Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Толибон афғон-ўзбек чегарасида биометрик маълумотларни тўпловчи ускуналарни ўрнатди


Толибон назорат пункти - Кобул, август, 2021
Толибон назорат пункти - Кобул, август, 2021

Термиздаги манбаларнинг Озодликка билдиришича, Толибон афғон-ўзбек чегарасида биометрик маълумотларини тўпловчи махсус қурилмалар ўрнатган.

Ҳозирда чегарадан одамлар асосан бир томон - Ўзбекистонга, ўзбек визаси билан ўтказилмоқда. Амударёнинг Афғонистон томонига эса ишбилармонлар ва юклар ўтаётгани маълум.

Айни пайтда Афғонистондаги манбалар Толибон уйма-уй юриб, хорижликлар билан ҳамкорлик қилганлар ва Панжширдаги қаршилик кучларига алоқадор шахсларни қидираётганини айтмоқда.

Айрим ҳудудларда аксилтолиб кайфиятдаги таниқли кишиларнинг қатл қилингани ёки ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор, аммо толиблар бундай қатллар учн масъулиятни зиммасига олмаётир.

Бу орада толиблар билан расмий Тошкент ўртасидаги қўшничилик муносабатлари кўзга кўрина бошлади. Ўтган ҳафта Ўзбекистондан 300 га яқин юк вагонлари Афғонистонга ўтказилгани маълум бўлди. Ҳозирча поездларга қандай юк ортилгани ҳақида икки томон ҳам расман маълумот бергани йўқ.

Аммо Озодликнинг Ўзбекистондаги ҳукумат идоралари ва Мозори Шариф шаҳридаги манбаларига кўра, юкларнинг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.


Мозори Шариф шаҳрида қолаётган маҳаллий ўзбеклардан бирига кўра, 5 сентябрь куни толиблар Ўзбекистон билан чегарадаги Ҳайратон ўтказиш пунктига ўтувчиларнинг биометрик маълумотларини йиғувчи ускуналарни ўрнатган.

Бу ускуналарни ишлаётган ходимлар эса, норасмий маълумотларга кўра, Афғонистоннинг олдинги ҳукумати пайтида мамлакат ички ишлар вазирлиги, яъни афғон полицияси таркибида ишлаган ходимлардир.

“Тунов кунигача (5 сентябрь - таҳр) Афғонистон томонидан Ўзбекистонга одамлар ўтказилаётган эди, Ўзбекистон визаси билан. Лекин кечадан бошлаб толиблар чегара постида биометрик машиналар ўрнатишган. Унда эски ҳукумат пайтида Афғонистон хавфсизлик кучлари таркибида ишлаган ходимлар ишлаяпти. Уларнинг қўлларида аввалги ҳукумат пайтида тузилган рўйхатлар бор – муқаддам жинояти бўлганлар, мамлакатдан чиқишга рухсати бўлмаганлар ёки чет элликлар билан ишлаганлар. Толиблар бу рўйхатдаги одамларни мамлакатдан чиқармаяпти, Ўзбекистонга визаси бўлса ҳам”, - дейди афғонистонлик ўзбек, исми сир қолиши шарти билан.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондан Ўзбекистонга ўтаётганларнинг асосий қисми ишбилармонлар – афғонистонлик ва ўзбекистонлик савдогарлар ҳамда уларнинг юклари.

Сурхондарё вилоятидаги ҳокимият идораларига яқин манба ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича, толиблар Афғонистонда ҳудудларни бирин-кетин босиб олаётган пайт Ўзбекистон томонида катта сонда юк ортилган поездлар тўхтаб қолган эди.

“400 тача вагонда шакар, ун, гуруч, ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилиб қолган эди. Шунинг 300 тасини ўтказиб юбордик. Енгил машиналарда ҳам Афғонистон орқали Покистонга маҳсулотлар ўтказиляпти”, - деди шахсини сир тутган мулозим.

Толибон шу йилнинг 15 август куни Кобулда ҳокимиятни қўлга олганидан буён Амударёнинг ҳар икки томонидан ўзаро алоқалар, биринчи навбатда савдо алоқаларини тиклашга ҳозирлик борасида ишоралар тобора қатъийлашмоқда.

