Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Вазир буйруғи билан жисмоний ва руҳий нуқсонли минглаб бола таълимсиз қолмоқда


1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги мавжуд 150 та кўп тармоқли ихтисослаш- тирилган мактабгача таълим ташкилотларининг 78 таси оддий "болалар боғчаси"га айлантирилади.

Мактабгача таълим вазирининг 27 ноябрдаги буйруғига биноан амалга оширилаётган бу ўзгаришдан жисмоний ва руҳий нуқсонли болаларнинг ота-оналари ҳам, бундай болаларни тарбиялаб келаётган педагоглар ҳам норози.

Онанинг айтганлари

Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи Б.Д. 7 яшар қизи М. учун шу кунда болалар боғчаси изламоқда. Бироқ қайси боғчага бормасин, рад жавобини олмоқда. Чунки М.га микроцефалия ташҳиси қўйилган, касаллик оқибатида у ақлий ривожланишдан ҳам ортда қолган. Шунинг учун ҳам Б.Д. қизини уч йил муқаддам Фурқат туманидаги 19- кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТ (Мактабгача таълим ташкилоти) га берган эди.

Қизим айта оладиган сўзлар сони эндигина 20 тага етди. Ноябрда 7 ёшга тўлган қизим қатнаган боғча биз учун сув билан ҳаводек зарур эди.

"Қизим айта оладиган сўзлар сони эндигина 20 тага етди. Ноябрда 7 ёшга тўлган қизим қатнаган боғча биз учун сув билан ҳаводек зарур эди. Чунки у ерда махсус мутахассислар бор. Уларнинг ёрдами билинаётганди. Энди нима қилишимни билмай турибман", - деди она.

Микроцефалиядан азият чекаётган қизидан бошқа бир ўғли бор Б.Д. ҳозир ҳомиладор, учинчи фарзандини кутяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки Бош прокуратурага арз қилмоқчи бўлиб турибмиз.

“Шу ҳолатимда боламнинг орқасидан ҳар куни идорама-идора, боғчама-боғча югуриб юрибман. Ўзимга ўхшаган бошқа оналар билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки Бош прокуратурага арз қилмоқчи бўлиб турибмиз. Ахир хаста бола ўстириш осонми?! Болаларимизга боғчанинг мутахассислари берган нарсани биз оналар бера олмаймизку?!”

Онанинг айтишича, қизи ҳеч йўқ, шу ўқув йили охиригача махсус боғчада тарбияланиши керак эди:

“Қизимда ўзгариш бор. Ўқув йили охиригача қатнаб турса, сентябрдан мактабга берармидим, деб ўйлаётгандим. Мана энди, ривожланиши тақа-тақ тўхтайдиган бўлиб турибди”.

Фурқатлик Б.Д.нинг қизи М. уч йил тарбияланган 19- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти Ўзбекистондаги 150 та шундай муассасадан биридир. Шулардан 78 таси Мактабгача таълим вазирининг 27 ноябрдаги буйруғига биноан “умумий турдаги мактабгача таълим ташкилоти”га яъни оддий болалар боғчасига айлантирилади.

Педагогларнинг айтганлари

Фурқатдаги 19-ихтисослаштирилган МТМда, тарбиячиларнинг биридан 14 декабрда олинган маълумотга қараганда, вазирнинг буйруғи чиқиши арафасида 66 нафар тарбияланувчи бўлган. 1 декабрдан буён болалар боғчага келмаяпти.

“Чунки ТППК (Тиббий психологик педагогик комиссия) вазирнинг буйруғи чиққанидан кейин ишламади. Одатда бу комиссия ривожланишдан ортда қолаётган болаларни текшириб, 6 ой ёки бир йиллик муддатга йўлланма берар, биз ўша ҳужжат асосида қабул қилар эдик”.

Бизда нутқи нуқсонли, оғир нуқсонли, Даун синлромли, ақлий ва психик ривожланишдан ортда қолган, таянч-ҳаракатланиш тизимида нуқсонли болалар тарбияланади, ривожлантирилади, даволанади”.

19- МТТнинг яна бир педагогининг айтишича, бу муассасада “Нутқи нуқсонли, оғир нуқсонли, Даун синдромли, ақлий ва психик ривожланишдан ортда қолган, таянч-ҳаракатланиш тизимида нуқсонли болалар тарбияланади, ривожлантирилади, даволанади”.

“Бизнинг болаларни оддий боғчалар қабул қилмайди. Қабул қилган тақдирдаям, бизникилар соғлом болалар орасида қийналади”, - қўшимча қилди педагог.

14 декабрда Озодлик саволларига жавоб берган 19- МТТ педагогларнинг айтишича, бу муассасада шу кунда 32 педагог ва бошқа 40 дан зиёд ёрдамчи ходим – ҳаммаси бўлиб 80 киши ишлайди. “Вазиримизнинг буйруғи билан оддий боғчага айлансак, 60 га яқин киши ишсиз қоламиз”, - деди педагог. У 60-70 нафар тарбияланувчига мўлжалланган муассасада 80 ходим ишлашини боғчанинг ётоқли экани билан изоҳлади.

60 га яқин киши ишсиз қоламиз.

Педагоглар билан суҳбатлардан яна маълум бўлишича, ихтисослаштирилган МТТлар бепул бўлган.

Озодлик 19- МТТ мудири билан ҳам боғланишга уриниб кўрди. Бироқ педагогларнинг айтишича, мудир ходимларига “мени аралаштирманглар” деб айтган.

Буйруқдаги гаплар

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Мактабгача таълим вазирининг 27 ноябрдаги буйруғидан Ўзбекистонда жисмоний ва психик нуқсонли болалар тарбияланадиган 150 та МТТ мавжуд бўлгани маълум бўлди. Вазирнинг буйруғига биноан, шулардан 52 таси ўз мақомида қолади, 78 таси мақомини ўзгартиради – оддий “болалар боғчаси”га айлантирилади. Айни пайтда бир муассаса– Жиззахдаги 36- МТМ ихтисослаштирилган “болалар боғчаси”га айлантирилади.

Вазир ўз буйруғи билан амалга ошираётган бу ўзгаришларни “кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” деб атаган.

Мактабгача таълим вазири буйруғи.
Мактабгача таълим вазири буйруғи.

Агар 19- МТТ да 66 тарбияланувчи бўлгани ҳисобга олинса ва бу кўрсаткич ўртача деб тахмин қилинса, 78 та боғчада 5000 нафар атрофида дефектологлар ёрдамига муҳтож ўғил-қиз бўлгани тушунилади. Вазир буйруғида булар 1 январдан кейин қаерга бориши, улар билан шуғулланган мутахассислар нима иш қилиши айтилмаган. МТТларнинг профили ўзгартирилиши туфайли иқтисод қилинадиган маблағлар профили ўзгармайдиган МТТларга йўналтирилиши айтилган, бироқ уларда тарбияланувчилар ва тарбиячилар учун қўшимча ўринлар яратилажаги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Озодлик бу ҳолатлардан пайдо бўлган саволларга Мактабгача таълим вазирлигидан жавоб ололмади. Вазирлик телефон оператори ҳар гал "айнан шу масалани биладиган мутахассис"ларга улашга уринаверди, бироқ кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Инклюзив таълим?

Вазир буйруғи замирида ётган сабаблардан энг позитиви ҳам шубҳа уйғотаётгани тўғрисида ихтисослаштирилган МТТлардан бирининг дефектологи (исми ҳам, иш жойи ҳам айтилишини истамади) бундай деди:

“Инклюзив таьлимни, яъни соғлом болалар орасига махсус ёрдамга муҳтож болаларни қўшишни йўлга қўйишмоқчи. Лекин кимдир бундай таьлимни синаб кўрдими? Йўқ. Шунинг учун имконияти чекланган болалар учун МАХСУС боғчалар қолиши муҳим, деб ўйлайман”.

19 ноябрь куни бўлиб ўтган халқаро веб-форумда Зироат Мирзиёева ногирон болаларнинг таълими, уларга инклюзив муҳитни яратиш ва бунда пайдо бўлаётган тўсқинликлар ҳақида нутқ сўзлаган эди. «Zamin» Халқаро фонди Васийлик кенгаши раиси ногиронлиги бўлган болалар таълими масаласи ҳанузгача жуда ачинарли аҳволда эканлигини таъкидлаган.

"Болалар ҳар хил бўлгани билан уларнинг ҳуқуқлари тенг бўлиши лозим. Шу сабабли, таълим жараёнларида ҳар бир бола учун индивидуал ёндашувни топиш, ҳеч бир ўғил ва қизни эътибордан четда қолдирмаслик зарур!", - деган Зироат Мирзиёева.

XS
SM
MD
LG