Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:53

Туркманистонда она тилида таълим олишни истаган ўзбекларнинг мурожаати яна рад этилди


Ашхободдаги мактаб болалари. 1 сентябрь, 2012 йил
Ашхободдаги мактаб болалари. 1 сентябрь, 2012 йил

Туркманистонда яшовчи миллий озчиликлар, хусусан этник ўзбекларнинг фарзандларига ўз она тилида ёки рус тилида таълим олишга рухсат бериш ҳақидаги сўрови бу йил ҳам рад этилди.

Аввалроқ, “туркманлаштириш” сиёсати туфайли этник озчиликлар яшаган қишлоқлар бўшаб қолаётгани хабар қилинган эди. Айни чоғда баъзи ҳудудларда инглиз, француз, немис, араб, хитой, япон, форс ва итальян тилларидаги махсус таълим дастурлари жорий этилмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларидаги мухбирларига кўра, бу йил ўзбек оилалардан жуда кўп болалар мактабга чиққани муносабати билан ота-оналар ўзбек тилли синфлар очишни ёки, ҳеч бўлмаганда ўқув дастурига ўзбек тили ва адабиёти дарсларини киритишни илтимос қилганлар, бироқ уларга рад жавоби берилган.

Лебап вилоятининг Қўйтендоғ, Керки, Хўжамбоз, Дарғонота ва Чоржўй туманларида, шунингдек Туркманобод шаҳрининг бир неча мавзесида юзлаб этник ўзбеклар маҳаллий таълим бошқармаси ва бўлимларига муожаат қилиб, 2024-2025 ўқув йилида ҳар бир туманда лоақал биттадан ўзбек синфларини очишни сўрашган. Аммо мулозимларга уларга қулоқ солмаяпти.

Туркманистондан фарқли ўлароқ, қўшни Ўзбекистон ва Тожикистоннинг этник туркманлар яшайдиган ҳудудларида она тилида таълим олиш муаммо эмас. Чунончи, расмий хабарларга кўра, Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Дўстий туманида Махтумқули номидаги ўрта умумтаълим мактаб очилишига ҳозирлик кўрилмоқда. Шу билан бирга, қўшни республикаларда туркман тили ва адабиёти бўйича мутахассислар тайёрлашга ҳам эътибор берилади. Ашхобод эса миллий озчиликларнинг айрим мактабларда уларнинг она тилида ўқитиладиган ақалли биттадан синф очиб бериш илтимосини ҳадеб рад қилиб келмоқда.

Керки туманида яшовчи, ўғли бу йил мактабга чиққан Саида исмли аёл айтишича, ўзбеклар Керки шаҳридаги мактаблардан бирида 25-30 ўқувчи учун биттагина синф очишни сўраб сўнгги уч ой ичида туман таълим бўлимига бир неча марта мурожаат қилганлар. Уларга бу масалани “юқори”, яъни президент администрацияси ва таълим вазирлиги рухсатисиз ҳал этиб бўлмайди, деб жавоб беришган.

“Биз ҳам Туркманистон фуқароларимиз, шу юртда яшаймиз, у ҳолда мамлакат Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган ўз она тилимизда таълим олиш ҳуқуқимиз 20 йилдан зиёд вақтдан бери поймол этилмоқда?” савол беради Саида.

Фарзандлари ўз она тилида таълим олишини истаган ота-оналар илтимосларини Озодлик радиоси орқали мамлакат президентига етказишмоқчи.

“Сардор Бердимуҳамедов айтганидек, Ватан халқ билан Ватан бўладиган бўлса, марҳамат қилиб миллий озчиликлар тиғиз яшайдиган аҳоли масканларида она тилида таълим олишга имконият яратиб беришсин”, дейди Магданли шаҳрилик бир ўқитувчи Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Туркманлар қашшоқлик ва қатағондан Ўзбекистонга қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:21 0:00

Расмий хабарларга қараганда, Тошҳовуз вилоятида бу йил 34 мингга яқин бола биринчи синфга боради. Бироқ, Тошҳовуз шаҳрида, шунингдек Шабот, Руҳибеленд ва Кўҳна Урганч туманларидаги юзлаб ота-оналар лоақал бир ёки иккита ўзбек синф очдира олишмади.

Ўзини Мунира деб танитган кўҳна урганчлик аёлга кўра, “туркман мулозимлари миллий озчиликлар ҳуқуқларини поймол этиш билан Туркманистоннинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказишмоқда”.

“Ўзбеклар ҳам Туркманистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари. Шабот тумани аҳолисининг 99 фоизини ўзбеклар ташкил этишини бир пайтлар Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қайд этганди. Лекин ўзбек тили, маданияти ва ўзбек мактабларидан гап очилганида мулозимлар нега бунақа тоқатсизлик қилишади, ҳайронман!” дейди Мунира.

Ҳукуматдан бу масалада илтифот кўрмаётган фақат ўзбеклар эмас.

Тошҳовуз вилояти Таълим бошқармасининг исмини очиқлашни истамаган ходимига кўра, Сапармурод Туркманбоши, Болдумсоз, Губадоғ ва Кўҳна Урганч туманларида этник қозоқлар, татарлар ва корейслар ҳам истиқомат қилишади ва рус тилли синфлар очиш илтимоси билан мурожаат қилишганида уларга ҳам рад жавоби берилган.

Шунингдек, Лебап вилоятида яшовчи татарлар, руслар, украинлар, бошқирдлар, озарбайжонлар, тожиклар, лезгинларнинг Дарғонота, Чоржўй ва Керки туманларидаги айрим мактабларда рус синфларини ташкил қилиш илтимоси ҳам қондирилмаган.

Болқон вилояти этник қозоқлари ҳам қозоқ тилли синф очиб беришни сўраганларида шундай жавоб олганлар.

“Туркманбоши шаҳри, Қорабўғоз ва Туркманбоши туманларида яшайдиган қозоқ оилалар бу йил қозоқ тилида таълим берувчи ҳеч бўлмаганда битта синф очилишига умид қилишганди”, дейди ўзини Бектош деб таништирган туркманистонлик қозоқ.

Озодликнинг Марв вилоятидаги манбалари ушбу ҳудудда яшовчи этник белужларнинг саводхонлик даражаси сўнгги йилларда ниҳоятда тушиб кетганини маълум қилишмоқда.

“Белуж қишлоқларидаги мактабларда туркман тилида таълим берилади, аммо дарслар савияси жуда паст. Соатлар ҳам қисқариб кетган. Болалар мактабга бориш ўрнига мол боқишади ёки пахта теришади. Улар ўз она тилида ўқий олмаётгани устига туркман тилида ҳам ёлчиб ўқишмаяпти. Мулозимлар эса муаммони кўриб кўрмаганга олмоқда”, дейди Туркманқалъадаги бир мактаб муаллими.

Маълумот учун, Тошҳовуз вилоятида инглиз, француз, немис, араб, хитой, япон, форс ва итальян тилларидаги махсус ўқув дастурлари жорий этилган 31 та махсус ўрта мактаблар мавжуд.

Туркманистон раҳбарлари ўз баёнотларида ирқий камситишни ҳамиша қоралайди ва мамлакатда “халқларнинг ўзаро тотув яшашига қаратилган сиёсат” юритилаётганини иддао қилишади.

Форум

XS
SM
MD
LG