Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

"Мендирман ўша": Жалолиддин Мангуберди - тарихий фильм ва замонавий параллеллар


Саида Мирзиëева ва Гулнора Каримова
Саида Мирзиëева ва Гулнора Каримова

3 октябрь куни Tashkent cityдаги Конгресс-Холлда ўзбек ва турк киноижодкорлари ҳамкорликда суратга олган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи қисми жамоатчиликка тақдим қилинди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ бу фильм туркиялик продюсер Меҳмет Бўздоғнинг “Бўздоғ фильм” киностудияси томонидан суратга олинган бўлиб, лойиҳа ғояси Озодбек Назарбеков ижро қилган “Мендирман ўша” қўшиғи устига қурилган.

Фильмнинг сценарий муаллифи таниқли ўзбек ëзувчиси Назар Эшонқул. Вазирлик мулозимига кўра¸ кинокартинани Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан “Orient Finans Bank” тўлиқ молиялаган ва давлат ғазнасидан маблағ сарфланмаган.

Айни пайтда фильм тақдимотида сўзга чиққан Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг сўзларидан келиб чиқилса¸ фильм унинг “орзуси рўëби" бўлган.

Фильмни президент қизи “яратган”

Озодлик кинони суратга олиш жараëнида қатнашганлар билан суҳбатлашди. Уларнинг аксари президент қизининг ушбу лойиҳадаги роли "рамзий" эканини эътироф этишди.

Улар яқин ўтмишда марҳум биринчи президентнинг ҳозир қамоқ жазосини ўтаëтган қизи Гулнора Каримованинг “кинематографик хархашаларини” бажариш учун киночилар жамоаси сафарбар қилинганини эслашди.

Кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда “ҳозирги президентнинг қизи Саида олдинги президент қизи Гулноранинг хатоларини устма-уст такрорлаяпти”, деган фикрда.

“Гулнора Каримова бир вақтлар ўзини кинонинг даҳоси, деб ўйлаб ,“Олтин гепард” деган фестиваль ҳам ўтказган эди. Бугун Саида Мирзиёева атрофида гирдикапалак бўлаётган кинобомонд ўша пайтда Гулноранинг атрофида эди. Нафақат Саида, балки ўзбек киножамоатчилиги ҳам ўтмиш хатоларидан сабоқ чиқаргани йўқ” , - дейди Улуғбек Йўлдошев.

Кинорежиссёрнинг айтишича, биринчи оила мансубларининг “орзу-ҳавасини” кинода намойиш қилишга интилиш "қолоқ мамлакатларга хос кўриниш".

“Жуда қолоқ мамлакатлардагина шундай ҳолат бор. Масалан, Путиннинг қизи Россияда кино олса, жамият буни яхши қабул қилмайди. Марҳум президент Каримовнинг иккала қизи - Гулнора ва Лолада кинода ўзини намоëн қилиш иштиëқи ўта кучли эди. Ҳатто Гулнора Каримова “Муҳташам юз йил” сериалида Султон Сулаймон ролини ижро қилган Холид Эрганчни Тошкентга чақириб, меҳмон қилган эди. Лола Каримова эса, “Улуғбек” деган кинони суратга олдим, деб ўзини пиар қилди. Жузеппе Торнаторе деган италян киночиси суратга олган “Юлдузлар фабрикаси” деган фильм бор. Фильмда бир товламачи фейк режиссёр Италиянинг қолоқ бир қишлоғига бориб, пул эвазига ëлғондакам кинокастинг ўтказади. Қишлоқдаги барча¸ ҳатто мафия вакиллари ҳам киноюлдуз бўлишни хоҳлайди. Бу кулгили манзарани Саида Мирзиëева мисолида кўриб турибмиз. Самарқандда юриб, Жалолиддин ҳақида кино олишни орзу қилдим, деяпти. Жалолиддиннинг ҳозирги Туркманистонда жойлашган Кўҳна Урганчда яшаганини ҳам билмайди, деган тасаввур пайдо бўлади"¸- дейди Улуғбек Йўлдошев.

Президент қизига таъзим

Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев кинотақдимот пайтида президент қизига қўлини кўксига қўйиб, таъзим бажо келтириш сингари манзара гувоҳи бўлганидан таассуф билдирди.

“Ўзбекистон Президентининг илм-фан масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов каби ëши катта кишининг қўлини кўксига қўйиб¸ невараси тенги қиз-Саида олдида эгилиб турганини кўриб, жуда ғалати бўлдим. Бундай аянчли манзарани биз Туркманистон ҳақидаги лавҳаларда кўрардик. Ҳатто Гулнора Каримованинг сон-саноқсиз кино тадбирларида ҳам бирор мулозимнинг қаддини букиб, таъзим қилганини эслолмайман. Кинотадбирда Саида Мирзиëеванинг "бош қахрамон" қилинишини ким ташкил қилганини биламан, аммо этика нуқтаи назаридан келиб чиқиб, айтмайман исмини..”

Таъзим бажо келтириш
Таъзим бажо келтириш

Шубҳали ҳомийликлар

Ўзбекистон бошқарувига яқин бир-биридан мустақил мулозимлар “Мендирман Жалолиддин” фильми лойиҳаси ва молиясининг шаффоф эмаслигига эътибор қаратишди.

“Мендирман Жалолиддин” фильми тақдимоти арафасида бир гуруҳ ўзбек киночилари Ўзбекистон президентига мактуб йўллаб, кино саноатида урчиган коррупция кўламидан шикоят қилишган эди. Кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошев ҳам ана шу норозилардан бири. У “Мендирман Жалолиддин” фильмининг Ўзбекистон ташқарисида олиниши турли саволлар уйғотганини айтади.

“2017 йил 7 августда президент имзолаган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бор. Бу қарорда Ўзбекистон ҳудудида четдан инвестиция жалб қилиб ,фильм суратга олишга эътибор қаратилган. Саида Мирзиëеванинг гапларига ишонсак, “Orient Finans Bank” , яъни Ўзбекистондаги банк Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги 12 сериялик кинони тўла молиялаган. Улар нега бу пулни чет элда кино олишга сарфлади? Бу президент қарорига мутлақо зид-ку. Бу пулга Туркиянинг Оқсарой деган даштли зонасида 30 гектарлик кинопавильон қурилди. Суратга олиш техникаси сотиб олинди. Шу ишни Ўзбекистон худудида қилса бўлмасмиди? Хива туманига ëндош Қорақум саҳроси колорит жиҳатидан Оқсаройдан яхши ва тарихий ҳақиқатга яқинроқ. Пул Ўзбекистон иқдисодиётига сарф бўларди. Ишчи ўринлари очиларди. Турли "откат" схемалари" ва пул ювиш ҳақидаги иддаолар менга ҳам етиб келди ва мен бундан ҳайратланмадим”, - дейди кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошев.

Ўзбекистондаги кино саноати энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида кўрилади. 2014 йилда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида олиб борилган тафтишларда “пул ювиш" ҳамда давлат маблағларини катта миқдорда талон-торож қилиш фактлари аниқланган ва жиноят иши очилган эди.

Тафтиш ортидан “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толипович “Ўзбекфильм” биносида ўзини осган.

Кейинроқ бир неча масъуллар шартли жазо ва жарималарга тортилган эди.

XS
SM
MD
LG