Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Монополист корхоналар ишчилари ойлик ва мукофот пуллари берилмаётганидан шикоят қилмоқда


Ўзбекистонда ойлик маошларнинг вақтида ёки тўлиқ берилмаслиги сурункали муаммога айланган.
Ўзбекистонда ойлик маошларнинг вақтида ёки тўлиқ берилмаслиги сурункали муаммога айланган.

Озодликка мурожаат қилган “Ўзбекистон темир йўллари”, UzAuto Motors ва “Ўзбекнефтгаз" каби йирик монополист корхоналар, шунингдек, ИИБ, Бандликка кўмаклашиш марказлари каби идораларнинг ишчи-ходимлари ойлик иш ҳақлари вақтида берилмаётгани ва мукофот пулларидан маҳрум қилинганидан шикоят қилишмоқда.

Озодликка боғланган ишчилар ойлик маошлари камлиги, вақтида берилмаслиги ва баъзида ойлаб кечикишидан норози.

Айрим корхона ишчилари Қурбон Ҳайити муносабати билан ҳар йили бериладиган бир марталик мукофот пули бу йил берилмаганидан шикоят қилишди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъули мурожаатлар юзасидан ўрганиш олиб бориб, натижаси маълум қилинишини билдирди.

“Ойлик кечикяпти”

Ўзбекистоннинг, таҳлилчилар тилида "темир монополисти" ҳисобланган “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатида проводник бўлиб ишлайдиган ишчилар номидан Озодликка йўлланган мурожаатда бир неча ойдан бери ойлик маошлар вақтида берилмаётгани ҳақида сўз боради:

“Ўзбекистон темир йўллари”да проводник бўлиб ишлаймиз. Байрам кунлари ҳам ойлик беришмади, лекин иш талаб қилишяпти. Қонимизни ичиб ишлатади, лекин ойликни вақтида бермайди. Ўзи маошимиз кўп эмас. Шуни ҳам вақтида беришмаяпти. Ойликка кун кўрадиган ишчилар ҳолини инобатга олишса бўларди”.

Фарғона вилоятидаги ИИБ ходимлари эса икки ойдан бери ойлик берилмаётганидан шикоят қилишади:

“Биз Фарғона вилояти ИИБ ППХ ишчиларимиз. Ички ишлар минтақаларга бўлинганидан бери, аниқроғи 2 ойдан бери ойлик берилмаяпди. Оиламиз танг аҳволда, раҳбарларнинг иши ҳам йўқ. Ҳамма қарзга ботиб кетган. Ойлик бермаса, нима қилади минтақани ташкил қилиб?”.

Андижондаги Бандликка кўмаклашиш марказининг жамоатчи ишчилари номидан Озодликка бўлган мурожаатда ҳам бир неча ойдан буён ойлик берилмаётгани айтилган:

“Бандликка кўмаклашиш марказининг андижонлик жамоатчи ишчиларимиз. Маош олишимизда муаммо бўляпти. Ҳатто Ҳайит байрамига ҳам ойлик берилмади. Миллий анъаналаримизга кўра, ҳайитда қўшниларга ош тарқатилади. Биз ҳатто ошни ҳам қарзга олиб тарқатдик. Маъсул АБКМ раҳбарлари ўрнимизга ўзларини қўйиб кўришса бўларди”.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси эса таътил пули тўлиқ берилмаганидан шикоят қилган:

“Ҳар ой маошимиз кечикади. Бош хисобчига телефон қилсак, “республика бўйича пул муаммо”, дейди. Июль ойига меҳнат таътилига чиқдик. Таътил пули тўлиқ ташлаб берилиши керак эди. Лекин фақат 30 фоиз аванс беришди”.

“Ҳайитга премия беришмади”

UzAuto Motors корхонасидан эса кейинги ҳафта ичида бир нечта шикоят бўлди. Озодлик билан суҳбатда улар Қурбон Ҳайити учун мукофот пули берилмаганидан шикоят қилишди:

“Ҳар йили корхонамизда миллий байрамлар учун мукофот пуллари берилган. Янги йил, Наврўз, Мустақиллик ва Ҳайит байрамлари учун мукофот пули олар эдик. Икки йилдан бери Янги йил, Наврўз, Мустақиллик байрамларига мукофот пули берилмади. Икки йилдан бери “ойликни оширамиз”, деб алдаб келишяпти. Энди бўлса Қурбон ҳайитига бериладиган 1 миллион сўм мукофот пулини ҳам беришмади. Бечора қора ишчилар овозини ҳам чиқара олмади. Гапирса, ўрнига 20 мингта одам даъвогарлик қиляпти, уни бўшатиб ўшалардан бирини олади”.

