Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Фермерларни калтаклаган милиция бошлиғи устидан суд бошланди


8 ноябрь куни Самарқанд вилояти Ургут тумани жиноят ишлари бўйича судида Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов устидан маҳкама бошланди. Суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Қарши тумани суди биносида бўлиб ўтмоқда.

Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган фермерларнинг айтишларича, биринчи суд кунида собиқ милиция бошлиғи қилган ишларидан пушаймонлигини айтиб, кечирим сўраган.

Жаҳонгир Ражабов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбланмоқда.

Жиноят иши материалларида Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовнинг тумандаги бир неча фермерни мунтазам калтаклагани, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, талон-тарожликка қўл қўйганига оид эпизодлар кўрилмоқда.

Суд мажлисида иштирок этган фермер Баҳриддин Тўраевнинг айтишича, маҳкамада айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган, гувоҳлар кўрсатмалари тингланган:

- Милиция бошлиғи буғдой плани бажарилмагани учун бизни мунтазам калтаклаб келганини судга айтдик ва унинг ҳаракатларига қонуний чора кўришини сўрадик. Судья Жаҳонгир Ражабовдан ҳам нега фермерларни калтаклагани сабабини сўради. У давлат планини бажариш учун қилганман, деди. Судья планни бажариш учун калтаклаш керакми, деб сўраса, Жаҳонгир Ражабов пушаймонман, тан оламан, мени кечиришсин, деди. Шундай қилиб, суднинг биринчи иш куни тугади", дейди фермер.

Унинг айтишича, навбатдаги суд мажлиси 13 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Собиқ милиция бошлиғи айбланаётган Жиноят Кодекси 206 моддасининг биринчи қисми суд мажлисида ўз тасдиғини топса, "у энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши" мумкин.

Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов буғдой режасини бажролмаётган фермерларни бир сафга қўйиб, мунтазам калтаклаб келганлиги ҳақида Озодлик жорий йилнинг 27 июнида хабар берган эди.

“Абдуғафуров Муҳаммад” фермер хўжалиги раҳбари¸ 33 яшар Раҳматулло Хўжамуродов район милицияси раҳбари зўравонлиги ҳақида шундай деган эди:

- Бундан 10 кунча олдин участковой мени Ҳалима опа фермернинг дала шийпонига олиб борди. Ўнтача фермерни олиб келишган экан. Ҳаммамизни бир қатор қилиб сафга териб қўйишди. Милиция бошлиғи Жаҳонгир Ражабов келди-да, бир четдан “режани бажардингми”¸ деб сўрай бошлади. Кимдир 10 тонна, кимдир 15 тонна етмади, дейиши билан қулочкашлаб юзимизга ура бошлади. Қулоқнинг тагига, башарага икки қўли билан икки тарафдан ураяпти, деган эди Озодлик билан 27 июнь куни гаплашган фермер.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати шу йилнинг 9 июлида Қарши туман Ички ишлар бўлимининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилганди.

Озодлик суд мажлисини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG