Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Наманганлик фермерлар бўш бланкага имзо қўйишга мажбурланяпти


Наманган вилояти Поп тумани фермерлари пахта тайёрлаш шартномасининг бўш бланкасига имзо ва муҳр босишга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди. Фермерларнинг айтишларича, имзо қўйишдан бош тортган фермерлар милиция ходимлари томонидан ушлаб келиниб, қамаш билан таҳдид қилиняпти.

Исми сир қолишини сўраган поплик фермерлардан бирининг Озодликка ёзишича, барча фермерлар пахта тайёрлаш шартномаси бўм-бўш бланкасига имзо ва муҳр қўйишга мажбурланган:

“Бизга кўрсатилган шартномада ҳеч нарса, пахта майдони гектари ҳам, қанча пахта топшириш тоннаси ҳам кўрсатилмаган. Бўм-бўш қоғоз. Ана шу бўш бланкага имзо қўйишга мажбур қилишди. Шартнома тузишдан бош тортган фермерларни милиция ходимлари қидириб топиб, имзо ва муҳр қўйишга мажбурлашяпти. Акс ҳолда, қаматиш билан таҳдид қилишмоқда”, деб ёзади фермер.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган бошқа бир фермер ҳам, улар ҳуқуқларининг жиддий тарзда камситилаётганини айтди:

“Ўтган йилнинг ноябрь ойида шошилинч тарзда ҳоким алмаштирилиб, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Ўктам Эргашев бизга раҳбар бўлиб келди. У биринчи мажлисдаёқ, уни шахсан президент тайинлаганини, унга қарши бўлганларни янчиб ташлашини айтди. Ҳоким муаммолар ва уларнинг ечимини топиш ўрнига, ишлаб турган фермерларнинг ерини 5 гектардан қилиб бўлиб юбораман, деб таҳдид қилди ва шундай қиляпти. Энди эса, биздан сўрамасдан бўш бланкага имзо ва муҳр бостириб оляпти. Бизнинг еримиз қанча пахта бера олади, қанчага имконимиз бор, бу нарсаларни ҳоким эътиборга олмаяпти. Исталган тоннасини ёзиб кейин шартномани қайтариб беришади”, деди фермер.

Унинг айтишича, фермерларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилинмоқда:

“Биз ўтган асрдаги чоракор, батрак мисоли бўлиб қолдик. Фермерни ҳеч ким эшитмайди, ҳеч ким дардига қулоқ солмайди. МТП хизмати, минераль ўғитлар нархлари осмонга чиқиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шунча гектар еринг бор, шунча пахта ёки буғдой берасан, дейди, тамом. Биз неча йиллардан буён фойда кўрмай қўйдик. Зўрға учма-уч қилиб яшаяпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан, қаттиққўл бўлса ҳам майли, лекин маданиятли, ишнинг кўзини биладиган, фермер билан тиллаша оладиган ҳокимларни раҳбар қилиб қўйишини сўраймиз”, дейди фермер.

Ўзини Поп тумани ҳокимининг ёрдамчиси Даврон деб таништирган мулозим, фермерлар билан пахта топшириш ҳақида шартномалар тузилиб бўлганини айтар экан, бўш бланкаларга имзо қўйдириш воқеасидан хабари йўқлигини таъкидлади. Ҳоким ёрдамчиси бу мавзуда қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Қаҳрамон Қурбонов билан боғланишимиз лозимлигини айтди.

Бироқ, кун давомида қилган қўнғироқларимизга Қаҳрамон Қурбонов жавоб бермади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2016 йил якунларига бағишланган йиғилишда фермерларнинг шартномалар бўш бланкаларига мажбуран қўл қўйдириб олинаётганини танқид қилган эди:

“Мана, фермерларнинг ўзидан сўрайлик. Охирги ўн йилда химия маҳсулотларини ўн марта оширгансиз. Бечора фермер химияни (минераль ўғитлар – таҳририят) оладида, ҳеч қаерга қўл қўймайди. Охирида хоҳлаган нархни қўясизларда қўл қўйдириб оласизлар. Оқибатда фермернинг дебиторлик қарзи ошиб кетади. Мен сизлар билан (бундай шароитда – таҳририят) қандай ишлай оламан”, деган эди президент.

XS
SM
MD
LG