Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Туркманистон ҳукумати ўзбек телеканаллари намойишини чекламоқда


Туркманистоннинг Altyn Asyr телеканали. 13 май, 2023
Туркманистоннинг Altyn Asyr телеканали. 13 май, 2023

Туркманистон мамлакат аҳолисининг эркин ахборот олишига қарши курашни кучайтириш асносида Ўзбекистон теле ва радиосигналларини бўғишга уринмоқда. Мутахассисларга кўра, шу мақсадда яқинда чегара ҳудудларда махсус жиҳозлар синаб кўрилган, синовлар чоғида ерли аҳоли мобил алоқасиз ҳам қолиб кетган.

Маҳаллий расмийлар ушбу чоралар гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши кураш билан боғлиқлигини айтмоқда, бироқ ҳеч ким очиқ изоҳ берган эмас.

Маҳаллий мутахассислар, қорадори контрабандасига қарши кураш шунчаки баҳоналигини, аслида ҳукумат Туркманистон чегара ҳудудлари аҳолисининг катта қисми қўшни мамлакат телеканалларини кўриши ва радиоэшиттиришларини тинглашидан безовта бўлаётганини айтадилар.

Озодликнинг туркман хизмати маълумотига кўра, ўзбек телевидениесини афзал кўрувчи туркманистонликлар тобора кўпаймоқда.

“Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари нисбатан очиқроқ ва халққа яқинроқ”, дейишади маҳаллий аҳоли вакиллари.

Озодлик мухбири исми ва аниқ манзилини сир тутиш шарти билан маҳаллий мутахассисдан изоҳ олди.

Дархоноталик манбага кўра, Ўзбекистондан келаётган теле ва радиосигналларни бўғувчи жиҳозлар чегара ҳудудларига навбати билан тест режимида ўрнатилади.

Қурилмалар “Туркменарагатнашик” агентлиги томонидан Миллий хавфсизлик вазирлиги билан ҳамкорликда ўрнатилмоқда.

Жиҳозларнинг вазифаси – Ўзбекистон мобил алоқа операторлари сигналларини, шунингдек қўшни мамлакатдан таралаётган теле ва радиотўлқинларни, жумладан DVB-тюнерлар тута оладиган рақамли теле ва радиосигналларни бўғиш.

Жараёндан хабардор манба туркман ҳукумати қўшни мамлакатдан келаётган теле ва радиосигналларни буткул блоклаш устида жиддий бош қотираётганини, аммо бунга қачон эришиши ҳозирча номаълумлигини таъкидлайди.

Махсус жиҳозларни синов тариқасида ишга тушириш натижаси шу бўлдики, айрим чегара туманлар аҳолиси бирмунча вақтга маҳаллий “Tmcell” оператори мобил алоқасидан маҳрум бўлди, шунингдек маҳаллий аналог ва рақамли телеканаллар сигналлари ҳам бўғилди, дейди Озодлик билан гаплашган мутахассис.

Суҳбатдошга кўра, сигналларни блоклаш тестларига дронлар ҳам жалб қилинган бўлиб, мулозимлар буни гиёҳванд моддаларга қарши кураш билан хаспўшламоқдалар, лекин бу бир баҳона холос.

“Улар чегарадан наркотик моддалар ва ноқонуний тамаки маҳсулотлари олиб ўтилишининг олдини олиш учун шундай қиляпмиз, дейишмоқда, бироқ аслида ҳукуматимиз кўплаб туркманистонликлар нисбатан эркин саналадиган ўзбек ОАВларини кўраётганидан хавотирда. Туркманистон режими ўзбек теле ва радиоканалларидан ахборот оладиган туркман фуқароларининг дунёқараши ўзгариб, бошқача нуқтаи назарга эга бўлишини истамайди”, дейди мутахассис.

“Туркман ОАВларида фақат битта шахс улуғланади. Лекин бизнинг раҳбар, масалан, Лебап ва Марвда табиий офатлар бўлганида ўз фуқароларининг аҳволи билан қизиқмаганди. Ўзбекистон президенти эса тошқиндан сўнг жабр кўрганлар ёнига борди, уларнинг ҳолидан шахсан хабар олди. Ўзбек ОАВлари одамларга таққослаш имконини беради”, қўшимча қилади Озодлик суҳбатдоши.

Прагада истиқомат қилувчи туркман ёзувчиси Худойберди Холли Туркманистонда расмий ОАВлар йиллар давомида нуқул “ютуқлар ва ғалабалар”ни мадҳ этиш билан шуғулланиб, охир-оқибат туркманистонликларнинг ҳафсаласини пир қилганини айтади.

Туркман ҳукумати сунъий йўлдош антенналарига қарши кураши, Интернетни тизимли равишда блоклаши билан танилган.
Халқаро ҳисоботларда Туркманистон одатда салбий баҳоланади ва матбуот эркинлигини бўғаётгани, мустақил журналистларни таъқиб этаётгани учун танқид қилинади.

Ҳукумат Озодликнинг Туркманистонда ахборот олиш эркинлигига қарши кураш авж олаётгани ҳақидаги хабарларга доир саволларини жавобсиз қолдириб келмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG