Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Навоий вилоят суди раиси ўз ходимини ерга ётқизиб, чотига тепди. Ходим касалхонага тушди.


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

15 февраль куни эрталаб Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошев қўл остида ишловчи ходим Дилшод Норовни ҳамкорлари кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилаган.

Бундай иддао билан Озодликка 18 февралда 31 яшар Дилшод Норовнинг ўзи мурожаат қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, мазкур ҳолат бўйича "тергов олди текшируви олиб борилмоқда".

"Кўзимдан ўт чиқиб кетди"

Вилоят судида компьютер созловчиси бўлиб ишлайдиган Дилшод Норовнинг айтишича, маъмурий суд раиси Отабек Тошев уни, гўёки, берилган вазифани бажармагани учун ерга ётқизиб, чотига тепган.

- Биринчи ҳақоратлаб, пультни отиб юбордилар. Жаҳл устида келиб, бошимга урдилар ўнг қўллари билан. Бошимга урган пайти пастга қарагандим, кутилмаганда бутимга тепди. Шунда йиқилдим ерга. Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Ай, дедим. Ёрдамга чақирдим, - деди Дилшод Норов.

Натижада, юра олмай қолганини айтган 31 яшар Дилшод Норов айни куннинг ўзида Навоий вилоят касалхонаси хирургия бўлимига ётқизилган.

Мояги шишиб кетганини айтган Дилшод Норов ҳозирги аҳволини "ўртача" дея баҳолади.

- Ўртача. "Яхши бўлиб кетасан. Бугун-эрта шишларинг қайтади. Қонинг яхши чиқди," деяпти дўхтирлар. Лекин ташқарига акам олиб чиқдилар. Уят бўлсаям айтай, олдингидай ёзила олмаяпман, - деди Дилшод Норов.

Озодлик Навоий вилоят шифохонасиининг хирургия бўлимига боғланди.

Ўзини "даволовчи врач", дея таништирган шахс қайтиб телефон қилишни сўради, аммо Озодликнинг кейинги қўғироқларига жавоб бермади.

Экспертиза

Дилшоднинг туғишган акаси Шерзод Норовнинг Озодликка шикоят қилишича, орадан уч кун ўтган эса-да, тиббий экспертиза хулосаси уларнинг қўлига топширилмаган ва судья Отабек Тошев ишни "бости-бости қилишга ҳаракат қиляпти".

- Дўхтирлар "яхши қилиб берамиз" дейди. Лекин биз "қани текширув натижалари, улар борми, экспертиза хулосалари нима бўлди?" деб сўрасак, кўрсатмайди, - деди Шерзов Норов.

Озодлик Навоий вилоят маъмурий судининг раиси, 44 яшар Отабек Тошевнинг ўзи билан 18 февраль, кун давомида бир неча бор боғланишга уринди. Лекин судья телефонини кўтармади.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка Telegram мессенжери орқали 18 февралда маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратурасида "тергов олди текшируви олиб борилмоқда".

"Суд тиббиёт экспертизаси тайинланган. Натижаси юзасидан маълумот берилади," дея билдирди Бош прокуратура.

Дилшод Норов Навоий вилоят прокуратурасининг исми номаълум ходими 17 февралда келиб, ундан Отабек Тошев устидан ариза ёздириб олганини айтди.

Дилшод Норов ўтган йил сентябрида иш бошлаганидан буён ўтган давр ичида Отабек Тошев уни икки марта дўппослаганини айтди.

Аммо, икки фарзанднинг отаси бўлган Дилшод Норов, суд раисини кечириш нияти йўқлигини қўшимча қилди.

Шерзод Норов суд раиси ва унинг хотини ўтган уч кун ичида жабрдийда уйига икки марта келиб, йиғлаб кечирим сўрагани, бироқ суд бошлиғи устидан ҳукм чиқариш суднинг одил ҳукмига ҳавола этилишини билдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG