Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:16

"Ойлигимизни беринг". UzBAT сигаретларини реклама қилган ишчилар тармоқларда акция бошлади


Тармоқлардаги норозилик акцияси иштирокчиларининг постларидан бири.
Тармоқлардаги норозилик акцияси иштирокчиларининг постларидан бири.

Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Бритиш Американ Тобакко Узбекистан” (UzBAT )компанияси сигаретлари рекламаси билан шуғулланган бир гуруҳ ишчилар меҳнат ҳақини олмаганидан шикоят қилмоқда.

Тармоқларда бошланган “Ойлигимизни беринг” акцияси иштирокчилари июнь ойида UzBAT сигаретлари бўйича ижтимоий сўров ўтказган 200 нафар ишчига маоши берилмаганини айтмоқда.

Ушбу ишчиларни ёллаган ADV Next реклама агентлиги ойлик билан боғлиқ муаммода UzBAT ширкатини айблади.

UzBAT Озодликнинг ишчилар даъвосига оид саволларини бирор кўринишда изоҳламади.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда “UzBAT ойлигимизни беринг” акцияси бошланди.

Акция иштирокчиларига кўра, июнь ойида UzBAT сигаретлари бўйича ижтимоий сўров ўтказган ишчиларга меҳнат ҳақлари берилмагани сабаб улар ўз норозиликларини шу тариқа билдиришмоқда.

“Биз UzBAT сигаретлари бўйича 20 ёшдан катталар орасида ижтимоий сўров ўтказдик ва UzBAT сигаретларини реклама учун текинга тарқатиш билан шуғулландик. Соатбай ишладик, кунига 4 соатдан ишладик, шартнома бўйича соатига 25 минг сўмдан тўлаши лозим эди. Июнь ойида 2 миллион 600 минг сўм олишим керак эди. 30 июнь куни бизга карантин сабаб ишимиз тўхтатилишини айтишди. Бироқ ойликларимиз берилмади. Бошида музокара қилишаётганини айтишди. Кутиб-кутиб чарчагач, тармоқларда норозилик акцияси бошладик. Биз ёзнинг жазирамасида туриб ишладик, пешона теримиз билан топган ҳаққимизни беришларини талаб қиламиз. Бир кунда 38та одам билан опрос ўтказардик, бу осон иш эмас”,- дейди акция иштирокчиларидан бири исми аноним қолиш шарти билан.

Тармоқлардаги акция доирасида эълон қилинган постлардан бирида “UzBAT ўз ишчиларига номардларча муносабатда бўлди”, дея ёзилган.

Яна бир постда “Тошкент марказидаги UzBAT йирик ширкати ўз ходимларини алдаб, ўтиб кетган сана билан ишдан бўшатди ва ишчиларга бир тийин ҳам бермасдан ҳайдади”, дейилган.

Озодлик аниқлашича, UzBAT сигаретлари бўйича ижтимоий сўровда иштирок этган ишчилар аслида ADV Next реклама агентлигининг ёлланма ишчиларидир.

Ушбу агентлик мулозими Озодлик билан суҳбатда ишчиларга июнь ойи учун ойлик берилмаганини тасдиқлаб, бу UzBAT айби билан содир бўлганини иддао қилди.

“Уч йилдан бери UzBAT билан ҳамкорлик қиламиз. Икки марта тендерда ютиб чиқиб, уларнинг ижтимоий сўровларини ўтказиб бердик. Улар заказчик, биз бажарувчимиз. Биз UzBAT билан шартнома имзолагач, ишчиларни ёллаганмиз. 30 июнгача ишчилар тўлиқ ишлаган. 1 июль куни UzBAT “Шартномани бир томонлама узамиз”, деди. Шу пайтгача икки ойлик ишимизни қабул қилмаяпти. Биз музокара олиб боряпмиз, лекин бефойда бўляпти. Ўзи UzBAT икки ойнинг пулини бермади. Май ва июнь ойи. Биз ишчиларга ўз ҳисобимиздан май учун маош тўладик. Бироқ июнь учун тўлаш имконимиз йўқлиги сабаб улар ойликсиз қолди. Биз UzBAT ҳақимизни бериши билан ишчилар ойлигини ўтказиб берамиз. Гап UzBATда”,- дейди ADV Next реклама агентлиги мулозими.

Мулозим берган маълумотга кўра, ADV Next реклама агентлигининг мамлакат бўйлаб жами 200 ишчиси июнь ойи ойлигини олмаган.

Озодлик 30 июль куни Тошкентдаги UzBAT ширкатига боғланиб, ишчилар даъвоси ва ADV Next реклама агентлиги иддаоси бўйича изоҳ сўради.

UzBAT мулозимлари фақат ёзма равишда мурожаат қилинсагина жавоб беришларини билдиришди.

Озодлик мухбирининг 30 июль куни uzbat_press@bat.com электрон манзилига йўллаган мурожаати орадан 6 кун ўтган бўлса-да, жавобсиз қолди.

Ўзбекистонда турли идора ва ташкилотларда ойлик маошларнинг вақтида ёки тўлиқ берилмаслиги сурункали муаммога айланган.

Доимий ёки ёлланма ишчиларнинг маошлар ўз вақтида берилмаслиги ёки қисқартирилишидан норозиликлари бот-бот кузатиладиган ҳолат.

Жумладан, икки ҳафта аввал Озодликка мурожаат қилган “Ўзбекистон темир йўллари”, UzAuto Motors ва “Ўзбекнефтгаз" каби йирик монополист корхоналар, шунингдек, ИИБ, Бандликка кўмаклашиш марказлари каби идораларнинг ишчи-ходимлари ойлик иш ҳақлари вақтида берилмаётгани ва мукофот пулларидан маҳрум қилинганидан шикоят қилишган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъули мурожаатлар юзасидан ўрганиш олиб бориб, натижаси маълум қилинишини билдирган. Бироқ вазирлик 4 августгача бу борада Озодликка ҳеч қандай маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG