшматнинг Ғишматга нисбатан ёзган гаплари тухмат ва хақорат эканлиги тан олинсагина, СУД ҚАРОРИ билан ўша комментарийни ўчиришим мумкин. Лекин бу нарса бўлиши учун ҳам, айрим қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак аввало. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100 - моддасида ва "Ахборотлаштириш тўғрисида" ги қонуннинг 12 - моддасида ҳам комментарилар хақида ва уларга пост эгаси жавобгарлиги хақида умуман гап йўқ.

Шундай экан, комментларни зудлик билан тугул умуман ўчира олмайман. Коммент ёзилган маҳал ухлаётган бўлишим мумкин, Эшматни гапи ёлғонми ростми билмаслигим мумкин сабаблари кўп. СУД ҚАРОРИ келса, албатта зудлик билан ўчирамиз. Унгача биров ёзган шарҳлар учун мен жавобгар эмасман! Ва менда уларни мазмуний анализини белгилашга етарли билим йўқ. Ўша одамни ўзини топиб, айбини бўйнига қўйиб чора кўрилиши мақсадга мувофиқ.

Ха айтганча муаллиф изоҳларда ёзилган фикрларга маъсул эмас ва у муллиф фикри билан мутаносиб бўлмаслиги мумкин)))” деб ёзди блогер.

***

Таниқли бошловчи ва блогер Нозим Сафари Алламжонов баëнотини "орқага қадам" деб баҳолади

Нозим Сафари:

Бизнинг қуёшимиз, атмосферани тўлдириб турган кислородимиз, боримиз ва йўғимиз Комил Исмоилович Алламжоновнинг бугунги баёноти қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқда резонанз уйғотди. Баёнотда айтилишича ҳар бир тармоқ фойдаланувчиси, ОАВ ҳамда блогер ўз пости остида бошқа фойдаланувчилар томонидан ёзилган шарҳларга жавобгар экан. Шунингдек, Комил ака пост остидаги негатив комментларни, текширилмаган маълумотларни, обрўсизлантириш ва хақоратли шарҳларни мунтазам ўчиришни сўрамоқда.

Ушбу баёнотнинг ғалатилиги, мантиқсизлиги ва кулгулилигини четга суриб қўйган ҳолда айтиш жоизки, бу сўз эркинлигини чеклашга ҳаракат сифатида баҳоланяпти. Бугун кўпчилик ушбу "сказочный" баёнотдан норози бўлишмоқда. Уларнинг норозилигида жон бор. Ахборот соҳаси бўйича ваколатли орган жамоатчиликка "фақат яхши ёки нейтрал коммент ёзларинг" дея берган сигнали орқага катта қадам. Ферузхон тўғри айтаяпти - ноўрин фикрлашни ҳам тақиқлаш керак.

P. S. Ну че ребята либерал тўнлар ечилмоқда, консерватив асл кўринмоқда.

***

Тошкентлик юрист Ўткирбек Холмирзаев шарҳ учун бевосита жавобгарликни уни ёзмаган шахсга – саҳифа (сайт) эгаси (блогер)га юклаш эса қонунчиликка кўра имконсиздир, деб ёзди.

Видеоблогер Ферузхон Ëқубхўжаев эса Алламжоновнинг баëнотини "кулгили ва мантиқсиз" деб ҳажв қилди.

XS
SM
MD
LG