Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Швед суди ўзбекларнинг 275 миллион долларини музлатишни буюрди


Takilant эгаси Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси ҳисобланади.
Takilant эгаси Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси ҳисобланади.

Стокҳолм минтақавий суди Ўзбекистон фуқароларига қарашли Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. фирмасининг 1,8 миллиард швед кронасига (275 миллион АҚШ доллари) тенг маблағини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.


Гулнора Каримованинг гумаштаси экани айтиладиган Гаянэ Авакянга тегишли Takilant фирмаси катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera телеком ширкатининг Ўзбекистондаги ҳамкори ҳисобланади.

Швеция прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистонда иш болаш учун президент қизига яқин шахсларга пора берганини иддао қилмоқда.

Ўтган йилнинг октябрида Стокҳолм суди Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган Takilant фирмасининг Швеция банкларидаги 30 миллион АҚШ долларига тенг ҳисоб рақамларини музлатган эди.



Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда, Стокҳолм суди 22 январ куни Takilant Ltd. фирмасига қарашли 1,8 миллиард швед кронаси (275 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги маблағини музлатиш тўғрисида ҳукм чиқарганини тасдиқлади, лекин бу жараён қандай амалга оширилишини изоҳлашдан бош тортди.

- Ҳа, суд бу ҳақда ҳукм чиқарди. Бу одатдаги тергов жараёни бўлади. Уни анънавий тарзда олиб борамиз. Лекин қўйиладиган қадамлар юзасидан жамоатчиликка маълумот бермаймиз, деди прокурор.

Кузатувчилар Швеция расмийлари Takilantнинг қўшни Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларини музлатиши мумкин демоқда. Бундан ташқари TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси UCell мобил операторининг Takilant Ltd.га қарашли 6 фоизлик улуши ҳам музлатилиши мумкинлиги айтилмоқда.

TeliaSonerа 2007 йил июл ойида Ўзбекистондаги Coscom уяли алоқа оператори улушларининг 74 фоизини қарийб ярим миллиард АҚШ долларига сотиб олган эди. Кейинчалик Ucell дея номи ўзгартирилган ширкатнинг 26 фоизига эгалик қилган Takilant Ltd. ширкати яна 20 фоизлик улушни 2010 йилда 320 миллион АҚШ долларига сотган.

Швеция прокуратураси ўтган ойда очиқлаган TeliaSonera ижрочи мулозимлари ўртасидаги имейл ёзишмаларига кўра, Takilant Ucell ширкатининг қолган 6 фоиз улушини ўтган йилнинг апрелида 85 миллион АҚШ долларига сотишга уринган. Лекин ўша пайтда Швецияда Ucell мобил оператори Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига ўз мижозларига оид маълумотларни бергани билан боғлиқ жанжалнинг чиқиши ортидан бу амалга ошмай қолади.

Стокҳолм судининг сешанба кунги қарори, ўтган ҳафта Швеция Олий суди TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда пора бергани билан боғлиқ ишнинг Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинишига рухсат бериши ортидан қабул қилинди. Олий суднинг 16 январ кунги ҳукми билан TeliaSonera иши бўйича Швеция ташқарисидаги шахсларнинг ҳам тергов қилинишига йўл очилди.

Швеция прокурори Гуннар Стетлер мамлакат ташқарисидаги пора олганлар, деганда ким назарда тутилаётганини аниқлаштиришдан бош тортди. Лекин Озодлик мухбирининг Ўзбекистон фуқаролари Гаянэ Авакян, Беҳзод Аҳмедов ва Алишер Эргашевлар TeliaSonera ширкатидан пора олганликда гумонланаётганлар рўйхатида қолмоқдами, деган саволига “ҳа”, деб жавоб берди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Ўтган ойда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG