Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Мирзиёев Хитойда. "Бир макон, бир йўл" нима?


Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан. Пекин, 17 октябрь, 2023
Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан. Пекин, 17 октябрь, 2023

“Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилей саммитида иштирок этиш учун Хитойга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Пекинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари ўзаро стратегик шерикликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилган. Ўзбек томонига кўра, президент Мирзиёев "ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас эканини тасдиқлаган ва Хитой раҳбарини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.

“Бир макон, бир йўл” нима?

10 йил аввал “Бир макон ва йўл” (БМБЙ) ташаббуси бошланганидан бери баъзи давлатлар қарзга ботиб қолгани ҳақидаги танқидларга қарамай, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ушбу ташаббусни ташқи сиёсат муваффақияти, муқобил ривожланиш модели сифатида кўрсатиши кутилмоқда.

Учинчи “Бир макон, бир йўл” форуми 17 октябрда бошланади ва унда бутун дунёдан вакиллар иштирок этади.

“Бу Си Цзиньпиннинг биринчи йирик ташқи сиёсий ташаббусининг 10 йиллигидир”, дейди Озодлик билан суҳбатда Сингапурдаги S.Rajaratnam халқаро тадқиқотлар мактаби катта илмий ходими Раффаэлло Пантуччи. "Ҳар ким асосан индивидуал лойиҳаларга эътибор қаратади, лекин бу ташаббус Хитойнинг дунё билан қандай алоқада бўлиш борасидаги қарашларини ифодалайди ва Пекин бу ғояни нишонлашни истайди."

Си Цзиньпин Хитой раҳбари бўлганидан кўп ўтмай, расман 2013 йилда унинг Қозоғистон ва Индонезиядаги чиқишидан сўнг бошланган ушбу ташаббус доирасида портлар, электр станциялари, темир йўллар, автомобиль йўллари ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, ўнлаб мамлакатларга юзлаб миллиард доллар сармоя киритиш кўзда тутилган эди. Шундай бўлди ҳам.

2019 йилдан бери илк марта ўтадиган “Бир макон, бир йўл” форуми олдидан Хитой ҳукумати барқарор ривожланиш модели сифатида ушбу дастур ютуқларини мақтаб, уни Ғарбга муқобил йўл сифатида кўрсатмоқда. Хитой ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро Иқтисодий масалалар бўйича директори Ли Кэсинь 10 октябрь куни журналистларга БМБЙ ташаббуси "эскича геосиёсий ўйинлардан устун туриши ва халқаро ҳамкорлик учун янги парадигма яратишини" айтди.

Кўплаб экспертлар таъкидлашича, БМБЙ камбағал мамлакатларга жуда зарур маблағлар берган, аммо бу ҳам уларга қимматга тушган. Сўнгги ўн йил ичида ушбу ташаббус коррупция, атроф-муҳит деградацияси ва глобал жанубда ўсиб бораётган қарз инқирозига ҳисса қўшаётгани ҳақида танқидлар янгради.

БМБЙ 2016 йилдан бери, айниқса, Черногориядаги қарийб 1 миллиард долларлик автомагистраль ва Шри Ланкадаги порт каби мезбон ҳукуматлар қарзни тўлай олмай қолган лойиҳалар билан боғлиқ кўплаб шов-шувли жанжаллардан сўнг лойиҳаларни молиялаштириш камайган.

Таҳлилчилар айтишича, бу муаммолар Пекинни таваккалдан қочадиган қилиб қўйган.

Октябрь ойида Бостон университетининг Глобал тараққиёт сиёсати маркази томонидан ўтказилган тадқиқот кўрсатишича, БМБЙ 2021 йилгача ривожланаётган мамлакатларга 330 миллиард доллардан ортиқ кредит ажратган ва Жаҳон банки бергандан кўпроқдир. Аммо тадқиқот кўрсатадики, Хитой кредитларини олувчиларнинг кўпчилиги ҳозирда умумий қарзларини тўлашда муаммога учраяпти ва хориждаги Хитой молиялаган кўплаб электр станциялари иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада оширмоқда.

Ушбу тўсиқларга қарамай, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси йўқолиб кетмайди, дейди Пантуччи. Унинг фикрича, Си Цзиньпин форумда ушбу танқидларга жавоб беришга уринади ва дастурни "Си ташқи сиёсий қарашларининг асосий қисми" сифатида мустаҳкамлайди.

Форумда нима бўлади?

Кўп йиллар давомида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси Хитойнинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларида марказий ўрин тутган ва, экспертлар таъкидлашича, Пекин “Бир макон, бир йўл” форумига жиддий қарайди.

Бунинг асосий қисми бутун дунёдан расмийларнинг катта делегацияси иштирокини таъминлаш бўлади.

Пекин ҳозирча расмий меҳмонлар рўйхатини эълон қилмаган, бироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги тадбирда “130 дан ортиқ давлат, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари” иштирок этишини айтди.

2017 йилда бўлиб ўтган биринчи форумда 30 та, 2019 йилги иккинчи форумда эса 37 та давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этган эди. Пекин “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 10 йиллигини нишонлаётгани муносабати билан бу рақамни кўпайтиришга интилиши табиий, бироқ баъзи мураккабликларга дуч келиши мумкин. Боз устига, бутун дунё бўйлаб кўплаб юқори мартабали амалдорлар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги инқироз билан машғул бўлиб қолган.

Европадан иштирокчилар келишини таъминлаш ҳам қийин бўлиши мумкин. Венгрия ва Сербиянинг пекинпараст ҳукуматлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Сербия Президенти Александр Вучич бошчилигидаги юқори даражали делегацияларни жўнатишларини айтган бўлса ҳам, яна кимлар иштирок этиши, айниқса, Европа Иттифоқи аъзолари орасида номаълум.

Иштирок этишини анча олдин тасдиқлаган жаҳон етакчиларидан бири Россия президенти Владимир Путин бўлиб, у Украина уруши бошлангандан кейин Хитойга илк сафарини амалга оширади ва Си Цзиньпин билан бир қатор муаммоларни, жумладан, машҳур газ қувури "Сибир кучи-2"ни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG