Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Ўзбекистон ғарбида туз ёмғиридан кейин беморлар аҳволи оғирлашди, экинлар қуриб қолмоқда


Қорақалпоғистонда юз берган қум ва тузли бўрондан кейин ўсимликлардан туз кетмаяпти
Қорақалпоғистонда юз берган қум ва тузли бўрондан кейин ўсимликлардан туз кетмаяпти

Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида 27 май куни ёққан туз ёмғирининг одамлар саломатлигига ва қишлоқ хўжалик экинларига таъсири сезила бошлади.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларнинг айтишларича, томорқалардаги экинлар қовжираб, ўсишдан тўхтаб қолмоқда.

Қорақалпоғистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги кўрилган зарар миқдори ҳисобланаётганини Озодликка айтди.

Айни пайтда, Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозими туз бўронидан умуман зарар кўрилмаганини билдирди.

Табиий офат одамлар саломатлигига қандай таъсир қилди?

Ижтимоий тармоқлар муштарийлари, Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги бу табиий офатга расмийлар етарли эътибор бермаётгани, маҳаллий ҳокимиятларнинг зарар кўрганларга ёрдам бермаётгани ва бу ҳолатни яширишга уринаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Жумладан, муштарийлардан бири Фейсбукда бу ҳақда шундай деб ёзди:

“Бу офатнинг одамларга таъсири яхши деб бўлмайди, давленияси бор одамларнинг аҳволи оғирлашган, экинларимиз қовжираб қуриб қолмоқда, деҳқончилик катта талафот кўрди, лекин инсонларники ундан ёмонроқ. Медицина ходимлари қаерда, соғликни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистонга келишга кўркиб, жим яшириниб ўтирибдими. Тўғри, бундай экологияга келишни ким ҳам хоҳларди”.

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида яшайдиган 63 яшар Ўғилжон опанинг айтишича, нафас олиш қийнлашгани сабабли вақтинча бошқа жойга бориб яшашга қарор қилган:

"Менда ҳам давления, ҳам нафас қисиш касали бор. Уч кун олдин осмондан чанг ва туз ёққанидан кейин қон босимим ҳам кўтарилди, нафас олиш ҳам қийнлашиб қолди. Ёшлар ҳеч нарса билмагандай юришибди, лекин касали бор одамларга қийин бўлиб қолди. Шунинг учун, вақтинча Тошкентдаги қизимнинг уйига бориб яшаб туришга қарор қилдим. Насиб қилса, эртага жўнайман", дейди Ўғилжон опа.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш бошқармаси бошлиғи Одилбек Ражаповнинг Озодликка айтишича, республикада чанг-туз табиий офатидан кейин ҳеч қандай фавқулодда ҳолат кузатилмаган, одамларнинг шифкорларга мурожаат қилиш ҳолати кўпаймаган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими мутахассиси, химия фанлари номзоди Шарбай Тўрамуродовнинг Озодликка айтишича, республикага ёққан тузнинг кимёвий таркиби ўрганиб чиқилмоқда:

- Бу тузнинг таркибини ўрганиш учун давлат томонидан махсус комиссия ташкил қилинди. Ҳозир улар шуни ўрганишяпти. Бу табиий офатдан кейин одамлар орасида қаердадир бомба портлаган деган ваҳима бўлиб кетди. Кейин мен текширувнинг илк хулосаларини оммага тақдим этдим. Биринчи текширувдан бу тузнинг таркибида радиоактив моддалар, оғир металлар, заҳарли химикатлар йўқ эканлиги аниқланди. Лаборатория текширувлари ҳали давом этяпти, - деди Шарбай Тўрамуродов.

"Экинларни сув билан ювсак ҳам, қовжираб қоляпти"

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида яшайдиган, ўзини Маҳмуд, деб таништирган деҳқон уч кун олдин содир бўлган табиий офат – чанг-туз ёмғиридан кейин томорқасидаги экинларини бир сидра сув билан ювиб чиққан бўлса ҳам, экинлари қовжираб қолаётганини Озодликка айтди:

- Бу офатдан кейин ёш кўчатларнинг ҳаммаси ўлиб қолди, каттароқлари эса бир хил шалпайиб турибди, ўзгариш йўқ. Бўйи беш сантиметрга етиб қолган шоли, помидор тамом бўлди. Қуриб-қовжираб қоляпти, деди Маҳмуд.

Бу деҳқон томорқасида қуриб қолаётган экинларни расм ва видеога олиб Озодликка юборди.

Экинларнинг туз ëмғиридан кейинги аҳволи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

Қорақалпоғистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими, табиий офатдан зарар кўрилганини тан олди:

“Ҳозир бу билан махсус гуруҳ мутахассислари шуғулланяпти. Уч-тўрт кун ичида ҳисоб-китоб қилиб, кейин натижасини айтамиз”, - деди мулозим.

Хоразмда ҳам экинлар қурияпти, лекин ҳокимлик буни рад этмоқда

Хоразм вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлимидан Озодлик олган маълумотга кўра, 27 май куни чанг-туз бўрон вилоятнинг барча туманларида содир бўлган.

Лекин, Озодлик билан суҳбатда ўзини таништирмаган мулозим, вилоят қишлоқ хўжалиги бу бўрондан "умуман зарар кўрмаганини" айтди.

Озодликнинг Телеграм ижтимоий тармоғига боғланган хоразмликлар эса, чанг-туз ёмғиридан экологик ҳолат ёмонлашгани, одамларнинг нафас олиши қийинлашгани, экинларнинг нобуд бўлаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Хоразм вилоятининг Шовот туманида яшайдиган Дармонгулнинг айтишича, томорқасидаги мевага кирган помидорлар қовжираб қолмоқда:

- Биринчи апрелда томорқага помидор кўчат қилгандик. Ҳозир пиёладай ҳосил солган. Туз ёққанидан кейин эртаси куни сув билан ювиб ташладик. Лекин барглари қовжираб қуриб қоляпти, деди Дармонгул.

Гурлан туманида яшайдиган 70 яшар деҳқон Аминбой аканинг айтишича, деҳқонлар хавотирга тушиб қолган:

“Ёмон бўлди, экинлар энди одам бўладими ёки йўқ, ҳозирча билмаймиз. Ҳатто моллар ҳам туз теккан ўтни емай қўйди. Ўтни ўриб, қоқиб бермасак мол емаяпти”, дейди Аминбой ака.

Чанг-туз бўрони қаердан келди?

Қорақалпоғистон Гидрометеорология бошқармасининг бошлиғи Айбўсин Қидирниязовнинг Озодликка айтишича, 26 май куни Қорақалпоғистондан бошланиб, Хоразм, Бухоро вилоятигача етиб борган чанг-туз бўрони, Орол денгизининг қуриб қолган минтақасидан эмас, балки Устюрт чўлларидан бошланган.

“Бу бўрон шимолий-ғарбий томондаги Устюрт чўлларидан келди. Совуқ ҳаво оқими келиши олдидан беш-олти кун аввал жуда иссиқ кунлар бўлган. Ҳавонинг ҳарорати 39 даражагача кўтарилиши оқибатида тупроқнинг юқори қатламидаги намлик буғланиб, қуриб қолган. Ғарб ва шимолий -ғарбдан келган кучли шамол тупроқнинг юқори қатламини кўтарган ва Қорқалпоғистон, Хоразмни қоплаб, Бухоро вилоятигача борган. Бу кучли шамол 16 соат давом этган", дейди Қорақалпоғистон Гидрометеорология бошқармасининг бошлиғи Айбўсин Қидирниязов.

XS
SM
MD
LG