Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:58

Фаҳим Даштий: Аҳмад Маъсуд толибларнинг ҳукуматга кириш таклифини рад этди


Аҳмад Маъсуд.
Аҳмад Маъсуд.

Аксил‑Толибон қаршилик кучлари толиблар билан музокара бесамар тугаганини тасдиқлади. Аҳмад Маъсуд толибларнинг Афғонистон янги ҳукумати таркибига кириш таклифини рад этди, дея маълум қилди Озодлик радиоси афғон хизматига қаршилик кучлари расмий вакили Фаҳим Даштий.

Унга кўра, мазкур таклиф Маъсудга Толибон ҳаракати раҳбарияти аъзоси Амир Хон Муттақий билан телефон орқали суҳбат чоғида билдирилган.

“Музокараларда қаршилик кучлари барча афғонистонликлар муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, мамлакатда яшовчи барча этник гуруҳлар вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат тузилишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Толиблар эса Аҳмад Маъсудга ҳукуматда лавозим таклиф қилиб, Кобулдаги мол-мулки дахлсиз сақланишига ваъда беришган. Миллий қаршилик фронти кучлари қўмондони эса бунга жавобан ўзи учун ҳукуматда юқори лавозим талаб қилмаслигини, қолаверса, пойтахтда мол-мулки йўқлигини билдирган”, деб таъкидлайди Фаҳим Даштий.

Машҳур афғон дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд аввалроқ Би-би-си форс хизматига интервьюсида толиблар тузаётган тоталитар ҳукумат турли инқирозларга олиб келишини айтган эди. Унинг назарида Афғонистонга барча халқлар ва этник гуруҳларнинг вакилларидан иборат инклюзив ҳукумат зарур.

Маъсуднинг фикрича, фақат шунақа ҳукумат жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинади. Афғонларга мамлакат ичида ва ундан ташқарида бошқалар билан тинч-тотув яшашга имкон берадиган ҳукумат керак, деб урғулаган Панжшир етакчиси.

Миллий қаршилик кучлари расмий вакилига кўра, Панжшир водийсида тўрт кун давом этган қуролли тўқнашувлар ушбу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини исботлайди. Унинг айтишича, толиблар Панжширга ҳужум чоғида катта талафот кўрганлар: 350 дан зиёд жангари ўлдирилган, яна 280 нафари ярадор.

Толибон вакиллари бу маълумотни на тасдиқлаган, на инкор этган.

Аввалроқ Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Панжширнинг айрим ҳудудлари босиб олинганини ва қаршилик кучлари аскарлари орасида қурбонлар борлигини билдирган эди.

Амир Хон Муттақий икки кун олдинги чиқишида Панжширдаги қаршилик ҳаракати етакчилари билан музокаралардан натижа бўлмаганини ва эндиликда толиблар вилоятни куч билан эгаллашини айтган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, толиблар Аҳмад Маъсуд билан музокарани давом эттиришдан воз кечиш ниятида эмас.

Муттақий, шунингдек, жангарилар Панжширни тўрт тарафдан қуршаб олганини маълум қилган. Аксил‑Толибон қаршилик кучлари эса ушбу маълумотни рад этган.

Панжшир вилояти Кобулдан шимол тарафда жойлашган бўлиб, аҳолисининг мутлақ катта қисмини тожиклар ташкил қилади. Бу – мамлакатнинг толиблар назоратида бўлмаган сўнгги ҳудудларидан биридир.

Бу орада Толибон ичида турли этник-сиёсий гуруҳлар ўртасида Афғонистоннинг бўлажак янги ҳукуматида таъсир кучига эга бўлиш учун кураш бошлангани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. “Hindustan Times” газетаси ёзишича, ушбу жараёнда “Ҳаққоний тармоғи” фракцияси етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний ҳамда Толибон асосчисининг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб асосий шахслар бўлиб туришибди.

Олдинроқ Толибон мамлакатнинг янги ҳукумати борасида маслаҳатлашув якунланганини маълум қилган эди. ОАВ маълумотига кўра, ҳукуматга ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода раҳбарлик қилади. Толибоннинг Доҳадаги сиёсий офиси бошлиғининг ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай Би-би-си форс хизматига аёллар вазир ва ундан юқори лавозимларга тайинланмаслигини айтган.

XS
SM
MD
LG