Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Ҳоким ва прокурордан гап эшитган андижонлик фермер ўзини осди


Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйди. Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Избоскан туманининг “Ҳасанбой ҳожи Баракат” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Ҳайдаров 2 июль куни туман маркази Пойтуғ шаҳрида ўтказилган ҳокимият мажлисидан сўнг ўз жонига қасд қилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерга кўра, мажлисда туман ҳокими ва прокурори буғдой топшириш режасини бажаролмагани учун Нодирбек Ҳайдаровни қаттиқ уришган:

- Мен ҳам шу мажлисда қатнашган эдим. Мажлис асосан буғдой топшириш режасини бажаролмаётган фермерларни уришиш ва сўкиш билан ўтди. Нодирбек Ҳайдаров ҳам пландан 25 тонна кам буғдой топширган экан. Уни аввал туман ҳокими, кейин прокурор жуда ҳам қаттиқ уришди, сўкди. "Планни бажармасанг, қаматиб юбораман", дейишди. Мажлисдан чиқиб ўзини осиб қўйганини биз эртаси куни эшитдик, - деди фермер.

Избоскан тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси бу хабарни тасдиқлади:

- Ҳа, шундай воқеа бўлди. Фермер мажлисдан сўнг кечқурун қишлоқ хўжалиги бўлимининг ҳожатхонасига кириб, ўзини осиб қўйган. Ўзидан сўнг бирор хат ёки бошқа нарса қолдирмаган. Унинг нима сабабдан бундай қилгани ҳозирча номаълум. Жиноят иши очилган ва тергов олиб борилмоқда, - деди манба.

Нодирбек Ҳайдаровни яхши таниган Қўғай маҳалласи фуқароларидан бири ҳам марҳумнинг ўзини осишига туман ҳокимлиги томонидан бўлаётган тинимсиз тазйиқлар сабаб бўлган бўлишини тахмин қилди:

- Агар: "бунинг ўзини вос-вос касали бор эди, шунга осиб қўйибди" дейишса, сира ишонманг. Оиласи жуда яхши, рисоладагидек намозхон оила. Бир неча йилдан буён планни бажаролмаган экан. "Ерни тагидан топиб бўлса ҳам бажарасан" деб, қаттиқ шартлар қўйишган экан, деб эшитдик. Шунга нима қилишини билмай, ёшлик қилиб қўйибди-да. Увол бўлди бечора йигит, - деди қўғайлик бу одам.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун Избоскан туман ҳокими Улуғбек Абдуллаев билан боғланди. Бироқ ҳоким ўзимизни таништиришимиз биланоқ алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг тазйиғидан қўрқиб, ўз жонига қасд қилаётган фермерлар тўғрисида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.

Жумладан, ўтган йилнинг 17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.

22 июнь куни эса Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик 44 яшар фермер Қурбонтой Усмонов дала шийпонида ўз жонига қасд қилди. Усмонов фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммолар боис ўзни осгани айтилди.

2013 йилнинг ноябрида Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 ёшли фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу фермер ҳам маҳаллий ҳокимият вакилларининг босимига чидай олмай, ўз жонига қасд қилган.

2013 йилнинг августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ҳам туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтаклангач, уйига келиб, ўз жонига қасд қилганди.

XS
SM
MD
LG