Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Аҳолини мажбуран Humo картасига ўтказиш бу тўлов тизимини хусусийлаштиришга ҳозирлик сифатида кўрилмоқда


Ўтган ҳафта Humo тўлов тизимида кузатилган узилишлар маош ва нафақаси Humo картасига ўтказилган ўзбекистонликлар¸ айниқса¸ пандемия даврида пенсиялари пластик карталарга ўтказилган пенсионерларни танг ҳолда қолдирди.

Кейинги кунлар давомида Озодликка пенсияси ўзидан сўралмасдан 100 фоиз Humo картасига ўтказилган пенсионерлардан келаëтган мурожаатлар кескин кўпайди.

11 май куни пенсияларни тўлаш учун масъул бўлган Халқ банки Бошқаруви раиси пенсияларнинг Humo пластик картасига ўтказилиши пандемия давридаги вақтинча чора экани ва 20 майдан бошлаб¸ пенсионерларга Uzcard ëки Humoдан бирини танлаш имкони берилишини билдирди.

Озодлик гаплашган айрим банк тизими мулозимлари эса¸ 2020 йилдан бошлаб аксар аҳолини Humo карталарига ўтказиш жараëни ортида бу тўлов тизимининг яқин келажакда хусусийлаштирилишига ҳозирлик ëтганини иддао қилди.

Бу мулозимлар¸ Humo тўлов тизими инфраструктураси силлиқ ишлашга ўтиши билан¸ унинг ҳокимият юқори тизимларига алоқадор шахсларга хусусий қилиб берилиш эҳтимоли кучли эканини таъкидлади.

Humo тўлов тизими ҳозирча Марказий банк тасарруфидаги МЧЖга қарашли.

Humoнинг ишламай қолгани эътироф этилди

Озодликка ўтган ҳафта турли вилоятлар¸ қолаверса¸ Тошкент шаҳридан келган хабар ва суратларда карантин пайтида Humo картасининг ишламаëтгани¸ бунинг оқибатида айниқса¸ ижтимоий жиҳатдан муҳофазасиз қатлам – пенсионерларнинг ўз тирикчилиги учун зарур нарсаларни сотиб олиш имконидан маҳрум қолгани айтилди.

Махсус комиссия қарори билан барча пенсионерларга Humo пластик картаси тарқатилди. Лекин муаммо шундаки, Humo пластик картаси аксар дўконларда ишламайди, пулни нақдлаштириш учун банкоматлар ҳам кам. Ёши бир жойга борган пенсионерлар вирус тарқалган бир пайтда 6-7 км пиёда юриб банкомат қидириши керак! Қўшнилар “Халқ банки”га борган экан, юзлаб одамлар навбатда турибди. Ахир, ишламас экан, нега пенсионерларни Humo пластик картасига ўтказишди?”¸ дейилади Озодликка Нукусдан келган хабарда.

Бундай эътирозларнинг давлат идораларига ҳам ниҳоятда кўпайгани ортидан¸ Озодлик гаплашган банк тизими мулозимига кўра¸ Хавфсизлик кенгаши Марказий банк¸ Пенсия жамғармаси ва Humo тўлов тизими мутасаддиларидан вазиятга оид жамоатчиликка изоҳ беришни талаб қилган.

“Миллий банклараро процессинг маркази” раҳбари Шуҳрат Қурбонов маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда “транзакция операциялар ҳажмининг кескин ортиб кетиши “Humo” тўлов тизимида шу йилнинг 7-8 май кунлари “қисқа муддатли юкламаларни келтириб чиқаргани" учун узр сўради ва соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда муаммо қисқа муддатда ҳал этилганини маълум қилди.

Пенсиялар яна Каримов давридаги каби пластикка ўтказиладими?

Ижтимоий тармоқ¸ хусусан¸ молия-иқтисод соҳасини ëритувчи блогерлар пенсияларнинг пластик картага ўтказилишини уч йил олдин қабул қилинган президент қароридан орқага чекиниш эканига алоҳида урғу қаратди.

"Иш ҳақи, пенсия ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида"ги қарорда 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсияларнинг бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши белгиланган эди.

Пенсионерларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган биринчи жиҳат¸ карантиндан фойдаланиб бу қарор ижросининг де-факто бекор қилингани, иккинчиси эса¸ пенсиянинг аксар чакана савдо жойларида ишламайдиган Humo карталарига мажбурий ўтказилгани бўлди.

11 май куни Ўзбекистонда пенсия тарқатишга масъул бўлган “Халқ банки” раиси пенсияларнинг пластик карталарга ўтказилиши пандемия шароитидаги вақтинчалик чора эканини билдирди ва 20 майдан бошлаб пенсионерларга UzCard ëки Humo картасидан бирини танлаш имкони берилиши¸ пенсионерлар сўрови билан “Humo”дан “Uzcard”га ҳеч бир тўловларсиз алмаштирилишини маълум қилди. Айни пайтда мулозим вақтинчалик чора”нинг қанча муддат амалда бўлишига ойдинлик киритмади.

Марказий банк: Humo тўлов тизими йўлга қўйилган¸ унинг ишлаши учун ҳар бир мижоз ҳисса қўшиши лозим!

