Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Ҳокимдан калтак егани иддао қилинаëтган яна бир фермер ўзини осиб ўлдирди


Қашқадарё вилояти Косон туманида фермерлик қилиб келган Ўктам Эшмуродов сешанба куни даласидаги шийпонда ўзини осди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган суиқасд тафсилотларига яқин косонликлар иддаосича, 43 яшар фермер буғдой режасини бажара олмагани учун ҳокимдан калтак еганидан сўнг ўзини ўлдирган. Озодлик боғланган Косон тумани ҳокими бу иддаони инкор қилди.

Косон туманининг Оқтепа қишлоғида яшаган 43 яшар фермер Ўктам Эшмуродов 18 июль куни ўз жонига қасд қилди.

Бу ҳақда хабар берган косонлик фермерлардан бирининг айтишича, Эшмуродов буғдой режасини бажара олмагани сабабли ҳокимдан калтак еганидан сўнг дала шийпонида ўзини осган.

“Ўктамнинг буғдойи бу йил яхши ҳосил бермади. Режани бажаришга 15 тонна етмади. Фермернинг ўғлини айтишича, туман ҳокими унинг даласига бориб, ғаллани жойига қўйишини, акс ҳолда қаматишини айтиб, дўқ қилган. Ҳоким билан фермер қаттиқ тортишиб қолиб¸ ҳоким уни урган. Аламига чидай олмаган Ўктам ўша куни кечаси дала шийпони тўсинига ўзини осган”, дейди фермер.

Оқтепа қишлоғида яшайдиган бошқа бир фермер ҳам Ўктам Эшмуродовнинг ҳокимдан калтак егандан сўнг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади.

“Ҳоким Ўктамни бир шапалоқ уриб, қаматаман деб кетган экан. Ўша куни у ўғилчаси билан шийпонда ётиб қолган экан. Шийпоннинг тўсинига осилиб турганини эрталаб ўғилчаси кўрибди. Айтишларича, ўликни экспертиза қилишибди, унинг ўлимига ҳокимнинг алоқаси йўқлигини айтишибди. Яна менинг эшитганим шуки, Ўктамнинг қизи ҳокимнинг юзини тирнаб ташлаган эмиш. Лекин буни ўзим кўрганим йўқ”, дейди Ўктам Эшмуродовни яхши таниган косонлик фермерлардан яна бири.

Бу суҳбатдош, фермернинг ўз жонига қасд қилгани юзасидан Косон тумани прокуратураси текширув бошлаган¸ аммо бу суиқасд юзасидан жиноий иш очилган-очилмаганидан бехабарлигини қўшимча қилди.

Туман прокуратурасидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади - прокуратура телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражапов фермернинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлар экан, ўзининг бу воқеага алоқаси йўқлигини айтди.

Озодлик мухбирининг: "Сиз Эшмурородовни урганингиздан кейин¸ у ўзини осиб қўйибди? Шунақа воқеа бўлдими?" деган саволига туман ҳокими:

- Бунақа гапни қаердан топасизларе, нима менинг (фермерни уришдан - таҳр.) бошқа ишим йўқми? Илтимос, бундан кейин бу масалада мени бошқа безовта қилманг, деб мобил алоқани узиб қўйди.

Озодлик мухбирининг ўз жонига қасд қилган Ўктам Эшмуродов яқинлари билан боғланиш уринишлари ҳозирча самарасиз қолди.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражаповнинг бундан аввал ҳам, жорий йилнинг 14 май куни президент порталига арз қилган Бекзод Ҳусеновни урганлиги иддао қилинган эди.

Бахтиёр Ражапов 2015 йилнинг ноябрь ойидан буён Косон туманига ҳокимлик қилмоқда.

Ўшанда ҳам ҳоким Ҳусеновни нега урганлиги ҳақидаги Озодлик саволига жавоб берар экан:

“Ҳа, ўлганакан! Унинг нимасини ураман?! Ўзи кичкинагина бача бўлса. Бундай бўлиши мумкин эмас. Бошқа одам йўқми уришга?! Келиб-келиб шуни, ожиз одамни ураманми мен? Ўзи бир касалванд бола бўлса!”, деган эди.

Ўзбекистонда ҳукумат режасини бажариш босими¸ аниқроғи¸ бажармаслик билан боғлиқ турли таҳдидлар муносабати билан фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов ҳамкасбларининг иддао қилишича, у жорий йилнинг 21 июнь куни ўзини осиб қўйган эди. Избосканлик фермерларга кўра, Ражабов режадан орттирган ва ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

2015 йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.

2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG