Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:43

АҚШ президентлик сайловлари ҳақида 10 муҳим факт


5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Жараённи бутун дунё кузатмоқда.Қуйида сайловлар билан боғлиқ 10 та муҳим саволга жавоб.

Кимлар сайланади?

Президентлик сайловларидан ташқари, 5 ноябрь, шунингдек, маҳаллий раҳбарлар ва Конгрессдаги вакилларга овоз бериладиган кун. Сайлов участкасига борган фуқаро президентликка номзодга овоз бериш билан бирга маҳаллий даражадаги бошқа кўплаб лавозимлар учун номзодларга ҳам овоз бериб келади.

АҚШ парламентининг Вакиллар палатаси аъзолари ҳар икки йилда ўзгаради. Палатадаги 435 ўрин, шунингдек, 100 кишилик Сенатдаги ўринларнинг учдан бир қисми овозга қўйилади. Айни пайтда Вакиллар палатасида республикачилар, Сенатда эса демократлар кўпчилик.

Штатлар губернаторлиги учун пойгаларда эса 11 та ўрин учун кураш кетмоқда. Бундан ташқари шаҳарлар мэрлиги ва бошқа муниципал лавозимларга сайланаётганлар ҳам беллашади.

Украинага босқин: 983-кун | Трамп ёки Ҳаррис. АҚШда сайловларга 2 кун қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:23 0:00

Ноябр ойининг илк сешанбаси, шунингдек, баъзи штатларда долзарб масалалар референдумга қўйиладиган кун. Абортга доир қонунлардан тортиб, солиқ сиёсати ёки марихуана истеъмолигача бўлган қатор масалалар қамраб олинади.

Овоз бериш қачон бўлади?

Овоз бериш бу йил 5 ноябрь сешанбага тўғри келмоқда. Аксарият штатлар ва Колумбия округида шахсан участкага бориб ёки почта орқали овоз бериш мумкин. Муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан ҳам кўпчилик фойдаланди. Баъзи штатларда муддатидан олдин овоз бериш сентябрдаёқ бошланган эди.

Ҳал қилувчи штатлар қайсилар?

Демократ Камала Ҳаррис ва республикачи Доналд Трамп ўртасидаги пойгада натижа яқин бўлиши кутилаётган штатлар қуйидагилар: Пенсилвания, Жоржия, Шимолий Каролина, Мичиган, Аризона, Висконсин ва Невада.

Бу рўйхат ўзгариб туради. Бу штатларда демократлар ва республикачиларни қўллаб-қувватловчилар сони деярли тенг. Шу боис номзодлар асосий вақти ва маблағини мана шу оз сонли штатларда сарфлайди.

Ким овоз беришга ҳақли?

Президентлик сайловларида овоз бериш учун сайловчи 18 ёшга тўлган АҚШ фуқароси бўлиши, резидентлик талабларига жавоб бериши керак. Бу талаблар штатдан штатга қараб фарқ қилади.

Фуқаро овоз бериш учун рўйхатга олинган бўлиши керак. Сайловчиларни рўйхатга олиш муддати ҳам мавжуд. Баъзи штатларда жиноий жавобгарликка тортилганлар ёки ақлан заиф одамлар овоз бера олмайди.

Чет элда яшаётган Америка фуқаролари сиртдан овоз бериш ҳуқуқига эга. Бироқ АҚШ ҳудудларида, жумладан Пуэрто-Рико, Виржиния ороллари, Гуам, Шимолий Мариана ороллари ва Америка Самоасида истиқомат қилувчи АҚШ фуқаролари овоз бера олмайди.

Ким ғалаба қозониши кутилмоқда?

Оммавий сўровлар ҳар икки номзодга берилажак овозлар сони бир-бирига жуда яқин эканини кўрсатмоқда. Сўралганларнинг 5 фоизи кимга овоз беришини ҳозирча билмаслигини айтган. Сўровлар асл манзарани акс эттирмаслиги ҳам мумкин.

Доналд Трампнинг сайловолди митингида ўқ овозлари эшитилди. Трамп эвакуация қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Сайлов коллегияси нима?

АҚШда фуқаролар президентликка номзодга овоз берганида, улар номзодга тўғридан-тўгри овоз бермайди. Фуқаролар электорларга (сайлов коллегияси аъзоларига), электорлар эса ўз навбатида президентга овоз беради. Бу тартиб АҚШ конституциясида белгилаб қўйилган.

Электорлар сони 538 та бўлиб, уларнинг сони ўзгармайди. Бу рақам Конгресс аъзолари сонига тенг - 435 нафар Вакиллар палатаси аъзолари ва 100 нафар сенатор, шунингдек, Колумбия округидан учта электор. Президентликка номзод ғолиб бўлиши учун камида 270 электорнинг овозини қўлга киритиш керак.

Ҳеч бир номзод бунча тарафдор йиға олмаса, конституцияга кўра, Вакиллар Палатаси президентни танлайди.

Умумий овозлар сони муҳимми?

Ким ғолиб бўлганини сайлов коллегияси белгилайди, номзод тўплаган умумий овозлар сони эмас. Шу боис АҚШдаги жорий сайлов тизимида оммавий сайловда ютмасдан ҳам президент бўлиш мумкин. Бундай ҳолат мамлакат тарихида беш марта бўлган.

Президентни сайловчилар коллегияси орқали сайлаш механизмига қаршилар кўп. Улар назарида бу тизим халқ иродасини ифодаламайди. Коллегия тарафдорлари эса амалдаги тизим аҳолиси кичик бўлган штатларни ҳимоя қилади ва улардаги аҳоли иродасини ҳам ҳисобга олади, деб даъво қилади.

Овозлар қандай ҳисобланади?

АҚШда марказий сайлов қўмитаси йўқ. Ҳар бир штат сайлов бюллетенларини ўзи ҳисоблайди. Маҳаллий ва штат расмийлари реал вақт режимида сайлов натижаларини эълон қилади. Ахборот агентликлари эса ғолибни башорат қилишда мана шу рақамларга таянади.

Ахборот воситалари кўпинча бюллетенлар расман санаб чиқилишидан ва расмийлар якуний натижаларни эълон қилишдан олдин ҳам тахминий ғолибни башорат қилишади. Чунки кўплаб туманларда барча овозлар санаб чиқилгунга қадар бир неча кунлар, ҳафталар кетади.

Кўпинча ғолибни аниқлаш учун қисман олинган натижалар кифоя қилади. Бироқ икки номзод олган овозлар сони бир-бирига яқин бўлса, ахборот агентликлари одатда ғолибни башорат қилишдан тийилади, расмий якуний натижани кутади. Сайлов участкалари расман ёпилгандагина натижалар эълон қилинади.

Дональд Трамп: Бу мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим сайлов бўлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Натижалар қачон маълум бўлади?

Овоз бериш жараёни 5 ноябрь куни кечқурун тугайди. Сайлов участкаси қачон ёпилишини ҳар бир юрисдикциянинг ўзи белгилайди. Штатларда сайлов бюллетенларини санаб чиқиш ва почта орқали юборилган бюллетенларни қабул қилиш қоидалари ҳар хил бўлгани учун баъзи штатлар якуний натижаларни сайловдан кейинги 2-3 кунгача ҳам билмаслиги мумкин.

Овозлар сони бир-бирига яқин бўлиши ахборот агентликлари учун ғолибни башорат қилишни қийинлаштиради. Масалан, 2020 йилда шундай бўлган. Президентлик сайлови натижалари эълон қилингунига қадар бир неча кун ўтган. Бу гал ҳам шундай бўлиши эҳтимоли бор.

Натижа қандай тасдиқланади?

Овозлар санаб бўлингандан сўнг натижа маҳаллий ва штат даражасида тасдиқланади. Шундан сўнг штатлар электорлар рўйхатини чиқаради. Электорлар одатда партиядан сайланган ёки сиёсий амалдорлар томонидан тайинланган вакиллардир.

Улар ўз навбатида декабрь ойида ўз штатларида овоз бериш учун йиғилишади. Кейин январ ойида янги сайланган Конгресс аъзолари овозларни санаш учун йиғилади ва ғолибни расман эълон қилади. Президент 20 январ куни инаугурация маросимида қасамёд қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG