Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

OzodDayjest: “UzAuto Motors”ни ҳимоя қилган депутат машина харид қилишга ўзининг ҳам қурби етмаслигини айтди


“Миллий тикланиш” партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров

Монопол автоширкатни ҳимоя қилган сиёсатчининг ўзи ҳам машина сотиб ололмаяпти. Карантин зоналарида фуқаролар паспорт маълумотларидан ноқонуний фойдаланган жиноий тўдалар фош қилинди. ЮНИСЕФ таълим харажатлари ўзбекистонлик талабаларда стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотаётганини қайд этди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Депутат Алишер Қодиров шахсий машина сотиб олишга маоши етмаслигини қайд этди

“Миллий тикланиш” партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров шахсий машина харид қилишга маоши етмаслигини маълум қилди (www.xabar.uz, 4 январь). “Шахсий машинам йўқ. Пулим етмайди машина олишга. Хизмат машинаси – “Малибу 2”, деган А. Қодиров Troll.uz каналига берган интервьюсида. Партия етакчиси барча мукофот пуллари билан бирга ойлик даромади 5 миллион сўм, соф маош 3,8 миллион сўм атрофида эканини айтган.

Қайд этиш жоизки, “Миллий тикланиш” партияси раиси А. Қодиров монопол мавқедаги “UzAuto Motors”ни қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилиб келаётган кам сонли депутатлар сирасига киради. Хусусан, у автомобиль ширкатини судга берган аксилмонополия қўмитасини “UzAuto Motors” обрўсига путур етказишда айблаган. Аксилмонополия қўмитаси эса монопол ширкат автомобиль нархини асоссиз оширган, деб ҳисоблайди.

“Автомобилни ҳар йили 300 мингга яқин одам сотиб олади. Биз 300 минг одамнинг манфаатини кўзлаб, 35 миллион халқ яшаётган мамлакат иқтисодиётини хавфга қўя олмаймиз”, деган А. Қодиров.

“Миллий тикланиш” раҳбарининг “UzAuto Motors”ни танқидлардан ҳимоя қилишга уриниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. У 2020 йил март ойида автомобиллар нархи ошган пайтда ҳам жамоатчилик фикрига қарши чиққан эди.

“Жиноий гуруҳда фаррошдан тортиб мансабдоргача бор” – “IMEI иши” бўйича тафсилотлар очиқланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Бахтиёр Сулаймонов фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, улардан мобил қурилмаларда IMEI кодларини киритишда фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганини маълум қилди (www.gazeta.uz, 4 январь).

“Бу бўйича расман 7 мингга яқин ҳолат аниқланган. Балки бундан ҳам ошар, чунки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда ”, деган Б. Сулаймонов.

ИИВ вакилига кўра, уюшган жиноий гуруҳ таркибида карантин зонада ишлаган оддий фаррошдан тортиб мансабдор шахсгача бор. Ушбу жиноят республика бўйича барча карантин зоналарида ҳамда божхона чегара пунктларида кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда чет элдан келган фуқароларнинг паспорт маълумотлари ўғирланиб, бошқа телефонларга UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказилаётгани бўйича шикоятлар кўпайган эди.

ЮНИСЕФ: “Таълим харажатлари ўзбекистонлик талабаларда стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотмоқда”

ЮНИСЕФ ташкилоти “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида тайёрланган “Ўзбекистон ёшлари: чақириқлар ва истиқболлар” мавзусидаги ҳисоботини эълон қилди, деб хабар қилди қатор матбуот нашрлари.

Ҳисобот республика бўйича 14-30 ёш оралиғидаги 4458 нафар респондент орасида ўтказилган сўров хулосалари асосида ёзилган.

Сўров жараёнида талабалар ўқув тизими кўпроқ мотивация уйғота олувчи, амалиётга йўналтирилган бўлиши истагини билдирган.

“Кўплаб талабаларда таълим билан боғлиқ харажатлар стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотади. Ёшлар бу харажатлар cирасида репетиторлик машғулотлари учун тўлов, пора бериш ҳолатлари, ОТМларда ўқиш тўловларининг юқорилигини кўрсатганлар”, дейилган ҳисоботда.

Қайд этилишича, уй ва оила юмушлари, янги иқтисодий имкониятлар излашда сафарбарликнинг пастлиги ёш аёлларнинг шахсий даромадига эга бўлишига тўсқинлик қилади. 19-30 ёшлилар орасида таълимни, касбий тайёргарликни давом эттирмайдиганлар ва ишламайдиганлар улуши 54,6 фоизини ташкил қилади. Бу борада аёлларнинг улуши сезиларли даражада юқори – 74 фоиз.

Ёшларнинг компьютерни ўрганишга қизиқиши юқори бўлса-да (86,9 фоиз), компьютерда умуман ишлай олмайдиган ёшлар – асосан хотин-қизлар ва қишлоқ аҳолиси ҳам (37,8 фоиз) кўпчиликни ташкил этади.

Тадқиқотда қатнашганлар ишсизлик ва даромадлар пастлигига қарши зарур чоралар кўрилиши лозимлигини урғулаган.

Аввалроқ ЮНИСЕФ Ўзбекистонда имконияти чекланганлар билан боғлиқ қонунчилик халқаро талабларга тўлиқ мос келмаслигини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG