Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Ситораи Моҳи Хосса нақшларини вайрон қилганлар устидан жиноят иши очилди


Бухородаги обидаларнинг хусусий тадбиркорлар тарафидан таъмир қилиниши тақиқланди
Бухородаги обидаларнинг хусусий тадбиркорлар тарафидан таъмир қилиниши тақиқланди

Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройини таъмир қилиш давомида қадимий нақшларни вайрон қилган реставрация гуруҳи устидан ўтган ҳафтада жиноят иши очилди.

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги тақдимномасига биноан Бош прокуратура томонидан очилган жиноят иши таркибидаги Озодлик танишган далолатномаларда ëзилишича, “қадимий сарой деворларини оддий мардикорлар, бозордан сотиб олинган арзон бўëқлар билан бўяб, қадимийлигидан мосуво қилган”.

Манғитлар сулоласининг уч авлодига мансуб сарой “таъмири” учун, ҳужжатда айтилишича, давлат бюджетидан 28 миллиард сўм сарфланган.

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида янги тузилган Маданий мерос агентлигининг 21 июнь куни бўлиб ўтган илк йиғилишида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари¸ Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Ситораи Моҳи Хосса реставрациясини “миллий фалокат” деб атади.

Азиз Абдуҳакимов олиб борган мажлисда қатнашган меъморнинг Озодликка айтишича¸ Ситораи Моҳи Хоссадаги нақшу нигорлар устига малакасиз мардикорлар чаплаган бўëқ қатламини кўчириб олиш учун катта маблағ ажратиш зарурати пайдо бўлган.

Вандализм

Бухородаги “реставрация”дан хабардор санъатшунос ва меъмор Абдумалик Турдиевнинг фикрича, Ситораи Моҳи Хоссадаги ҳолатни вандализм деб атаса бўлади:

“Вандализм гўзаллик ва санъат душманларининг у ëки бу асарни қасддан бузиб йўқ қилиниши демакдир. Бухорода ҳам айнан шундай бўлди. Фақат буларнинг мақсади оз пул сарфлаб бюджетдан кўпроқ пул ечиб олиш бўлган. 28 миллиард сўмдан зиëд давлат маблағи йўқ қилинган. Бинога кираверишда Ғозғон мармаридан уста Абдураҳим ишлаган арслон ҳайкаллари бор. Шуни болгарка билан чархлаб ялтиллатишга уринишган. Оқибатда арслон ҳайкалидаги нозик деталлар йўқ бўлган. Амир қабулхонаси даҳлизи деворлари ганчдан нақшдор қилиб безатилган. Ганч ичкарисидаги бўëқ қатламига ҳам зиëн етган. Асосий зарар Оқсаройга (Ситораи Моҳи Хосса мажмуидаги Европа услубидаги қаср) етказилган. Ўтган аср бошида тикланган бу саройни икки йил мобайнида Уста Ширин раҳбарлигидаги 40 уста пардозлаган. 1910 йилда қурилган бу сарой рус муҳандислари Сакович ва Маргулис раҳбарлигида қурилган. Бу саройга етказилган зарарни ҳали ҳисоблашмади”.

Бухородаги "Пойи калон" мажмуаси
Бухородаги "Пойи калон" мажмуаси

"Коррупцион бардак"

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида янги тузилган Маданий мерос агентлигининг 21 июнь куни бўлиб ўтган илк йиғилишида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари¸ Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, “Бухородаги катастрофа бу Хива ва Самарқанддаги коррупцион бардакнинг давомидир”.

Азиз Абдуҳакимовнинг мажлисдаги нутқини эшитган меъморга кўра, Бош вазир ўринбосари “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси директорининг зудлик билан ишдан бўшатилишини талаб қилган.

Мажлисда Хиванинг “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган, Бош вазир ўринбосари таъбирича¸ “ўта малакасиз” реставрация жиддий танқид қилинган.

Озодлик “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган реставрация оқибатида қадимий нақшу нигорлар вайрон қилингани ҳақида мутахассисларнинг хавотирлари акс этган видеорепортажларни суратга олиб нашр қилган эди.

Хивадаги Шерғозихон мадрасаси олдидаги кўча
Хивадаги Шерғозихон мадрасаси олдидаги кўча

Реставрацияни хусусий ширкатлар амалга оширмайди

Душанба кунги мажлисда Ўзбекистондаги қадимий обидаларни таъмир қилишнинг барча босқичларининг профессионализмдан узоқлиги танқид қилинди.

Реставрация ишларини хусусий ширкатларга беришга жорий йилнинг 21 июнидан бошлаб тақиқ қўйилди.

Мажлисда қатнашган журналист Никита Макаренко Бош вазир ўринбосарига Тошкент шаҳридаги бадиий-эстетик аҳамиятга эга 53 бино рўйхатини топширган.

Макаренконинг Озодликка билдиришича, агентлик илмий кенгаши бу ëдгорликларни, хусусан рассом Жарскийга оид деворий мозаикаларни обидалар рўйхатига киритиш бўйича иш бошлаган.

Бу масала юзасидан гапираркан, Бош вазир ўринбосари Тошкент тикувчилик фабрикаси пештоқидаги “Паризод” мозаика панноси устига лифт шахтаси ўрнатилганлигини қоралади.

Тошкентда оқ ранг билан бўяб ташланган мозаика қайта тикланган эди
Тошкентда оқ ранг билан бўяб ташланган мозаика қайта тикланган эди

Бош вазир ўринбосари бино эгасини судга тортиш ва лифт шахтасини демонтаж қилиш талабини илгари сурди. Айни мажлиснинг ўзида “Паризод” панноси маданий мерос рўйхатига киритилиши ҳақида талаб расмийлаштирилди.

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов
Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов

Жорий йилнинг 7 апрель куни президент Шавкат Мирзиëев фармони билан Маданият вазирлигидаги энг катта ташкилот - Маданий мерос агентлиги янги ташкил қилинган Туризм ва спорт вазирлигига ўтказилган эди.

Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий-маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилган ва уларнинг штат бирликлари Маданий мерос агентлигига ўтказилган эди.

Президент имзолаган фармонга кўра¸ Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй-музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва “Мозийдан садо” журнали Маданий мерос агентлигига ўтказилди.

Шунингдек, 2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар ҳаражатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилиши кўзда тутилган.

Президент Мирзиëев "Қадимий Бухоро" лойиҳасини муҳокама қилмоқда. ЎзА.
Президент Мирзиëев "Қадимий Бухоро" лойиҳасини муҳокама қилмоқда. ЎзА.

XS
SM
MD
LG