“Ўзбекнефтгаз"га карашли "Андижон Нефт база" МЧЖ ходимлари номидан келган мактубда ҳам мукофот пули берилмагани ёзилган:

“Ойлик маош оз, шунга қарамай бу сафар ҳам байрамлик премия пули берилмаяпти. Ўтган сафар шикоят қилганимиздан сўнг тушириб беришганди. Зора шикоятимизни катталар эшитиб, бу сафар ҳам ижобий ҳал қилишса”.

UzAuto Motors ва “Ўзбекнефтгаз"нинг Озодлик 22 июль куни боғланган мулозимлари ишчиларга Ҳайит учун мукофот пули берилмаганини тасдиқлашди, бироқ сабабини очиқлашмади.

Ўзбекистоннинг автомобил саноати монополисти - UzAuto Motors ширкатининг Асакадаги заводи ишчилари Қурбон ҳайитига мукофот пули берилмаслиги қайд қилинган Телеграм ёзишмаси нусхасини Озодликка тақдим қилишди.

Унда мукофот пули берилмагани корхонанинг молиявий аҳволи билан боғлиқлиги айтилган:

“Бу сафарги Қурбон Ҳайити байрамига мукофот пули берилмайди. Сабаби ҳозирги отпуска ва қўшимча даволаниш учун 100 фоизлик пуллар ҳисобига жамғармадаги пуллар етишмаяпти. Ундан ташқари корхонамиздаги қурилиш монтаж ишларига ҳамда янги лойиҳа ишларига катта миқдордаги пул ўтказилди. Бу нарсани ҳар бир раҳбар ўз қўл остидаги ходимларига тўғри тушунтиришлари керак. Корхонанинг ҳозирги молиявий аҳволини ҳамма бирдек тўғри қабул қилсин”.

“Ўзбекистон темир йўллари” ва Фарғона вилоятидаги ИИБнинг Озодлик боғланган ходимлари Ҳайит муносабати билан масъул шахслар дам олишда экани, байрамдан сўнг ойлик билан боғлиқ саволларимизга жавоб беришлари мумкинлигини айтишди.

Юқоридаги бошқа шикоятчилар ишлайдиган ташкилотлар билан боғланиш имкони бўлмади.

Озодлик Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъули билан боғланиб, юқоридаги шикоятлар борасида изоҳ сўради.

Масъул “Вазирлик Озодликка бўлган ушбу мурожаатлар юзасидан ўрганиш олиб боради ва натижаси ҳақида кейинчалик маълум қилади. Чунки бу мурожаатларни инспекция текшириши лозим”, деди.

Айни пайтда вазирлик масъули ишчи-ходимлардан иложи борича аноним мурожаат қилмасликни, боиси аксар ҳолларда аноним шикоятлар ўрганилмаслигини эслатди.

Ўзбекистоннинг давлат улуши бўлган ва хусусий сектор корхоналарида ойлик маошларнинг вақтида ёки тўлиқ берилмаслиги сурункали муаммога айланган.

Ишчиларнинг маошлар ўз вақтида берилмаслиги ёки қисқартирилишидан норозиликлари бот-бот кузатиладиган ҳолат.

Ўтган ой бошида Андижонда енгил автомобил қисмларини ишлаб чиқариш ва йиғишга ихтисослашган “Uz-Koram Co” ширкати ишчилари ойлик маоши кечиккани ва қисқарганига норозилик сифатида иш ташлади.

Жорий йил май ойида Сирдарёда “Indorama Agro” МЧЖнинг ўнлаб ишчиси ойликлари қисқариб кетгани, меҳнат қонунчилиги бузилаётганига норозилик билдириб, велосипедда юриш қилди.

Норози ғилдираклар. Сирдарёлик ишчилар “бетонка”да велонамойиш уюштирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:30 0:00

Шунингдек, май ойида Чирчиқдаги “Водий саркор дизайн” ширкати​нинг ўнлаб ишчилари иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганига норозилик билдириб шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилганди.

Кейинчалик Чирчиқда намойишга чиққан ишчиларга ойликлари тўланди, ширкат раҳбари жаримага тортилди.

XS
SM
MD
LG