Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Қорақалпоғистонлик пенсионер: “Осмондан туз ёққанини биринчи кўришим”


Қорақалпоғистонда туз ёмғири
Қорақалпоғистонда туз ёмғири

Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятининг бир қатор туманларига 26-27 май кунлари ёққан қум-туз ёмғири, 28 майнинг тонгига келиб тўхтади. Озодлик суҳбатдошларининг айтишича, улар бундай экологик фожиани ҳаётларида илк бор кўрдилар. Барча экинзор ва дарахтларни оппоқ туз қатлами қоплаб олди, нафас олиш қийинлашди. Деҳқонлар ҳосил тақдиридан хавотир олмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида яшайдиган 80 яшар Темирбек бобо бундай экологик фожиани ҳаётида биринчи бор кўрганини Озодликка айтди:

- Буни катастрофа деса ҳам бўлади. Бир сутка осмондан туз ёғди. Қуёш кўринмай қолди. Ҳамма жой қор ёққандек оппоқ бўлди. Томорқадаги экинларни ва дарахтларни сув билан ювиб чиқдим. Ҳозирча экинларга таъсири билингани йўқ, қани бир-икки кун ўтсинчи нима бўларкин? Ёшим саксонга боряпти, лекин бунақасини кўрмаганман. Аввал қаттиқ шамол бўлганда, чанг қум олиб келарди. Лекин туз ёққанини энди кўришим, Оролни қуритганимиз учун табиат биздан энди қасос олишни бошлади, дейди Темирбек бобо.

Оролга яқин минтақаларда туз бўрони кузатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Чимбой туманида яшайдиган деҳқон Фарҳоднинг айтишича, бўрон 27 майга ўтар кечаси тунда бошланган:

- Бўрон тунда бошланди. Эрталабгача ҳамма жой оппоқ бўлиб қолди. Кундузи сал нарироқ жойни кўриш имконсиз бўлиб қолди. Қозоғистон телевидениеси бу бўрон қуриб қолган Оролдан кўтарилганини айтди. Менинг томорқам ҳам оппоқ бўлиб ётибди. Ҳосилга зарар қиладими ёки йўқми, буни ҳозир ҳеч ким айтиб беролмайди., вақт кўрсатади, дейди Фарҳод.

Фарҳоднинг айтишича, барча экинзор ва боғларни оппоқ туз қатлами қоплаб олган:

“Бу фожианинг оқибати қандай бўлиши ҳақида ҳозир ҳеч ким билмайди. Бунақа ҳолат биринчи бор бўлаётгани учун ҳамма ҳайрон. Ҳеч ким нима қилишини билмайди. Баъзилар экинлари чангини қоқиб чиқяпти, баъзилар ўз ҳолига ташлаб қўйган”, дейди Фарҳод.

Озодлик Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши билан боғланиб, бу фожианинг оқибатларини бартараф қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўради.

Вазирлик кенгаши котибиятининг ўзини таништирмаган мулозими ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини айтди:

“Билмадим, балки тегишли ташкилотлар бирор нарса қилаётгандир. Балки Қишлоқ хўжалиги вазирлигига топшириқ берилгандир. Ҳозирча бизга бу ҳақда ҳеч қандай топшириқ бўлмаган”, деди котибият мулозими.

Мулозим бу ҳақда ким билан гаплашиш мумкинлиги ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаслигини айтди.

Қорақалпоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги телефонлари эса жавоб бермади.

Маълум бўлишича, бўрон Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Туркманистоннинг Дашўғиз вилоятида ҳам кузатилган.

Ўзгидрометга кўра, мамлакатнинг шимоли-ғарбидан секундига 20 метр тезликда эсган кучли шамол қум-туз тўзонини кўтарган.

Ширкатнинг билдиришича, Тошкентдан Урганч орқали Москвага учаётган НУ-55 рейси пойтахтдан маҳаллий вақт билан соат 10:00да учган. Бироқ самолёт бўрон оқибатида Урганчга бора олмаган ва Бухоро аэропортига қўнишга мажбур бўлган.

Бундан ташқари қум бўрони оқибатида “Тошкент-Урганч-Бухоро” рейси Нукусдаги заҳира аэродромидан амалга оширилган. Бу рейс ҳам 4,5 соатга кечиккан.

27 май куни Нукус шаҳридаги кузатиш майдонида ҳаводаги чангнинг миқдори меъёрдан 3 карра кўп эканли қайд этилди. Бу каби ҳолат Қорақалпоғистондан ташқари, Хоразм вилоятида ҳам кузатилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Гидрометеорология бошқармаси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Синоптикларга кўра, шанба куни Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаво очиқ бўлиб, шамол тезлиги штиль ҳолатида кузатилган. Ҳавонинг ҳарорати кундузи 37-39 даражагача кўтарилиши натижасида тупроқнинг юқори қатламидаги қопланган намликлар буғланиб, 1-10 сантиметр қалинликда қурғоқчилик пайдо бўлган. 27 май куни эса шимолий-ғарбий томондан келган совуқ ҳаво оқими таъсири билан шамолнинг тезлиги 10-15 метр секунддан 22-27 метр секундгача етган. Бу шамол кучи таъсирида пайдо бўлган қурғоқ тупроқнинг кўтарилишига олиб келган.

XS
SM
MD
LG