Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Иккинчи марта президент бўлган Трампнинг "биринчилик"лари


Доналд Трамп
Доналд Трамп

2016 йилда ва 2024 йилда Доналд Трамп Америка Қўшма Штатлари президентлигига ҳайратланарли ғалабани қўлга киритди.

Оқ уйни қайта эгаллаш учун сайловолди кампаниясига қайтган Доналд Трамп яна АҚШ президенти бўлади.

5 ноябрь куни ўтказилган сайловларда ғалаба қозониб, Трамп Республикачилар партиясидаги бўлинишларни, 2017-2021 йиллардаги биринчи президентлик муддатидан келиб чиққан ҳуқуқий муаммоларни ва ўзига нисбатан суиқасд уринишини енгиб ўтди.

Трамп, шунингдек, истеъфога чиқаётган президент Жо Байден ўрнига вице-президент Камала Ҳаррис Демократик партиядан номзод бўлганидан сўнг кучайган демократлар ҳаракатини ҳам тўхтатди.

78 ёшда у тўрт йил олдин Трампни мағлуб этган 77 ёшли Байденни ортда қолдириб, АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган энг кекса номзоддир.

20 январдаги инаугурация маросимида Трамп Қўшма Штатларнинг ҳам 45-, ҳам 47-президенти деган унвонга эга бўлади. Фақатгина бошқа бир АҚШ президенти - 22- ва 24-президент Гровер Кливленд бундан 130 йил олдин кетма-кет бўлмаган икки муддат давомида лавозимни эгаллаган эди.

Трамп аллақачон икки марта импичментга учраган биринчи президент, шунингдек, жиноятда айбдор деб топилган биринчи президентдир.

Иккинчи муддатга киришида, у ҳали ҳам икки жиноий айбловга дуч келмоқда - ҳокимиятни Байденга тинч йўл билан ўтказишга тўсқинлик қилиш ва Жоржия штатидаги 2020-йилги сайловларга аралашиш билан боғлиқ. Учинчиси – Трампнинг махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаши билан боғлиқ айблови июль ойида бекор қилинган эди.

Бироқ Трамп ўзининг тўртинчи президентлик кампаниясига бой тажриба ва кенг қўллаб-қувватлаш билан кирди.

Кўплаб содиқ издошлари унинг Байденга сайловда мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортгани, сиёсий рақибларига қарши кескин чиқишларини ва унинг ҳуқуқий муаммолари унга қарши "жодугар ови" натижаси эканлиги ҳақидаги даъволарини қабул қилишди.

Доналд Трампнинг сайловолди митингида ўқ овозлари эшитилди. Трамп эвакуация қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Трамп, шунингдек, сайловчилардан иммиграция масаласи, шунингдек, уй-жой ва озиқ-овқат нархлари юқорилиги муаммосини ҳал қилиш учун қайси номзод энг ишончли деб сўралган сўровномаларда мунтазам равишда етакчилик қилди.

Сайловолди ташвиқоти давомида у ўзини ноқонуний муҳожирлар босиб олган, ички муаммоларга ботган ва халқаро майдонда обрўсини йўқотган, "чуқур давлат" томонидан бошқариладиган Американи тиклаш учун энг муносиб номзод сифатида кўрсатди.

2016-йилги сайловолди кампанияси давомида у "Американи яна буюк қилиш", яхшироқ савдо келишувларини тузиш ва бутун дунё бўйлаб Қўшма Штатларга ҳурматни тиклаш учун АҚШ ҳарбий молиялаштиришини ошириш ваъдалари билан сайловчиларни ўзига жалб қилди.

У, шунингдек, Нью-Йорк кўчмас мулк магнати сифатидаги машҳурлигидан фойдаланиб, 1980-йиллар охирида "The Donald" номи билан танилган эди.

Унинг фамилияси бутун дунё бўйлаб ҳашаматли осмонўпар биноларни безатган ва телевидение томошабинлари унинг реалити-шоусидаги "ишдан бўшатилдингиз" ибораси билан севиб қолган Трампни кўпчилик "ботқоқни қуритувчи" одам сифатида кўради. Бу ибора Вашингтондаги катта ҳукумат ва коррупцияга ишора эди.

Бу сафар Трамп энди сиёсий аутсайдер эмас, балки қийинчиликларни енгиб ўтган ва ўзини глобал майдонида қатъий етакчи эканлигини исботлаган шахс сифатида қабул қилинди.

Якуний сайлов натижаларини белгилаган ва рақобат кескин бўлган еттита штатда Трампни кўпчилик сайловчилар Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар даврида мамлакатни бошқаришга энг муносиб номзод деб ҳисоблашди.

Трамп ўзининг биринчи муддати давомида Қўшма Штатларни Эроннинг жаҳон давлатлари билан тузган ядро битимидан бир томонлама чиқарди ва иқтисодий рақиби Хитой билан савдо урушини бошлади.

Шунингдек, у Қўшма Штатларни Вашингтон учун фойдали эмас деб ҳисоблаган глобал келишувлардан чиқарди ҳамда НАТОдаги иттифоқчиларга мудофаа харажатларини ошириш учун босим ўтказди, уларнинг кўпчилиги бу талабга бўйсунди.

Энг мунозарали қарорларидан бири сифатида, Трамп маъмурияти Толибон билан 2021 йилда АҚШ қўшинларини Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиш шартларини белгиловчи келишувни ишлаб чиқди.

Бу келишув Трампнинг мухолифлари томонидан Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаб олишига замин яратган деб баҳоланди, бироқ Трампнинг даъвосича, Байден ва Ҳаррис вазиятни шу қадар уқувсиз бошқарганки, бу Россияни 2022 йилда Украинага ҳужум қилишга илҳомлантирган.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Ўзининг биринчи муддати давомида Трамп Вашингтоннинг Россия билан муносабатларини ўзгартиришга ҳаракат қилганди – президент Владимир Путин билан алоқаларни яхшилашга интилди, айни пайтда Москвага қарши бир қатор жазо чораларини жорий этди.

Трамп ўзининг Путин билан ўрнатган муносабатлари Россиянинг Украинага қарши урушини тугатишга ёрдам беришини таъкидлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG