Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Андижонда пул жўнатмаларини олиш учун кунига 8-10 соатдан навбат кутишмоқда (ВИДЕО)


Infinbank нинг Андижон вилояти филиали
Infinbank нинг Андижон вилояти филиали

Андижон вилоятидаги банкларда хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш қийинлашди. Банклар олдидаги юзлаб одамлар навбатини кўрган гувоҳларнинг айтишича, пулни олиш учун 8-10 соатдан навбатда туришга тўғри келяпти. Банк расмийлари, юзага келган ҳолатни тасдиқлар экан, бунинг сабаби Тошкентдан валютанинг кам берилаётгани ва пул жўнатмалари сони кўпайиб кетганлиги билан боғлиқлигини айтди.

Андижонда пул жўнатмаларини олиш учун кунига 8-10 соатдан навбат кутишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшайдиган Акмалнинг Озодликка ёзишича, у Россиядан акаси юборган пулни олиш учун уч кун овора бўлган:

“Акам ойимни даволатиш учун жума куни пул юборган эди. Уни олиш учун банкка чиқсам, ишламаяпти экан. Сўрасам, “эртага обедгача ишлаймиз, эртага келинг”, деб айтишди. Шанба эрталаб яна банкка чиқдим. Банк ичкаридан қулфланган, лекин одамлар навбат олиб кутиб турган экан. Бир соатлардан сўнг ичкаридан бир одам чиқиб, “бугун банк ишламайди, боринглар, кетинглар”, деди. Кейин Андижон шаҳрига бордим. Неча банкни айланиб чиққан бўлсам, бирортаси ишламас экан”, деб ёзди Акмал Озодликка якшанба куни ёзган хабарида.

Ипак йўли банкининг Андижон вилояти филиали
Ипак йўли банкининг Андижон вилояти филиали

Акмал душанба куни Ипак йўли банкининг Андижон шаҳар филиалида 10 (!) соат навбатда туриб, пулни олишга муваффақ бўлганини айтди:

“Душанба куни эрталаб соат еттиларда борсам, аллақачон юзлаб одам навбатда турибди экан. Кейин навбат қоғозини кўрсам, 500 одам ёзилган экан. Эрталаб соат еттидан бешгача навбатда туриб, ўн соат деганда зўрға олдим”, дейди Акмал.

Андижон шаҳрида яшайдиган Озодлик мобил мухбири жазирама иссиқда одамларнинг пул ололмай сарсон бўлаётганини тўртта банкда кузатган:

- Hamkorbank, Infinbank, Agrobank, банкларининг барчасини айланиб чиқдим, барчасида тумонат одам. Одамлар ташқарида дарахтлар остидаги ўтнинг устида ухлаб ётишганини ҳам кўрдим. Онахонлар, ёш болали аёллар ҳам бор эди. Ипак йўли банкида беш юздан ортиқ одам, Infinbankда икки юзтача одам бор эди. Мен ҳам эрталаб навбатда турганимча, кечқурун соат олтиларда пулни олишга улгурдим, дейди мобил мухбир.

Ипак йўли банкининг Андижон вилояти филиалида одамлар навбат кутмоқда
Ипак йўли банкининг Андижон вилояти филиалида одамлар навбат кутмоқда

Infinbank нинг Андижон вилоят филиали мутахассиси Фаррухбек хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш учун юзлаб одамлар навбатда турганини Озодликка тасдиқлади:

- Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, ёз пайтида меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари кўпайиб кетади. Шунинг учун пул олувчилар ҳам кўпаяди. Иккинчидан, ҳозир жўнатмани олиш учун районлардан шаҳарга келувчилар кўпайиб кетди, сабаби, тижорат банкларининг тумандаги филиаллари жўнатмалар беришни тўхтатган. Шунинг учун ҳам ҳамма шаҳарга ёпирилиб келмоқда, деди банк мулозими.

Ipak yo’li банки Андижон вилояти филиалининг исми сир қолишини сўраган мулозими сўзларига кўра, бундай ҳолатнинг юзага келиши нақд валютанинг Тошкентдан кам юборилаётгани билан боғлиқ:

“Ҳозир тижорат банклари валюта етказиб беролмай қолди. Шунинг учун валюта туманларга эмас, фақат шаҳарлардаги филиалларга бериляпти. Бунинг ечимини халқаро жўнатмалар ширкатлари билан шартнома тузган тижорат банклари топиши керак”, дейди мулозим.

Озодлик муаммони, бугун, биргина Андижон вилояти мисолида ўрганди. Сиз яшаётган вилоятда вазият қандай? Пул жўнатмаларини ўз вақтида ололяпсизми? Бу ҳақда Озодликка хабар қилинг.

Ўзбекистондан хориждан юборилган пул жўнатмаларини олишда муаммо пайдо бўлиши илгари ҳам кўп кузатилган.

Бир ой аввал Озодлик Самарқанд шаҳрида одамлар хориждан юборилган пул жўнатмаларини ўз вақтида ололмай, сарсон бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонликлар Россиядан пул жўнатиш бўйича МДҲ ватандошлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра¸ 2016 йил давомида ўзбекистонликларнинг ватанига юборган жами маблағи 2 миллиард 741 миллион долларни ташкил этган.

Ўртача ҳисобда¸ Россияда меҳнат қилаëтган ҳар бир ўзбекистонлик ўтган йилда ойига 279 доллар пул юборган.

XS
SM
MD
LG