Озодликка бюджетдан ойлик олувчилар¸ пандемия даврида эса¸ пенсионерларнинг ҳам ўз ихтиëрисиз Humo пластик картасига ўтказилгани ҳақидаги шикоятлар моҳияти бу карталарнинг дўкон ва аптекаларда¸ хизмат кўрсатиш жойларида терминал йўқлиги боис қабул қилинмаслиги¸ Humo картасидан бошқа картага пул ўтказиш, нақд пул ечишнинг муаммолигича қолаëтганидир.

12 май куни Озодлик билан суҳбатда Марказий банкнинг тўлов тизимлари учун мутасаддиси¸ бундай вазият учун Humo тизими эмас¸ балки кўпроқ тадбиркорлик субъектлари айбдор эканини таъкидлади.

Humoнинг текис ишлаши учун инфратузилма тайëр. Мамлакат бўйича 185 мингта терминал тарқатилган¸ аммо амалда улардан 51 мингтаси ишлаяпти¸ холос. Дўкон ва хизмат соҳасидагилар қолган 130 мингга яқин терминални ишлатмай¸ сейфига солиб қўйган. Сабаб¸ уларга НДС ва солиқдан қочиш учун нақд пулда савдо қилиш афзал. Ҳозир бу вазият ўрганиляпти. Лекин Humo мижозларининг ўзи ҳам вазиятни яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин. “Тўлов тизимлари” ҳақидаги қонуннинг 36-моддасида якка тартибдаги тардбиркор ҳам¸ юридик шахсларнинг ҳам тўловларни банк карталари орқали қабул қилиши шарт¸ деб белгиланган. Агар дўкондор терминалим йўқ деса¸ карта эгаси ўша жойнинг ўзида солиқ органларига мурожаат қилиши керак. Бундай тадбиркор Солиқ кодексининг 221-моддасига асосан¸ суд қарорисиз¸ ўша жойнинг ўзида 5 миллиондан 20 миллионгача жаримага тортилади. Ана шунда¸ терминалим йўқ¸ деган ëлғон баҳоналар камайиб¸ Humo ишлаб кетади”.

Humo тўлов тизими хусусийлаштириладими?

2019 йил май ойидан муомалага чиқарилган Humo тўлов тизими таъсисчиси 2014 йили Адлия вазирлигида рўйхатга олинган “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖсидир. Бу МЧЖнинг ягона таъсисчиси эса¸ Марказий банкка қарашли “Ахборотлаштириш бош маркази” давлат унитар корхонасидир.

Расман Марказий банкка тегишли бўлган Humo тўлов тизими¸ 2004 йилдан то 2019 йил майига қадар Ўзбекистонда банклараро ягона тўлов тизими бўлиб келган Uzcard тўлов тизими монополиясига барҳам бериш иддаоси билан жорий қилинди.

Uzcard тизими таъсисчиси¸ Ўзбекистон банк сектори мулозимлари таъкидича¸ собиқ МХХнинг собиқ раиси генерал Рустам Иноятов оиласига алоқадор "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЖСидир. Бу МЧЖнинг расмий мулкдорларига оид маълумот Uzcard расмий сайтида йўқ.

Айни пайтда¸ 2020 йилдан ўзбекистонликларни ëппасига Uzcard карталаридан Humo тизимига маъмурий босим остида ўтказилаëтганини шарҳлаган айрим Тошкент мулозимлари¸ бу тўлов тизими ортида янги ҳокимият амалдорларига яқин шахслар манфаати турганини иддао қилмоқда.

12 май куни Озодлик гаплашган бир неча банк мулозими¸ Марказий банк тасарруфида қолаëтган Humo тизимига маъмурий босим воситасида ўзбекистонликларни ëппасига ўтказиш жараëни учун муайян муҳлат берилганини билдирди.

Мен ўзим кўрган Вазирлар Маҳкамасининг ички буйруғида жорий йилнинг ярим йили ичида пластик карта фойдаланувчиларининг камида 50 фоизини Humo тизимига ўтказиш буюрилган. Бу жараëн тугаганидан сўнг¸ Humo тизими хусусийлашади¸ деган тахминлар мавжуд. Аммо ҳозирча бундай ҳужжатни шахсан ўзим кўрмадим. Uzcard хусусий МЧЖга қарашли ва бу тизим ҳозиргача ҳаводан пул қилиб келди¸ қайсидир маънода. Пластик карталарнинг ҳам хавфсизлик¸ ҳам молиявий жиҳатдан қандай қудратли восита эканини тушунган янги элита вакиллари буни ўз қўлига олишга интилиши турган гап. Шу маънода¸ Humo тизими яқин келажакда Марказий банкдан олиниб¸ хусусий шахс ва гуруҳларга берилиши ҳақидаги тахминлар яшашга мутлақ ҳақли”¸ деди Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан бири.

12 май куни Озодлик Марказий банкнинг тўлов тизимлари бўйича мутасаддиларидан бундай тахминларга муносабат сўради.

Бу расмийлар¸ Humo тўлов тизимининг яқин орада хусусийлаштирилишига оид тахминлардан мутлақ бехабарлигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG