Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ёшлар иттифоқи мулозимлари: Биз маҳаллий ҳокимларнинг текин мардикорига айландик!


Бу суратни юборганлар иддаосича¸ унда Ёшлар иттифоқининг Фарғона вилояти Қўштепа тумани кенгаши ходимлари "Обод қишлоқ" дастури доирасида мажбуран ишлатилаëтгани акс этган. (Сурат жорий йилнинг 25 июль куни олинган)
Бу суратни юборганлар иддаосича¸ унда Ёшлар иттифоқининг Фарғона вилояти Қўштепа тумани кенгаши ходимлари "Обод қишлоқ" дастури доирасида мажбуран ишлатилаëтгани акс этган. (Сурат жорий йилнинг 25 июль куни олинган)

Ёшлар иттифоқи ходимлари мунтазам равишда мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка иттифоқнинг икки вилоятдаги бир-биридан мустақил икки мулозими хабар қилди.

Эҳтимолий тазйиқлардан чўчиган бу ëш мулозимлар шахси очиқланмаслигини сўради.

Ҳудудлардаги ëшлар етакчилари маҳаллий ҳокимликлар томонидан иттифоқ ходимлари “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” каби лойиҳаларда мунтазам суратда мажбуран ишлатилаëтганини билдирди.

Озодлик суҳбатдошлари¸ хусусан¸ айни кунларда Ёшлар иттифоқи ходимлари зиммасига пахта териш учун “Фидокор ёшлар” отрядлари тузиш буюрилганини маълум қилди.

Айни пайтда мулозимлар маошлари кечикаётганидан ҳам шикоят қилди.

Ойликлар кечикаëтганини эътироф этган Ëшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакили бунинг учун масъулиятни Молия вазирлиги зиммасига қўйди.

Мажбурий меҳнат

11 сентябрь куни Озодликка боғланган Ёшлар иттифоқининг икки мулозими - шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари - иттифоқ ходим ва фаолларининг маҳаллий ҳокимликлар томонидан мажбурий меҳнат қурбонига айлантирилганини билдирди.

“Ҳокимликлар Ёшлар иттифоқига ҳашарчи сифатида қарайди. Мажбурий меҳнат барча ташкилотлардан олиб ташланди. Бироқ Ёшлар иттифоқида қолди. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” қурилишлари, кўча тозалаш, ободонлаштириш ишлари ҳаммаси иттифоқ зиммасида. Ҳокимият “Маҳалла ёшларини кўтар, олиб чиқ”¸ дейди. Кунига битта тумандан 20-30та одамни топишимиз керак бўлади”, деди ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламасликни сўраган Ёшлар иттифоқи туман кенгашларидан бири раҳбари.

Унинг ҳамкасби ҳам ёшларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳар доим ҳокимлик топшириғи билан бўлишини таъкидлади.

“Кенгаш раҳбарларига ҳокимлик буюради. Буйруқни бажармай кўрингчи, эртасигаёқ ишдан кетасиз. Биз кейин етакчиларга топшириқ берамиз. Ёшлар иттифоқидан маҳаллий ҳокимликлар текин мардикор сифатида фойдаланишмоқда. Буни Марказий кенгаш ҳам билади. Лекин шу пайтгача бирор чора кўришмади. Балки янги раҳбар келиб, энди вазият ўзгарар¸ деб умид қилаяпмиз”, деди Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгашларидан бирининг бошлиғи.

Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ мажбурий меҳнатга оид шикоятлар ҳақида Озодлик кўп бора ёритган.

Жумладан, яқинда Ёшлар иттифоқининг Фарғона вилояти Қўштепа тумани кенгаши ходимларидан бири мажбурий меҳнатдан шикоят қилган.

Пахта теримига тайёргарлик

Ёшлар иттифоқи икки мулозимининг айтишича, айни кунларда пахта теримига ҳозирлик ишлари кетмоқда.


“Пахтага Ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашларининг 50 фоиз ходими чиқади¸ дейилди. Яна айрим ҳудудларда пахта учун “Фидокор ёшлар” отрядларини шакллантириш топширилди. Ҳозир шу отряд аъзоларини мажбурлаб йиғишга тўғри келаяпти. Бу отряд аъзолари асосан, Ёшлар иттифоқи аъзоларидан тузилади. Улар ойликсиз ишлайди, жамоатчилик асосида тарғибот ишлари тадбирларини ташкиллаштириш билан шуғулланиши лозим. Пахтага чиққанида, терган пахтаси учун ҳақ олишади¸ холос. Бизнинг қўлимиздан уларни рағбатлантириш келади¸ холос”, деди Ёшлар иттифоқи туман кенгашларидан бирининг раҳбари.

Ўтган йилги пахта мавсумида ҳам Ёшлар иттифоқи аъзолари пахта теримига мажбурлангани ҳақида Озодлик бир неча бор ёритганди.

Ойлик кечикмоқда

Ёшлар иттифоқи ташкилотининг икки мулозими ойлик маошларнинг мунтазам кечикаëтганини ҳам маълум қилди.

“Ўзи ҳар ойнинг ойлигини ойнинг бошида олишимиз керак. Бугун 11 сентябрь, ҳали ҳам августнинг ойлигини олганимиз йўқ. Барча шаҳар ва туман кенгашларида шу аҳвол”, деди Ёшлар иттифоқининг туман кенгашларидан бири раҳбари.

Озодликка боғланган яна бир иттифоқчи – ушбу ташкилотнинг шаҳар кенгашларидан бирининг раҳбарига кўра, ойлик кечикиши жорий йилда

Йилига 200 миллиард сўм

Ёшлар Иттифоқи ташкилотига ҳар йили давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилади. Иттифоқда жами 1,5 минг одам ишлайди. Ташкилотнинг 17та туман ва шаҳар кенгашлари бор.


мунтазам кўринишда давом этмоқда.

“Ходимларимиз ҳар куни “ойлик қани” деб сўрайди. Счётимизда пул йўқ бўлса, қандай берамиз. Пул тушмаяпти. Ойлик кечикиши шу йил бошидан бери бўлаяпти. Бу йил ойликни ўз вақтида олган ойимиз бўлмади”, деди хавфсизлик сабаб аноним қолиш истагини билдирган Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгашларидан бири етакчиси.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган мулозими ойликлар кечикишини Молия вазирлиги зиммасига юклади.

“Ойликлар кечикишида Марказий кенгашнинг айби йўқ. Молия вазирлиги иттифоққа пул ажратишни кечиктирмоқда. Биласиз, иттифоқ тўлалигича, бюджет томонидан молияланади. Бизга йилига 200 миллиард сўм ажратилади. Кейинги пайтда молия бизга пул туширишни кечиктираяпти. Шунинг ҳисобига шаҳар ва туман кенгашларида ойлик беришда узилишлар юзага келди. Август ойликларини эрта-индин бериш бошланади”, деди Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши мулозими.

Озодлик Молия вазирлигидан Ёшлар иттифоқи мулозими иддаолари борасида изоҳ ола олмади.​

Икки яшар иттифоқ

2017 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистонда “Камолот” ёшлар ҳаракати тугатилиб, унинг ўрнида ¸ Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан¸ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Янги тузилма раҳбари этиб республика Маънавият- тарғибот маркази раҳбари бўлиб ишлаган Қаҳрамон Қуронбоев тайинланди.

“Камолот” ҳаракатининг президент Мирзиёев иштирокида ўтган сўнгги йиғилишида “Камолот”га нисбатан ёшларнинг ишончи сўниб бораётгани таъкидланди.

Ўша куни президент залга йиғилган ёшлар билан суҳбат қурар экан, ташкилот номини ва фаолиятини тубдан ўзгартириш вақти келганини таъкидлади.

“Камолот” Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган пайтда Комсомол – Коммунист ёшлар иттифоқи ўрнида ташкил топган эди.

Ёшлар иттифоқининг собиқ раиси Қаҳрамон Қуронбоев
Ёшлар иттифоқининг собиқ раиси Қаҳрамон Қуронбоев

Эски ва янги раҳбарлар ҳақида

Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев жорий йилнинг 29 август куни давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Унинг ўрнига Алишер Саъдуллаев Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Алишер Саъдуллаев
Алишер Саъдуллаев


Саъдуллаев¸ Ўзбекистон тарихидаги энг ëш вазир ўринбосари сифатида тилга тушган. 2017 йили Шавкат Мирзиëев 25 яшар Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар этиб тайинлаган эди.

Президентнинг 2018 йил 25 октябрдаги қарори билан бу лавозимдан озод этилган Саъдуллаев кўп ўтмай Ёшлар иттифоқи раисининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Ўзбекистон ëшлари орасида танилган Саъдуллаевнинг Ëшлар иттифоқига раҳбар этиб тайинланиши советча шаклда қурилган бу тузилмада ислоҳот бўлишига оид айрим умидларни уйғотмай қолмади.

Озодлик Ëшлар иттифоқи ҳудудий раҳбарлари билдирган жиддий шикоятлар муносабати билан Алишер Саъдуллаевга Facebook саҳифаси орқали мурожаат қилди. Ҳозирча Озодлик саволларига жавоб келмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG