Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Тарбиячининг болаларни калтаклаши видеоëзувга тушди. Оналар чора кўрилишини сўрамоқда (ВИДЕО)


Кузатув камералари боғча болаларини калтакланишдан ҳимоя қила олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00

16 октябрь куни кузатув камерасига ëзилган видеотасвир.

Озодликка тақдим этилган видеотасвирларда мактабгача таълим муассасаси тарбиячисининг болаларни калтаклаётгани акс этган.

Видеоларни Озодликка жўнатган ота-оналарнинг иддаосича, улар (видеотасвирлар) Хоразм вилоят, Урганч туман марказида жойлашган 2-МТМ да кейинги 10 кун давомида кузатув камерасига тушган.

Ота-оналарнинг айтишича¸ кузатув камераси хотирасида сақланадиган 15 кунлик ëзувларда 4 яшар болалар гуруҳига тарбиячилик қилаëтган Севара Султонованинг болаларни чизғич билан уриши¸ қаттиқ чимчилаши¸ шунингдек, болаларга овқат бермасдан¸ соатлаб телефонда гаплашиб ўтириши акс этган.

Озодлик гаплашган ота-оналар¸ бундай тасдиқларга қарамай¸ туман мактабгача таълим бўлими раҳбарини тарбиячига тегишли чора кўриш ва уни болалар тарбиясидан четлатиш сўровини писанд қилмай келаëтганликда айблади.

Севара Султонова Озодликка “Манга қаранг¸ давлатнинг боғчаси деб мани ким ëмонлаған бўлса¸ ман шу одам билан ўзим гаплашажак еримда гаплашаман. Бўлди энди” деди.

На Мактабгача таълим вазирлиги ва на унинг ҳудудий бўлимлари ахборот хизматлари рақами жамоатчиликка очиқланмагани боис¸ Озодлик бу тизим мутасаддилари билан боғланиб¸ улардан изоҳ олишга муваффақ бўла олмади.

Боғчадан момоталоқ бўлиб қайтаëтган болалар

Озодликка Урганч туманидаги 2-боғчада болаларнинг калтакланиши сурункали тус олгани ҳақида хабар юборган ота-оналар ўзлари ва болалари шахси очиқланмаслигини сўради.

Боламиз боғча опа ҳақида шикоят қилса¸ бу боғчада уларни янаям қаттиқ жазолашади. Қизчалардан биттаси тарбиячи ўзини расм чизишга қўймасдан¸ яккалагани ҳақида онасига айтиб берган. Онаси боғчага бориб бу ҳақда шикоят қилса¸ ўша қизчани қўрқитиб¸ бир кун овқат бермасдан жазолашган. 3 яшар болаларга стул кўтартириб¸ овқат бермагани ҳақида шикоятлар бўлди. Охири¸ болага баттар бўлди. Болаларимизни янаям ëмонроқ жазолашлари мумкинлигидан исмимизни очиқлашни истамаймиз”¸ деб изоҳлади бундай сўров сабабини Озодликка гапирган оналардан бири.

Озодликка юборилган видеоëзувларда 20 нафардан ошиқ бола қарамоғига топширилган ëш аëлнинг¸ аввалига уларни қаровсиз қолдиргани¸ сўнгра эса ҳаммасини бир чеккадан чизғич билан уриб чиққани акс этган.

Боғчада ўрнатилган видеокузатув камераси бу воқеалардан бирининг 16 октябрь куни тонгги соат 9 дан бошланганини кўрсатади.

Болам уйга ҳадеб қўл-оëқлари кўкариб келаверди¸ сўрасам¸ гапиришга қўрқади. Боғчада уларни уйга бориб боғчадаги нарсаларни айтсанг¸ жазо оласан¸ деб қўрқитишаркан. Бошқа болаларнинг оналари билан гаплашсам¸ улар ҳам болаларининг момоталоқ бўлиб келганини айтди. Биз тўпланиб боғча мудираси Лайло Қодированинг олдига бордик. Видеокамерадаги ëзувларни олдириб¸ бизга кўрсатишни талаб қилдик. Камера хотирасига 15 кунлик ëзув сиғаркан¸ кўрсак¸ Севара Султонова болаларимизми бўлар-бўлмасга линейка билан ураркан¸ уларни қаттиқ чимчиларкан. Тарбиячи асосий вақтини гап сотиш ва телефонда ўтириш билан ўтказаркан” деди 2-боғчага қатновчи болалардан яна бирининг онаси.

Озодлик гаплашган ота-оналар¸ тарбиячининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари видеотасдиғини топганига қарамай¸ унга ҳеч ким чора кўрмаëтганидан қаттиқ ташвишда эканларини айтди:

Севара Султоновага мудиранинг кучи етмаяпти¸ уни туман МТБ бошлиғи Дилфуза Бекиева қўйган ва ҳамма нарсани бости-бости қилаяпти. Бу аëлни болаларнинг яқинига йўлатиш мумкин эмас. Лекин шикоят қилганни “у қиламан¸ бу қиламан¸ орқамда одамларим бор” деб қўрқитади”. Ҳокимликдан то МТБ раҳбарларига қадар бу тарбиячига чора кўришни истамаëтир” деди Озодлик гаплашган оналардан бири.

2-боғча кузатув камераси ëзувларидан нусха олингани айтилган видеотасвирларда Султонованинг бошқа кунлари ҳам қўлида линейка билан болаларни уриши¸ ҳатто расм чизиб жим ўтирганларни ҳам уриб кетиши акс этади.

Тарбиячи билан телефон суҳбати – “хўжайиннинг таҳдиди”

Озодлик 3-4 ëшдаги болаларга нисбатан бундай муносабатни изоҳлашини сўраб¸ Урганч туманидаги 2-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Севара Султонованинг ўзи билан боғланди.

Озодлик саволини эшитган Султонова¸ уни дарҳол эркак кишига узатди.

Ўзини “ман Севаранинг ари Султонбойман”¸ деган эркак Озодлик мухбирига сансираган ҳолда дўқ қилишга ўтди.

Қайси журналист бўлсангам Хоразма¸ Урганча бир гал¸ сан билан законний гаплашиб оламиз”¸ деди жумладан Султоновадан сўралган саволга пўписа билан жавоб қилган эркак.

Озодлик мухбирининг савол Султонованинг давлатга қарашли мактабгача таълим муассасасидаги фаолияти билан боғлиқлиги ва бу саволга унинг ўзи жавоб бериши лозимлигини тушунтириши ортидан телефонни яна Султонованинг ўзи олди.

Манга қаранг¸ давлатнинг боғчаси деб мани ким ëмонлаған бўлса¸ ман шу одам билан ўзим гаплашажак еримда гаплашаман. Бўлди энди” деб суҳбатни узиб қўйди Севара Султонова.

Бу суҳбат ортидан Озодлик қайта боғланган урганчлик оналар¸ Султоновага эътироз билдирганларнинг ҳаммаси шу тахлит таҳдид ва пўписага учрашини таъкидлади.

Жамоатчиликка ëпиқ вазирлик

Озодлик 24 октябрь куни Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддиларидан бу воқеага изоҳ олишга ҳаракат қилди.

Бу ҳаракат давомида на вазирлик мутасаддилари ва на унинг ахборот хизмати¸ президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги талабларига қарамай ОАВлар учун ëпиқ қолаëтгани аëн бўлди.

Айни шунингдек¸ вазирликнинг на Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва на Урганч туман бўлими телефон рақамлари очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Вазирлик ва унинг бўлимлари учун берилган ягона ишонч телефонига ажратилган рақамлар (+998 71 239 33 79/ +99862) 12-34-456 ) ë тармоқда йўқ¸ ëки ҳеч ким кўтармайдиган бўлиб чиқди.

Ўзбекистон президентининг иккинчи қизи Шаҳноза Мирзиëева жорий йил Мактабга таълим вазирлиги Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Вазирлик ва унинг раҳбарлари мамлакат мактабга таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш¸ уни ривожланган давлатлар¸ хусусан¸ Жанубий Корея моделига яқинлаштириш ҳақида гапириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG