Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Ўзбекистонда айрим хорижий сайтларга тўсиқлар олиб ташланди, аммо улар орасида "Озодлик" йўқ


Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов жума куни тўсиқлар олиб ташланган сайтлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликлар давомида тўсиб келинган "Би-Би-Си" Ўзбек хизмати, "Америка овози", "Centre1", "Ferghana Agency", "AsiaTerra" ва бошқа хорижий янгилик сайтлари номлари бор, аммо "Озодлик" радиоси ва бошқа мустақил нашрлар рўйхатда келтирилмаган.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов айрим хорижий янгилик сайтларига қўйилган тўсиқлар олиб ташланганини Facebook саҳифасида эълон қилди.

Бугундан эътиборан “Voice of America”, “Amerika ovozi”, “BBC Uzbek”, “Deutsche Welle”, “Amnesty International”, “Human Rights Watch”, “Reporters sans frontieres”, “Eurasianet.org”, “AsiaTerra”, “Fergana Agency”, “Centre1”, “Uzmetronom” каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади”, — дейилади баёнотда.

Аввалроқ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини айрим оммавий ахборот воситаларини блоклашни тўхтатишга чақирган эди.

Алламжонов сайтлар тўсилганини тан олди

Комил Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг баёнотини билан танишиб чиққани ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиққанини маълум қилди.

“Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди”, дейилади Алламжонов баёнотида.

Шу билан бирга Алламжонов хориж оммавий ахборот воситалари ва журналистлар жамоасини журналист этикаси тамойилларига риоя этиши кераклигини таъкидлаган.

“Тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўраймиз”, — дейилади Алламжонов баёнотида.

“Дўппини осмонга отишга ҳали эрта"

Ўзбекистонда "Би-би-си", "Ferghana", "Озодлик" веб саҳифалари 2004 йилдан буён тўсиб келинган.

Аммо, тўсиқлар олиб ташланган сайтлар рўйхатида “Озодлик” радиоси ва бошқа мустақил веб нашрларнинг номлари келтирилмаган.

Лондонда яшовчи Лондонда яшовчи ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов ўз Facebook саҳифасида Комил Алламжоновнинг баёнотига муносабат билдирар экан: “Дўппини осмонга отишга ҳали эрта", деб ёзди.

“Ўзбекистон ҳақида энг муҳим ахборотларни берувчи "Озодлик", "Eltuz.com" сайтлари ва Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми сайтлари билан боғлиқ “техник” муаммолар сақланиб қолмоқда. Агар ушбу сайтларга кириш учун “техник” муаммолар сақланиб қолса, сўз эркинлиги томон қадам эмас, балки “бўл ва ҳокимлик қил” сиёсати томон ҳаракат бўлади. Бу холда журналистик жамоа иккига бўлинади. Агар омади келганлар омадсизлар ҳақида жим турса бу сиёсат 100 фоиз иш беради”, - деб ёзди Илҳомов.

Мустақил сайтлар тўсилгани боис Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар давомида "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг "Интернет душманлари" рўйхатида бўлиб келган.

XS
SM
MD
LG