Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

"Талабалар безовта қилмасин!" Тошкентда минглаб талаба ижара уй топишга қийналмоқда (ВИДЕО)


Талабаларга ётоқхоналар етишмаётган олийгоҳлардан бири Тошкент давлат техника университетидир.
Талабаларга ётоқхоналар етишмаётган олийгоҳлардан бири Тошкент давлат техника университетидир.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида янги ўқув йили 6 сентябрдан анъанавий тарзда бошланди.

Талабаларнинг аксари оиласи бағридан олисда таҳсил олиши сабаб шу кунларда уларни энг қийнаётган муаммо - турар-жой.

Айниқса, асосий ОТМлар жойлашган Тошкент шаҳрида бу муаммо яққол кўзга ташланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган талабалар ўзлари ўқийдиган ОТМларда ётоқхоналар етишмаётгани, ижара уйни эса етарли пул билан ҳам топиб бўлмаётганини айтишади.

“Бу йил Тошкент давлат техника университетига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Вақтинча қариндошимникида турибман. Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда жой қолмаган. Уч-тўртта шерик билан айтган нархига ижарага квартира олайлик, десак талабаларга бермаймиз, дейишади. Қаердадир туришимиз керак-ку! Ректоратга борсак, ётоқхона сўраб келганларга рад жавоби бериб юборяпти”, - дейди сурхондарёлик Эшқувват.

Тошкент кимё-технология институтига қарашли талабалар тураржойида ётоқхона учун навбат.
Тошкент кимё-технология институтига қарашли талабалар тураржойида ётоқхона учун навбат.

Бу йил Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирган хоразмлик Гулжаҳон учун ҳам жой масаласи муаммо бўлиб турибди.

“Ҳозир квартира қидиришга мажбур бўляпман, бир ҳафтадан бери сарсонман. Ётоқхоналарда жой йўқ. Тошкентда бир хонали квартира ижараси 200 доллардан тепада. Марказда 400 доллар. Лекин, шу пулга рози бўлсангиз ҳам уй эгалари талабаларга бермайди. Газеталардаги эълонларга қарасангиз, “талабалар безовта қилмасин”, “фақат оилалиларга берамиз”, деб ёзилган”, - дейди Гулжаҳон.

Тошкент Давлат юридик институтига кириш.
Тошкент Давлат юридик институтига кириш.

Нега талабаларга ётоқхоналар етишмаяпти? ОТМлар бу муаммони қандай ҳал қилмоқда? Бу саволга жавоб топиш учун Озодлик Тошкент давлат Техника университети ректоратига қўнғироқ қилди.

Университет ректорининг номини айтишни истамаган ётоқхоналар бўйича ёрдамчиси: “Бу йил вилоятлардан кўпроқ талаба қабул қилинди. Ётоқхоналарда жой чекланган. Шунинг учун биринчи навбатда “темир дафтар”га кирган оилалар фарзандларига, иккита шартнома билан ўқиётганларга бериляпти. Бошқаларга ҳозир кутиб туринглар дейилган, ҳар бир талабани имконияти алоҳида ўрганилган холда қилиняпти бу”, - дейди.

Тошкент кимё-технология институтидаги ҳолат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:27 0:00

“Бир хонадонда етти киши турамиз”

Баъзи талабалар уй-жой муаммосини ўзларича ҳал қилишмоқда.

Тошкент Жаҳон тиллари университетининг 3-босқич талабаси Азиз ташландиқ уйда олти курсдоши билан яшашга мажбур бўлаётганини айтади.

“Чилонзорда икки хонали квартирани эгасини айтганидан кўпроқ пулга кўндириб, ижарага олдик. Етти киши турамиз. Ҳар биримизга 40 доллардан тушяпти ойига. Бошқа иложимиз йўқ. Университет ҳеч қачон ётоқхона масаласини ҳал қилиб бермайди”, - дейди Азиз.

Тошкентдаги эски ётоқхона. Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Гавҳар маҳалласидаги Дилхуш кўчаси 38-уй.
Тошкентдаги эски ётоқхона. Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Гавҳар маҳалласидаги Дилхуш кўчаси 38-уй.

Аммо бир хонадонда кўп бўлиб туриш баъзида ҳалокатли бўлиши ҳам мумкин.

Шу йилнинг февраль ойида Тошкентда беш нафар талаба ижарага олган уйида ўлик холда топилган эди.

Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда 5 нафар талабанинг ис газидан заҳарланиб ўлгани билдирилганди.

Бу ҳолат Ўзбекистонда талабаларнинг яшаш шароитига жамоатчилик эътиборини қаратганди.

Баъзи депутатлар университет ректорларини талабаларни уй-жой билан таъминлаб беролмаётгани учун танқид қилиб чиқишганди.

150 минг талаба ётоқхонага муҳтож

Ҳозирда мамлакатда мавжуд ётоқхоналар республика бўйича таҳсил олаётган 600 мингдан зиёд талабанинг 30 фоизинигина турар-жой билан таъминлай олади.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги йилларда талабалар ётоқхоналари сони 228 тага кўпайган, шунга қарамасдан 149 минг 400 талаба ётоқхонага муҳтож.

Бу сондаги талабани ётоқхона билан таъминлаш учун ҳар бири 400 ўринга эга бўлган 170 та ётоқхона қуриш зарурлиги, бунга эса 3 триллион сўм маблағ лозимлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда 2003 йилгача фаолият юритган Очиқ жамият институтининг Олий таълим дастурига раҳбарлик қилган, ҳозирда АҚШда яшаётган Шаҳло Турсунова талабаларга ётоқхона муаммосини ётоқхона қурмасдан ҳам ҳал қилиш мумкинлигини айтади.

“Ётоқхоналар етишмовчилиги бугун бўлаётган ҳодиса эмас. Совет давридан бўлган бу муаммо, Ҳозир замон ўзгаряпти. Шунинг учун университетлар чет давлатлар тажрибасини ўрганиб, бу масалани ҳал қилиши мумкин. Ўқишлар контракт бўйича бўляпти, қанча талаба муҳтож, шуларни ҳисоб-китоб қилиб, университетлар контракт пулларидан тушган маблағ эвазига қўшимча иморатларни ижарага олиб, маълум ҳақ эвазига талабаларга ётоқхона қилиб бериши мумкин. Ёки бўлмаса, билим юртига яқин маҳаллаларда талабаларни оилаларда яшашини таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқса бўлади. Бу АҚШ, Канадада бор тажриба”, - дейди Шаҳло Турсунова.

Президент Мирзиёев 9 сентябрь кунги сайловолди чиқишида 2026 йилгача мамлакатда 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари қурилишини айтди. Шу йил бошида ҳукумат ётоқхоналар қурилишини давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошириш режасини эълон қилган эди. Аммо ҳозиргача шу тартибда биронта ётоқхона қурилган-қурилмагани номаълум.

XS
SM
MD
LG