Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:05

"Inkuzart": Тошкент деворидаги монополия. Ҳокимият "ЎзАвто"га навбатни "қисқартирди"


Маҳаллий ҳокимият Inkuzart граффитисидаги навбатни қисқартирди.
Маҳаллий ҳокимият Inkuzart граффитисидаги навбатни қисқартирди.

Тошкентда автосаноат монополияси ишлаб чиқарган машиналарга турнақатор навбат акс этган граффитининг бир қисми ҳокимият томонидан бўяб ташланди.

Кўча рассоми "Inkuzart" 3 сентябрь кечаси Чилонзор туманидаги АҚШнинг собиқ элчилиги биноси деворига ишлаган расм тармоқларда "ЎзАвто Моторс" монополияси борасидаги янги муҳокамаларга сабаб бўлди.

Орадан бир кун ўтиб, маҳаллий ҳокимият ишчилари граффитини бўяшга ҳаракат қилди, аммо пировардида расм бутунлай ўчмади - ундаги навбатда турган одамлар сони қисқарди, холос.

Ҳокимият граффитидаги навбатнинг "қисқартирилгани" юзасидан ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

Inkuzart тахаллуси остида деворий расмлар чизаётган тошкентлик рассом эса, Озодлик билан суҳбатда ўз асарларига изоҳ бермаслиги, уни кўрган ҳар бир одам ўзи хулоса чиқариши тарафдори эканини айтди.

Эски муаммо ва янги граффити

Тошкентда Ўзбекистон автомобиль бозоридаги монополияга бағишланган янги деворий расм пойтахтнинг Чилонзор туманидаги АҚШнинг собиқ элчилиги биноси деворида шу йилнинг 3 сентябрь куни пайдо бўлди.

Деворий асар "Inkuzart" тахаллуси билан ижод қилаётган маҳаллий граффити рассомига тегишли экани маълум. 4 сентябрь куни "Inkuzart" ўзининг Телеграм-каналида граффити яратиш жараёнининг видеоси ва якуний фотосуратларини жойлаштирди. У ўз асарини қисқа қилиб "Монополия" деб атади.

Ижтимоий тармоқларда кўча рассомининг асарида Chevrolet бренди остида автомобиллар ишлаб чиқарадиган UzAuto Motors компаниясининг монопол мавқеига, машиналарни қабул қилиш учун узундан-узун навбатлар тасвирланганига оид мулоҳазалар кўпайди.

Тасвирда навбатда биринчи бўлиб турган одамнинг тўқ сариқ рангли бош кийимда экани машинани норасмий тўлов -“шапка” эвазига сотиб олиш мумкинлигига ишора деб тушунилди.

Inkuzart ва унинг "Монополия"си
Inkuzart ва унинг "Монополия"си

Расмни дўстлари билан атайин бориб кўрган тошкентлик Абдумўминнинг Озодликка айтишича, граффити автомобилга муҳтож бутун ўзбек аҳолисининг қарашларини ифода этади:

- ”Мана бу расмни кўрдингми?”, деб ўртоқларимдан сўрасам, “Ҳа, ўчириб ташлашибди-я, дарров!”, деяпти. Сайловдан олдин очилад,и деган руҳият юрибди, ҳали. Яъни, таможнялар очилади, машиналарга анча енгиллик бўлади, тонировкалар нархи туширилади, деган гаплар чамаси бир йилдан бери юрибди. Бошида ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим – борган сари ишонмай боряпмиз. Мен ўзим “Жигули” ҳайдайман – машинани алиштирмай тургандим, ўртоқларим ҳам. Энди умид узилди! Мана шу охирги ярим йил-бир йилда яна “шапка” бериб олиб чиқиш бошланди. Автосалонларга навбатлар пикка чиқди – шапка эса 500 долларча бўляпти. “Шапка” фақат қиммат машиналарга йўқ, деди суҳбатдош.

"ЎзАвто Моторс" маълумотларига кўра, автомонополист 2021 йил январ-июл ойларида 124,9 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарган, бу 25,9 фоизга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 44 минг машинага кам. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва автотранспорт воситаларининг кечикиши микросхемаларнинг глобал етишмовчилиги манзарасида рўй бермоқда.

31 август куни UzAvto Savdo Lacetti сотиб олиш учун навбат 31 мингга , Cobalt учун навбатлар 11 мингдан ошганини хабар қилганди. Август ойи охирида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Асакадаги автомобил заводи илгари экспорт учун автомобилларни ички бозорга қараганда 30-40 фоиз арзонроқ сотганини тан олди.

Президент Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятларида янги автомобил заводлари пайдо бўлиши ортидан автомобил ишлаб чиқарувчи монополист ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши кераклигини уқтирди.

Inkuzart : "Монополия" ўрнига "Навбат қисқарди"!

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Монополия” граффитиси аллақачон бўялгани акс этган фото ва видеоларни ёйинлади.

Inkuzart маҳаллий ҳокимият киритган тузатишлардан кейин расмни "Навбат қисқарди!" деб атади
Inkuzart маҳаллий ҳокимият киритган тузатишлардан кейин расмни "Навбат қисқарди!" деб атади

Интернетда пайдо бўлган видеода расм сариқ кийимдаги ишчилар томонидан бўялаётганини кўриш мумкин.

Озодлик саволларига жавоб берган "Inkuzart" расмни бўяшга уриниш муваффақиятсиз бўлганини айтди. У граффити бироз ўзгартирилгани акс этган суратни Озодликка тақдим этди.

- Бу ҳозир актуал мавзу – халқнинг дарди. Мен уни шундай чиздимки, ҳар ким ҳар-хил тушунади ва талқин қилади. Мен ҳеч бир расмимни таърифламаганман. Ҳеч бир рассом ўз ишининг мазмунини тушунтирмаган. Кечаги расмимни ростанам бўяшаётганди. Уни оҳакда бўяшгани учун яхши бўялмабди. “Дарё” канали мухбири бориб кўрса – ўчмабди. У кейин “Ҳаракат қилишди – ўчиришолмади!”, деб ёзди. Бугун жўнатишибди обуначиларим – яхши бўёқ билан ўчириб ташлашибди, фақат ҳаммасинимас – навбат қисқариб қолибди. Шунга “Навбат камайди!”, деган янги ном бердим, - дейди суҳбатдош.

Рассомнинг айтишича, у расмни чизиш учун бир нечта жойни танлаган, ниҳоят собиқ АҚШ элчихонаси биноси деворида тўхтаган:

- Менда ўзи 2-3та вариант бор эди танловга. Халққа кўринсин, деган мақсадда шунга тўхтадим. Ҳозир у ерда қурилиш кетяпти ичкарида: уни 4-5 кун кузатдим, қўриқчиларни назорат қилдим. Хуллас, ухлаб қолганида чизиб ташладим. Ҳисобини олиб бормаяпман-ку, аммо чизган расмларимдан 15 тачаси турибди – 3-4 тасини ўчирворишди! Масалан “Гагарин” савдо марказига ер остидан ўтиш йўлагида елкасида штрих-кодли қанотли болани чизиб, “I`m not for sale!” – “Мен сотилмайман!” деб ёзган эдим. Одам савдосига қарши бу суратни менга БМТдан телефон қилиб, таклиф қилишган эди. Уни эрталаб чиздим – кундузи негадир ўчириб ташлашди, тушунмадим нега, дейди рассом.

("Қисқартирилган" деворий расм аллақачон мемга айланди)

Ҳозирча ўзини жамоатчиликка инкогнито сақлаётган "Inkuzart" ўз деворий асарлари учун ҳали бирор сўм олмагани ва бу ишни “кўнгил учун” қилаётганини билдирди.

- Менга буюртма тушмайди – мен деворий расмга буюртмага ишламайман ва пул ҳам олмайман. Бу кўнгил учун қилинади! Деворий расмларга жуда кўп буюртма тушяпти, ваҳоланки. Тўғри, карьерам бошида буюртма олиб, тирикчилик қилардим. Кейинчалик бу ҳолатни тўхтатдим. Қоғозга чизишга заказ олишим мумкин – бу рост гап. Менга бирор мавзу беришса ва у менга ёқса – чизаман. Масалан, ҳайвонлар муҳофазаси, дарахт кесилиши мавзуси таклиф қилиняпти. Одамлар дарди нима бўлса, шуни олиб чиқаман. Стрит-арт жуда нозик санъат тури бўлгани учун у сиёсат билан чегарада юради. Ҳар ҳолда, билишимча, менинг чизган расмларим ҳозирча ҳокимиятга ёқиб турибди, - деди рассом "Inkuzart".

Суҳбатдош яқин келажакда хусусий кўргазма очиш нияти ҳам йўқ эмаслиги, аммо ўшанда ҳам юзини жамоатчиликка кўрсатмаслик шарти билан чиқишини маълум қилди.

“Ўзбек Бэнксиси” номи билан кўпчиликка танилган стрит-арт рассом "Inkuzart" ва унинг деворий расмлари ҳақида Озодлик махсус видеолавҳа ҳозирлаган эди.

Рассомнинг сўнгги асарлари орасида Оксана Чусовитинанинг сурати, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Абдурауф Фитрат портретлари бор.

Жорий йилнинг 27 июнь куни пойтахтнинг Чилонзор туманидаги бинолардан бирининг деворига Леонардо да Винчининг стрит-арт услубида ишланган "Inkuzart"нинг “Мона Лиза” асари ўчириб ташланган эди.

XS
SM
MD
LG