Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Водийни сел босди. Асакадаги сойдан оққан чиқиндилар "Қирғизистондан келган"


Наманганнинг Поп тумани Парда Турсин қишлоғидан оқиб ўтувчи ''Кенгқулсой'' сойига оқиб кетган машиналардан бири экани айтиляпти.
Наманганнинг Поп тумани Парда Турсин қишлоғидан оқиб ўтувчи ''Кенгқулсой'' сойига оқиб кетган машиналардан бири экани айтиляпти.

20 июль куни Наманган ва Андижонда ёққан кучли ёмғирдан сўнг бир неча туманларга сел келди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сел оқибатида бир нечта уйни сув босган, камида тўртта автомобиль оқиб кетган, бир нечта кўприк шикастланган.

Расмийлар сел оқибатида жабрланганлар ёки қурбон бўлганлар йўқлигини таъкидламоқда.

20 июль куни Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида дўл аралаш кучли жала ёғиши ортидан сел келиши кузатилди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) маълумотига кўра, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳар, Косонсой, Тўрақўрғон, Давлатобод ва Уйчи туманларида аҳоли хонадонларининг томорқалари ва ҳовлиларига сув кирган.

ФВВ сел оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар йўқлигини билдирди.

"Воқеа жойига Андижон ва Наманган вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармалари шунингдек, вилоят хокимликлари, ИИБ, МГ раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда ФВДТ хизматлари куч-воситалари жалб этилиб, сув оқими оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳоли томорқаларидан сувни чиқариш ишлари олиб борилди",- дейилади ФВВ хабарида.

Телеграмдаги uzb_meteo канали ҳисоб-китобича, Наманган шаҳридаги кузатув станциясида умумий миқдорда 25 мм ёмғир ёққан.

“Бу, бир гектар майдонга 250 тонна сув тушганини англатади. Бошқача қилиб айтганда, бу қиймат Наманган шаҳрида йил давомида ёғадиган умумий ёғиннинг 15% ини ташкил этади”,- дея ёзди uzb_meteo .

Водийдаги манбалар хабарига кўра, сел оқибатида жумладан, Наманган вилояти Косонсой тумани Қўқимбой қишлоғи Бўстон маҳалласи ва Андижон вилояти Андижон тумани Храбек қишлоғидаги айрим аҳоли хонадонларига сув кирган.

Кеча соат 20:10 дан бошлаб бир соат давомида Поп тумани Парда Турсин қишлоғидан оқиб ўтувчи ''Кенгқулсой'' сойи тошгани кузатилган. Сойга камида тўртта автомобил оқиб кетгани хабари тарқалди.

Наманганнинг Давлатобод тумани янги Юксалиш массивида ҳам кучли ёғингарчиликдан сўнг йўлларни сув босган.

Сел оқибатида Наманган шаҳри ҳудудидан кесиб ўтган 4Р-117 "Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ" автомобиль йўлининг 15 км ҳамда 4Р-112 "Фарғона ҳалқа йўли" автомобиль йўлининг 73 км қисмида жойлашган "Ташлама" кўпригини сув ювиб, хавфли ҳолатга олиб келган.

Бу ҳақда хабар қилган Наманган вилояти ИИБ ЙХХБ “Бу йўлларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланган. Юзага келган ҳолатлар бартараф этилмоқда”, - дея ёзди.

Тармоқларда тарқалган видеода водийдаги каналлардан бирида пластик ва бошқа чиқиндилар тўлиб оқаётгани акс этган.

Озодлик ушбу видеога оид тафсилотларни ўрганиш учун Экологик партиянинг Андижон вилоят бўлимига боғланди. Партия раҳбарларига кўра, Асака туманидан ўтган сойдаги ахлат чиқиндилари Қирғизистондан оқиб келган:

"Қирғизистоннинг Аравонидан ўтган, деб тахмин қиляпмиз. Аравонда жуда катта сел келган. Шу сел оқибатида бу ахлатлар Қирғизистондан оқиб ўтган. Буни ўргандик. Ахлат орасидаги баклашкалар, пакетларни мутахассислар текширди. Уларда ёзилган ёзувлардан маълум бўлишича, булар Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар. Лекин у ерда чиқиндихона оққанми ёки бошқа жойдаги ахлатларми бу? Буни ҳозир сизга айта олмайман. Асакадаги сойда кўприклар ёнига тўпланган қисмини йиғиштириб олдик. Лекин маълум қисми Қорадарёга тушди. Қорадарёда оқим катта бўлгани учун унга тушган ахлатлар оқиб кетди. Бу ахлатлар энди бориб Сирдарёга қуйилади. Уни имкони йўқ йиғиштириб олишни", -деди Экопартия мулозими.

Мулозим дарёга оққан чиқиндилар кўламини ҳисоблаш имкони йўқлигини таъкидлади.

Гидрометеорология хизмати маркази жорий йилнинг 21-23 июль кунлари мамлакатнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилиши ва сел келиши хавфи сабаб аҳолини огоҳ бўлишга чақирди.

Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳолини шу кунларда тоғли ҳудудларга дам олиш учун бормаслик ҳақида огоҳлантирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG