Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:44

"Бети қаттиқ тизим". UzIMEI Ўзбекистонни "орқага тортаётгани"ни рад этиб чиқди


UzIMEI тизими Жаҳон Банки эксперти ва маҳаллий блогерларнинг "кераксиз" ва "бюрократик" деган танқидларини рад этиб чиқди.

31 январь куни расмий Телеграм-каналидаги баёнотда UzIMEI "Ўзбекистон ҳудудига расмий олиб келинган мобил қурилмалардан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо йўқ"лигини таъкидлаган.

Аввалроқ Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги эксперти Винаяк Нагараж UzIMEI "Ўзбекистонни олдинга эмас, орқага тортаётгани"ни айтиб, бир кун бу "тушунарсиз бюрократик тизим"га барҳам берилишига умид қилишини айтган эди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагаражга кўра, UzIMEI тизими фуқароларга ноқулайликлар туғдиришдан ташқари технологияларни жорий этиш ва уларни кенг қўллашга халал беради. Ҳолбуки, дунёда IOT (The Internet of things) иқтисодиётнинг барча соҳаларида, хусусан, қишлоқ хўжалигида интенсивликни кучайтиришга хизмат қилади.

"Давом эттиришим мумкин, аммо бу менинг ҳар йиллик ҳафсалам пир бўлиши намунасидир. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва унинг салоҳияти борасида умидим катта. Қисқа муддат ичида жуда кўп нарса ўзгарди. Шунинг учун ҳам UzIMEI тизимидан юрагим оғрийди”, дейди Жаҳон банки эксперти.

Мамлакатда телекоммуникация ислоҳотларини самарали йўлга қўйиш ва телефонларнинг UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтиш сингари мураккаблаштирилган тизимидан воз кечиш борасидаги фикрларини баён этган эксперт, Ўзбекистонда мулоқот эркинлигига раҳна солмайдиган тизим тарафдори эканини баён қилади.

Жаҳон банки эксперти танқиди янграб турган бир пайтда, тизимнинг Телеграм-каналида расмий баёнот берилди.

Унда Ўзбекистон ҳудудига расмий олиб келинган мобил қурилмалардан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо йўқлиги, чунки "бундай мобил қурилмалар Давлат чегарасини кесиб ўтганда божхона кўригидан ҳамда IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилиши” урғуланган.

Баёнотда қайд этилишича, истеъмолчига SIM слот ёки eSIM слот рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

“2021 йилда республикамизга расмий равишда 3 млн. дан зиёд бундай қурилмалар олиб кирилган бу дегани шунча истеъмолчи харид қилган қурилмани рўйхатдан ўтказмайди. Бироқ норасмий (контрабанда йўли билан) олиб кирилган қурилмалар истеъмолчиларга дарду сард бўлади”, дейилади баёнотда.

Иккинчи SIM слот ёки eSIM слотини руйхатдан ўтказишда ҳам муаммо мавжуд эмас, бугунги кунга қадар 2 млн.тадан зиёд иккинчи SIM слот ёки eSIM слот муаммосиз рўйхатга олинган, деб таъкидланади, UzIMEI тизими ижтимоий саҳифасида 30 январь куни пайдо бўлган баёнотда.

UzIMEI тизими ва унинг танқидларга муносабати ўзбекистонлик таниқли блогерлар томонидан ҳам кескин танқид қилинмоқда.

Жумладан, Шаҳноза Соатова бу тизимни “бети ҳам, орқаси ҳам қаттиқ экан” дея танқид қилди:

“UzIMEI нинг бети қаттиқ демаганмидим? Мана берган муносабати.
"Муносабат бердингми?" "Бердим" "Нима деб?" "Аллаёё-алла"...
Қўйилган биронта саволга жавоб йўқ, келтирилган аниқ фактлар қуруқ гап билан рад этилган, "ҳамма аҳмоқ, биз ақлли", ҳаммаси жойида, муаммо йўқ, тинч ухланг дейишибди. Шунча пулни нима қиляпсизлар?”, деб тизим раҳбариятини саволга тутади блогер Шаҳноза Соатова.

Ўзбекистон Адлия вазирининг маслаҳатчиси бўлган блогер аввалроқ қўйилган постида:

"IMEI кодлар рўйхатдан ўтказиш учун пул тўлаган истеъмолчи бунинг эвазига нима оляпти? Бевосита шу тўлаган пули учун нима хизмат кўрсатиляпти қўшимча??? Тизим бюджети эса ёпиқ, неча пул тушяпти, қаерга кетяпти - билиб бўпсан! Нимага ўзи бу тепаликка чиққандик? ”, деган саволларни ҳам ўртага ташлаганди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари хос IMEIларга эга бўлмаган мобил қурилмалари орқали ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши, мобиль қурилмалари сотиш билан боғлиқ ҳолатларда солиқ юкидан бўйин товлаш ҳолатлари тез-тез учраётганини иддао қилиб келади.

Шунингдек, соҳада катта миқдорда контрабанда билан боғлиқ ҳолатларнинг фош этилганига эътибор қаратади.

Ўтган йили жаҳон матбуотида Ҳиндистонда 13 500 дона Vivo смартфони биргина IMEI кодидан фойдалангани билан боғлиқ воқеа катта шов-шув бўлганди.

XS
SM
MD
LG