Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:57

Тошкентда солиқчилар ва милиция уюштирган рейдда савдогарлар калтаклангани айтилмоқда


"Ширин" бозорида мева сотаётганида милицияга олиб кетилган онасига қайғуриб йиғлаётган болакай.
"Ширин" бозорида мева сотаётганида милицияга олиб кетилган онасига қайғуриб йиғлаётган болакай.

Тошкентдаги “Ширин” бозорида 17 ноябрь куни солиқчилар ва милиция ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган ноқонуний савдога қарши рейдда бир неча савдогар калтакланиб, милиция автомашиналарида олиб кетилгани тўғрисида воқеа гувоҳлари Озодликка маълум қилдилар. Бироқ милиция расмийлари савдогарлар калтаклангани тўғрисидаги маълумотларни инкор этмоқда.

Тошкентда солиқчилар ва милиция уюштирган рейдда савдогарлар калтаклангани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги“Ширин” бозорида милиция ходимлари қатор савдогарларни калтаклаб, кейин ҳисбга олгани тўғрисида “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” маълум қилди.

Альянс раҳбари Еленеа Урлаеванинг Озодликка маълум қилишича, воқеа 17 ноябрь куни юз берган.

“Фуқаролик кийимидаги бир неча ходим боласи билан мева-чева сотаётган аёлни уриб, кейин уни милиция машинасига мажбурлаб ўтирғизаётгани акс этган фотосуратлар мавжуд”, деб билдирди Елена Урлаева.

"Ширин" бозорида рейд ўтказаётган милиция ходимлари.
"Ширин" бозорида рейд ўтказаётган милиция ходимлари.

Ҳуқуқ фаолига кўра, савдогар аёл туман милиция бошқармасига олиб кетилган. Йўл четида йиғлаб қолган бола эса онасининг исми Манзура Боқиева эканини билдирган. Милиция ходимлари аёл сотаётган меваларни янчиб ташлаган.

“Шунингдек, бозорнинг бошқа қисмида фуқаролик кийимидаги тахминан 25 нафар ходим ва формада бўлган бир неча милиционер бошқа мева-чева сотаётганларни ҳам калтаклаб, ойналарига панжара тўсилган иккита автобусга солиб кетди”, деб хабар берди Елена Урлаева.

Гувоҳларга кўра, савдогарлар мана бундай автобусларга юкланиб олиб кетилган.
Гувоҳларга кўра, савдогарлар мана бундай автобусларга юкланиб олиб кетилган.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” милициянинг савдогарларга нисбатан ноинсоний муносабати юзасидан Ўзбекистон бош прокуратурасига шикоят киритди.

Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бошқармасининг ўз номини айтишимизни ва овозини радио орқали беришимизни истамаган расмийси “Ширин” бозорида савдогарларга милиция томонидан ноинсоний муносабатда бўлингани тўғрисидаги маълумотни рад этди.

- “Ширин” бозорида ноқонуний савдога қарши рейд ўтказилган. Рейдни солиқчилар ўтказган, милиция тартибни сақлаган холос. Бироқ ички ишлар ходимлари савдогарларни калтаклади, деган маълумотга ишониш қийин, бундай бўлиши мутлақо мумкин эмас, -деди Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бошқармасининг расмийси.

Суҳбатдошимиз бу рейд юзасидан қўшимча маълумотларни бера олмаслигини айтиб, гапни қисқа қилди.

Рейд давомида мева-чевалар янчилгани айтилмоқда.
Рейд давомида мева-чевалар янчилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман солиқ назорати расмийлари Озодлик радиосига бу борада бирон бир маълумот айтишдан бош тортишди.

"Телефон орқали ҳаммага ҳам маълумот берилавермайди", деди солиқ назорати расмийси маълумот беришдан тийилиши сабабини изоҳлар экан.

XS
SM
MD
LG