Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:16

Қарши милицияси бошлиғи буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аëвсиз калтакламоқда


Сайхунобод тумани ҳокими ҳам директорларни юзига шапати тортиб, урган эди
Сайхунобод тумани ҳокими ҳам директорларни юзига шапати тортиб, урган эди

Қашқардарё вилояти Қарши туманида буғдой режасини бажара олмаган фермерлар туман Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан мунтазам калтакланмоқда.

27 июнь куни шундай иддао билан жабрланган фермерларнинг ўзлари Озодликка мурожаат қилди.

Озодлик гаплашган қаршилик фермерлар, милиция бошлиғи планни бажармаганларни бир сафга тердириб, икки марта калтаклагани ва қўшни фермерлардан буғдой сотиб олиб, режани бажаришни талаб қилганини ҳикоя қилди.

Қарши туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Икки марта калтакланган фермер ҳикояси

Қарши туманидан Озодликка мурожаат қилган бир неча фермер бу йил сув танқис бўлгани учун буғдой режасини бажара олмаганларини билдирди.

Фермерлар иддаосига кўра, 19 июндан бери режани бажармаганлар туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабовнинг жисмоний таҳқирига нишон бўлмоқда.

“Абдуғафуров Муҳаммад” фермер хўжалиги раҳбари¸ 33 яшар Раҳматулло Хўжамуродов район милицияси раҳбари зўравонлигига учраганлардан бири:

- Бундан 10 кунча олдин участковой мени Ҳалима опа фермернинг дала шийпонига олиб борди. Ўнтача фермерни олиб келишган экан. Ҳаммамизни бир қатор қилиб сафга териб қўйишди. Милиция бошлиғи Жаҳонгир Ражабов келди-да, бир четдан “режани бажардингми”¸ деб сўрай бошлади. Кимдир 10 тонна, кимдир 15 тонна етмади, дейиши билан қулочкашлаб юзимизга ура бошлади. Қулоқнинг тагига, башарага икки қўли билан икки тарафдан ураяпти, дейди Озодлик билан 27 июнь куни гаплашган фермер.

Раҳматулло Хўжамуродов, милиция бошлиғи 24 июнь куни режани тўлдиролмаган фермерларни яна калтаклаганини ҳикоя қилади:

- Бу сафар Файзали деган фермернинг дала шийпонига бордик. Борсак яна бир неча фермер калтакни еб бўлган экан. Биттасининг юзи қонталаш бўлиб турибди. Тушиб бордик. Милиция бошлиғи мендан қанча топширдинг, деб сўради. Бир амаллаб 13 тонна сотиб олдим¸ дедим. Яна қанча қолди, деди. Яна 26 тонна дедим. Лекин, бошқа имконим йўқ, дедим. Яна урди. Бу сафар роса урди, тепдиям, урдиям. Мендан кейин Илҳом Остонов деган ёш фермерни ҳам ёмон урди, дейди Раҳматулло Хўжамуродов.

"Милиция бошлиғи отаси тенги фермерни туролмайдиган қилиб урди"

Бу суҳбатдош, 24 июнь кунги "йиғилиш"да милиция бошлиғининг ëши 60 дан ўтган фермер Абдужаббор Қоржововни ҳам таҳқирлаб урганига шахсан гувоҳ бўлганини қўшимча қилди:

- Милиция бошлиғи кекса фермерга, "бобой, нега буғдой сотиб олмадинг", деди. Абдужаббор ака, "бир фермер бирлан гаплашиб қўйганман, буғдойини ўрса¸ оламан ва топшираман ўша 10 тоннани"¸ деди. Бошлиқ "нега шу пайтгча топширмадинг", деб чап қўли билан солиб юборди. Шундай ҳам қаттиқ урдики, фермер бир чайқалиб тушди-да, ўтириб қолди. Бошлиқ ходимларига, уни ўрнидан турғиз, деди. Ходимлар келиб турғизмоқчи бўлди, у туролмади. Кейин бошлиқ борди-да, фермернинг қалпоғини олиб, қалпоқ билан бошига ура кетди. Кекса фермер шундан бери уйида кўрпа-тўшак қилиб ëтипти, деди фермер Раҳматулло Хўжамуродов.

Ҳар йили пахта ва буғдой режасини бажариб келганини айтган “Олим-Ойбек-Дилдора” фермер хўжалиги раҳбари Баҳриддин Тўраев ҳам бу йилги қурғоқчилик сабаб режага беш тонна етмай қолганидан ўзининг милиция бошлиғи таҳқирига учраганини айтади:

- Милиция бошлиғи мени ҳам икки бетимга шаполақлаб урди. Беш тоннани бошқа фермердан қарзга олиб бериб, қутулдим. Бизку майли, ёши катта фермерларни ҳам ҳақорат қилиб уради. Мажлисга чақирса¸ уйдагилар, яна сизни урадими, деб сўрашадиган бўлиб қолди. Агар бажаролмаган бўлсак, қонуний суриштирсин, сабабларини аниқласин. Сув бермаган бўлса, биз осмондан ёмғир ёғдира олмаймизку. Бизга 25 километрдан сув келади. Қулоқнинг охиридамиз. Ўртада қанча балиқчилик хўжаликлари ташкил қилинган, улар ҳам бизнинг сувдан олади. Бизга эса сув етиб келмайди”, дейди Баҳриддин Тўраев.

Калтак еган фермерлар расман шикоят қилишга қўрқмоқда

Милиция бошлиғидан бир неча бор калтак еганини айтган яна бир фермер 52 яшар Абдуҳамид Пардаев ҳозирча қаршилик фермерлардан бирортаси ўзига нисбатан давлат расмийси томонидан қилинган жисмоний тазйиқ юзасидан бирор жойга шикоят қилмаганини билдирди.

- Аввал ҳокимиятда урди, кейин Ҳалима деганни шийпонига олиб бориб урди, Файзали деганни шийпонига олиб бориб урди. Лекин, биз ҳеч кимга арз қилолмаймиз. Чунки, ҳоким урса милиция бошлиғи, прокурор кўриб туради, индамайди. Мелиса урса¸ ҳоким қараб туради, индамайди. Қонун ҳимоячилари қонунни ўзи бузиб турса, дардингни яна кимга айтасан, - дейди шикоятидан наф бўлмаслигини айтган фермер Абдуҳамид Пардаев.

Погонли раҳбар жавоб беришни истамади

Озодлик фермерларнинг иддаоларига муносабат олиш мақсадида Қарши тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов билан боғланди.

Қисқагина суҳбатда ўзини Жаҳонгир Ражабов эканлигини тасдиқлаган бошлиқ, мухбирнинг Озодликдан қўнғироқ қилаётганини билганидан сўнг ўзини эшитмаганга олиб, “ало”, “ало” деди-да, алоқани узди.

Жаҳонгир Ражабов Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

Қарши тумани ҳокими Ғайрат Бегалиевдан ҳам буғдой режасини бажармаган фермерларга нисбатан қилинаëтган зўравонликларга муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзининг селектор йиғилишида эканлигини айтган Қарши туман ҳокими кейинроқ қўнғироқ қилишни сўради¸ бироқ кун давомида қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

XS
SM
MD
LG