Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Миллий банк Uzcard-QIWI валюта жўнатиш тизимини йўлга қўймоқчи


Ўзбекистон Миллий банки Uzcard пластик карталари эгаларига QIWI банки пул ўтказма тизими орқали Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш имконини берувчи хизматни келаси ойдан ишга туширишини билдирди.

Банк матбуот хизмати мулозимининг Озодликка айтишича, ушбу хизмат Россияда ишлаб топган пулларини ўз юртига юбормоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун мўлжалланган.

Ўзбекистон Миллий банки мулозимининг Озодликка айтишича, агар бу лойиҳа амалга ошса¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз банк ҳисоби орқали Ўзбекистонга ортиқча тўловларсиз пул жўнатиш имконига эга бўладилар:

- Буни биз Россиядаги QIWI банки билан ҳамкорликда амалга оширмоқдамиз. Бунинг учун Uzcard пластик карталари эгалари валюта ҳисоби очади. Ўтказмоқчи бўлган пулни Россия рублида шу ҳисобга қўяди. Ўзбекистонга келиб тушган пуллар “Qiwi” тўлов тизимининг ўтказиш вақтидаги курси бўйича АҚШ долларига конвертация қилинади. Қабул қилинган маблағларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган махсус терминаллар орқали нақдлаштириб олиш мумкин бўлади, - деди банк матбуот хизмати мулозими.

Мустақил экспертлар эса Ўзбекистон Миллий банки амалга оширажак бу лойиҳа Тошкент ҳукуматининг Россияда ишловчи ўзбек муҳожири маблағларини солиққа тортиш уриниши, дея таърифламоқда.

“Фергана Ру” сайти эълон қилган “Миллий банк Uzcard-QIWI хориждан валюта жўнатиш тизимини йўлга қўймоқда” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон ҳукумати чет давлатдан муҳожир ишчилар жўнатаётган маблағларни солиққа тортиш масаласи устида бош қотираётгани таъкидланади.

“Фарғона.ру” агентлиги раҳбари Даниил Кислов Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар жўнатаётган маблағларни солиққа тортиш йўлларидан бири Uzcard-QIWI хизмати бўлиши мумкинлигини айтади:

- Россиядан ўзбек меҳнат муҳожирлари “Золотая Корона”, “Юнистрим”, “Вестерн Юнион” каби пул ўтказиш тизимлари орқали ҳар йили миллионлаб доллар Ўзбекистонга юборади. Бу жўнатмалар жисмоний шахсдан жисмоний шахсга юборилган пул сифатида малакаланади ва ҳукумат бундан солиқ ололмайди. Чунки бу пул Россияда ишлаб топилган пул эканини исботлаш қийин, чунки юборувчи уни совға ёки бизнесга алоқаси йўқ пул деб, ёзиб юборади. Агар банк орқали юборса сал мураккаброқ бўлади. Чунки банкда пулни манбаси, қаерда ва қачон қўйгани ҳақидаги маълумот доим туради. Агар каттароқ маблағ бўлса, бу пул қаердан экани, албатта ,сўралади. Банк ҳисоби орқали ўтказилган пулни солиққа тортиш осонроқ, - дейди Даниил Кислов.

Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати мулозими бу иддаоларни рад этди:

- Бу бўлмаган гап. Ҳеч бир миқдорда солиққа ҳам тортилмайди, фоиз ҳам олинмайди. Бу шунчаки пул юборувчиларга қулайлик учун ишлаб чиқилaяпти. Масалан, Россияда ўзбекистонлик vатанига 40 минг рубль юбормоқчи. Шу пулни ҳисобига қўяди. Бу пул Ўзбекистонга шу кунги курс бўйича долларда тушади. Бўлди, бошқа нарса йўқ бу ерда, - деди Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати мулозими.

Россия Марказий банкига кўра, Ўзбекистонга пул жўнатмалари миқдори 2016 йилда 2 миллиард 741 миллион долларни ташкил қилган ва ўзбек муҳожирлари пул жўнатиш бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчидир.

Ўтказмалар ҳақидаги маълумот Anelik, BLIZKO, Contact, InterExpress, UNIStream, Western Union, "Колибри", "Золотая Корона", "ЛИДЕР", Россия почтаси каби пул ўтказма тизимларининг ахбороти асосида тайёрланган.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодини дефолтдан қутқармоқда ва жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG