Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Мирзиёев Тошкент ҳокимини ўзгартирди. Қолган ҳокимларга 6 ой муддат берди


Tashkent City директори Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгдан биринчи) 23 апрель куни Тошкентда Ашхобод боғининг очилишида президентларга ҳамроҳлик қилди.
Tashkent City директори Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгдан биринчи) 23 апрель куни Тошкентда Ашхобод боғининг очилишида президентларга ҳамроҳлик қилди.

26 апрель куни Тошкент шаҳрига олти йил давомида ҳокимлик қилган Раҳмонбек Усмонов бошқа ишга ўтказилди ва унинг ўрнига Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланди.

Куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида Артикходжаев Жахонгир Абидовичнинг Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани билдирилди.

43 яшар Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев (Артикходжаев Жахонгир Абидович) – ҳокимликка тайинлангунга қадар Tashkent City давлат унитар корхонаси директори¸ айни пайтда¸ «Артел Инжиниринг» (Artel Engineering) масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган; Ўзбекистон алюминий ва пластик эшик-ойналар бозоридаги асосий ўйинчи ҳисобланган Акфа гуруҳи эгасидир.

Ортиқхўжаев кейинги йиллар давомида¸ хусусан¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистондаги йирик бизнес лойиҳаларни ўз назоратига олгани ортидан Тошкент бизнес ва сиëсий доираларида танилган шахс.

Tashkent City корхонасининг Озодлик гаплашган хизматчисига кўра¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев 25 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланган.

- Кеча ҳоким этиб тайинландилар. Бизга ҳар қалай кеча билдиришди¸ деди Озодлик суҳбатдоши.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Ортиқхўжаевнинг Тошкентнинг янги ҳокими этиб тайинланганини Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Бош вазир Абдулла Арипов эълон қилганини билдирди.

Озодлик гаплашган яна бир Тошкент мулозими¸ масаланинг Туркманистон президенти Тошкентга келган куни ҳал бўлганини билдирди.

“Президентнинг ëнида Ашхобод боғининг очилишида Усмонов эмас¸ Ортиқхўжаев юрди. Ўшандаëқ янги ҳоким кимлиги аниқ бўлган эди”¸ деди ҳукуматга яқин бу мулозим.

58 яшар Раҳмонбек Усмонов марҳум президент Ислом Каримов томонидан 2012 йили Ўзбекистон пойтахтига ҳоким этиб тайинланган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ўз лавозимидан озод этилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган Кун.уз сайти Усмоновнинг Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланганини билдирди.

Президент янги тайинловга изоҳ берди

26 апрель куни президент Шавкат Мирзиëев "Обод қишлоқ" лойиҳаси ижросига оид видеоселектор йиғилиши ўтказди ва Кун.уз нашри келтирилган иқтибосга кўра¸ Тошкент шаҳрига янги ҳоким тайинланганига изоҳ берди.

“Тошкент шаҳри ҳокими этиб кимни тайинлаганимиздан хулоса қилинглар. Муносиб одамлар кўп, оддий, ватанпарвар, ҳисоб-китобни биладиган, янгиликка интиладиган... Битта кафолат – халқимизни рози қилиш. Қандай қилиб? Ҳар куни ташаббус, изланиш, интилиш керак. Ўтириб, кўзбўямачилик учун қилинган ишлар керак эмас.

Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимлари, раҳбарлар хориждан 1 млн доллардан инвестиция олиб келмаса, менга ундайлар керак эмас. Ҳаммани бўшатаман. Яна 6 ой кўрамиз, бўлмаса Тошкентда битта шаҳар ҳокими қолади, 11 ёрдамчи бўлади. Солиқ, милиция, прокурор, ҳаммасини қисқартириб ташлайман. Яна бир марта айтаман: олти ой чидайман. Олти ойни ичида ўзгариш бўлмаса, ҳаммасини ёпамиз, битта Тошкент шаҳар ҳокими ва 11 ёрдамчиси бўлади. ИИБ ҳам, прокурор ҳам, солиқ ҳам бўлмайди. Бу ўзгаришлар бекорга бўлмаяпти. Аравани торта олмаяпсизлар, ҳозирги замонга муносиб бўла олмаяпсизлар.

Тошкент шаҳридаги ҳамма раҳбарлар билсин: ҳаммангизлар Хоразмга ўхшаб вақтинчалик ишлаётганлар. Шунча вақтдан бери Тошкент бўйича чидадим, лекин энди чидай олмайман. Тошкентнинг бундай тошбақа қадамлари билан шаҳар халқини муносиб турмуш даражасига кўтара олмаймиз. Шунинг учун бундай ўзгаришларни қилишга мажбур бўлдим”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Бу изоҳдан президентнинг Раҳмонбек Усмонов фаолиятидан қониқмагани¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаевни эса¸ ташаббус ва изланишдан қўрқмаган¸ шаҳарга инвестиция олиб келган бошқарувчи сифатида ҳокимликка тайинлаганини тушуниш мумкин.

Олигарх ҳоким

26 апрель куни Озодлик Тошкент шаҳар янги ҳокимини бевосита таниган айрим тадбиркор ва мулозимлар билан гаплашди.

Уларнинг айтишича¸ пойтахт янги ҳокими ҳозирга қадар давлат ҳокимияти тизимларида умуман ишламаган ишбилармон шахсдир.

“Бизнесдан чиққан ¸ организаторлик таланти кучли¸ меҳнаткаш йигит. Жаҳонгир ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери Тошкентда танилган олигархлардан бири. Пластик олиб келиб¸ эшик-дераза ромларини ясаб¸ бойиб кетди. Акфачи бой¸ дейишади. Tashkent City билан президент назарига тушди. Ўтган ҳафта Ашхобод боғида президент Раҳмонбек Усмоновдан сўраган саволига тузук-қуруқ жавоб ололмади¸ Ортиқхўжаев дадил-дадил гапирди. Шунда президент қарорини берди”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумат тизимларига яқин тошкентлик тадбиркор.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли "Акфа" ва "Артел" ширкатлари Каримов даврида аввалига гуллаб¸ сўнгра жиддий босимларга учраган¸ унинг ўзи¸ отаси ва ака-укаларига тазйиқлар бўлган.

“Шунга қарамай¸ Жаҳонгир Баҳо шакарга ўхшаб¸ қочиб кетмади. Ҳаммасидан тирик чиқди”¸- деб қўшимча қилди тошкентлик тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик бошқа тадбиркор¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнесига узоқ йиллар марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлик қилиб келганини иддао қилди.

Ортиқхўжаевлар бизнесига ҳужумларнинг айнан Гулнора Каримовага нисбатан муносабатнинг ўзгара бошлагани билан бир пайтга тўғри келгани кузатилади.

Хусусан¸ 2013 йил март ойида Озодлик Ортиқхўжаевларга қарашли Artel ширкатининг Тошкентдаги дўконлари ва унга қарашли INDIGO ELECTRONICS текширув боис ёпилгани ҳақида хабар берган эди.

2013 йил 15 март куни эълон қилинган блогида Гулнора Каримова¸ бу ширкатга қарши бошланган кампанияларни ўз отасининг ички ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш сиëсатига қарши ҳаракат сифатида баҳолаган эди.

"Бироз муқаддам... маҳсулотларини узоқ йиллардан бери билишадиган ва фойдаланишадиган, уй-рўзғор буюмларини Artel, Samsung бренди остида яхши билишадиган Акфа компаниясидан хат келди. Хатда ёзилишича, кенг кўламли босим ва аслида ишлаб чиқаришнинг йўқ бўлишига, гўёки "электр энергиясини нотўғри ҳисоб-китоб қилиш" баҳонасида бошланган текширув сабаб бўлган. Гарчи "қайта ҳисобдан чиққан сумма корхона томонидан тўланган бўлсада, текширув 2013 йилнинг апрелига қадар бир неча бор узайтирилган", дея Akfa ширкати хатидан иқтибос келтирган эди Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова 2012 йил ëзида Швейцария прокуратураси пул ювиш ва катта миқдордаги коррупция шубҳаси билан очган жиноий ишнинг бош фигурантига айланганидан сўнг¸ унинг Ўзбекистондаги фаолияти устидан ҳам текширувлар бошланган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йил 28 июлда ўз расмий сайтида Гулнора Каримовага¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганини ва унинг устидан қўшимча айбловлар бўйича тергов жараëни давом этаëтганини билдирган эди.

Янги тайинловда манфаатлар тўқнашуви йўқми?

Тошкентда олигарх сифатида танилган йирик тадбиркорнинг Ўзбекистон пойтахтига ҳоким этиб тайинланиши¸ айрим кузатувчиларда бу тайинловнинг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри эканига оид саволлар уйғотди.

“Ортиқхўжаев Ўзбекистоннинг энг катта лойиҳаси – бир неча миллиард долларлик Tashkent Cityни қураëтган одам эди. Унинг "Артел" ва "Акфа" ширкатлари Ўзбекистондаги электроника ва эшик-дераза бозоридаги қарийб монополист. Энди бу ширкатлар эгаси Тошкент ҳокими сифатида шаҳар билан боғлиқ ҳар қандай контрактнинг кимга берилишини ҳал қилади. Бу тендерларда энди унинг ширкатларига очиқ бўлмаса ҳам¸ яширинча имтиëз берилмаслигига¸ мўмай контрактларни оиласига қарашли ширкатлар олмаслигига ким кафолат беради?” - дейди Озодлик гаплашган ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири.

Бу саволларга Ортиқхўжаевни ҳокимликка тайинлаган раҳбарлардан изоҳ олишнинг имкони йўқ.

Айни пайтда¸ Ортиқхўжаевлар бизнесига яқин тадбиркорлардан бири¸ бу оила манфаатларига Тошкентда махсус имтиëзлар берилмаслиги¸ Тошкентдаги ҳар қандай тендернинг шаффоф бўлишини кафолатлаш давлат тизимларига қолганини таъкидлади.

“Прокуратурада бутун бошли департамент шу нарсани кузатиш билан шуғулланади. Қарасин¸ кузатсин энди шулар. Тендерлар очиқ ва шаффоф бўлсин¸ ютган компанияларнинг асл эгалари очиқлансин. Ҳозир кўпчилиги оффшордаги хорижликлар номига очилган ширкатларни инвестор қилиб кўрсатиб¸ солиқ ва бож имтиëзларини олиб юрибди. Шуларни текширсин¸ очсин. Каримоваларникига ўхшаган сояки бизнес империялар яна туғилмаслигига бошқа кафолат йўқ”¸ - деди Ўзбекистон ҳокимиятига яқин йирик тадбиркорлардан бири.

Ўзбекистон ҳокимият тизимларида бораëтган кадр ўзгаришлари¸ кимларнинг нега келаëтганию¸ кимларнинг нима сабабдан кетаëтганига оид тафсилотлар¸ ҳужжатли маълумотлар бўлса¸ уларни Озодликка йўллашингиз ва жамоатчилик билан баҳам кўришингиз мумкин.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

XS
SM
MD
LG