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Кобулдаги олдинги ҳукумат билан минтақавий лойиҳалар борасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳимлигини айтган.

1 сентябрь куни Ўзбекистонга тегишли икки поезд юк темир йўл билан Афғонистонга кириб борди. Бу толиблар мамлакатни назоратга олганидан буён мамлакатга киритилган илк тижорий состав бўлди.

Толибон раҳбарияти, Ўзбекистон мустақиллик куни муносабати билан йўллаган табригида Ўзбекистонни ўзига “шерик” деб атаб, Тошкент илгари сурган минтақавий лойиҳаларда кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

"Биз Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини, хусусан, темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз. Афғонистон Ислом Амирлиги ўзбекистонлик шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдамни беради”.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга кетишни истовчи афғонистонликларга ҳам йўл очиқ, аммо кетишни истовчилар қарийб йўқ.

Термиздаги Афғонистон Бош консуллиги 2 ҳафта муқаддам берган расмий маълумотда, Ўзбекистон ҳудудида 2 минг атрофида афғонистонлик борлигини билдирган.

Уларнинг аксари ўзи ва ортда қолган яқинларининг ҳаётидан хавотирда.

Мозори Шарифдаги афғонистонлик ўзбекнинг айтишича, шу кунда Толибларнинг хавфсизлик кучлари уйма-уй юриб, ўз душманларини қидириш амалиётларини бошлаб юборган.

“Ҳозир қатллар кўпайган. Қўмондонлар, аввалги ҳукуматда ишлаган, хавфсизлик кучларида ишлаган кишиларни калласини кесиб кетишган. Аммо, толиблар бу қатллар учун масъулиятни зиммасига олмаяпти. Ҳозир асосан, ўзининг рўйхатидаги кишиларни қидиришяпти, ими-жимида топиб, олиб кетишяпти. Аҳвол шундай”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам Толибон текширувларни бошлангани, текширувда аниқланган шахсларни жазолаётгани айтилган хабарлар кўпаймоқда.

Айниқса, Телеграм тармоғидаги турли каналлар бу текширувларда асосан, толиблар қўли етмаган сўнгги ҳудуд - Панжшир довонидаги толибларга қарши курашаётган гуруҳларга алоқадор кишилар қидирилаётгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Толибон томонидан қатл қилинган кишиларнинг жасади аҳолига намойиш қилинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам ёйилди. Бу хабарларни мустақил ёки расмий манбалари орқали тасдиқлаш имконсизлигича қолмоқда.

Толибон Панжшир устидан ғалабани эълон қилди - қаршилик кучлари толиблар иддаосини рад этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00

АҚШнинг сўнгги аскари Афғонистонни 30 август куни оқшом тарк этди. Шунинг билан, Америка ҳарбийлари иштирокида Кобул аэропотида давом этган қонли эвакуация жараёни ҳам тўхтади.

Аммо айни пайтда мамлакатдаги хориж фуқаролари ва улар билан бирга ишлаган минглаб одам қолмоқда.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Қўшма Штатлар Афғонистонда қолаётган америкаликларни олиб чиқиб кетиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришда давом этаётганини айтди.

«Диломатларимиз Кобулдан қайтишди, у ердаги миссиямиз тўхтатилди, хабарингиз бор. Шундай бўлса-да, Афғонистондаги ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан дипломатик ҳамкорлигимиз тўхтовсиз давом этмоқда. Энг аввало бизнинг департамент ва Давлат котибининг шу кундаги бирламчи иши, Афғонистонни тарк этиш истагида бўлган ҳар бир америкалик, ҳамкорларимиз ва Афғонистон фуқароларни эвакуция қилиш бўлиб қолмоқда”.

Толиблар ҳукумати ва Афғонистоннинг кейинги тақдири уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан қанчалик тан олинишига боғлиқ бўлади.

Ҳозирча Толибон халқаро майдонда расман тан олиниши учун муҳим масалалар, жумладан, ғарб коалицияси билан ҳамкорлик қилганлардан ўч олмаслик, мамлакатдаги барча этник гуруҳларнинг ҳақларига риоя этиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида қатор ваъдаларни берган.

XS
SM
MD
LG