Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш: Компьютерлар нега сотиб олинмади?


Соғлиқни сақлаш вазирлиги компьютер сотиб олиш учун эълон қилган тендери бекор қилингани бу танловда ғолиб чиққан тадбиркорлар норозилигини келтириб чиқарди.

Қиймати 66 млрд сўмлик тендерда ютиб чиққан тадбиркор сўзларича, вазирлик ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан тушунтириш беришдан бош тортиб келмоқда.

Ширкат вакиллари иддаосича, тиббиёт муассасаларини компьютерлаштиришга сарфланиши керак бўлган бу маблағлар "бошқа мақсадларда ишлатилган".

Соғлиқни сақлаш мутассадисининг Озодликка билдиришича, ширкат етказиб берган компьютерлар талабларга мос келмаган ва шу боис пул бюджетга қайтарилган.

Тадбиркор иддаоси: Вазирлик хоҳлаган фирма ғолиб бўлмади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “IT-MED” МЧЖ 2021 йил, 9 ноябрда 9395 та моноблок хариди учун тендер эълон қилди (“E-Xarid” электрон биржасидаги 9139434-сонли лот) Вазирлик 9395 та компьютер учун ажратилган маблағ 66 млрд. 704 млн. 500 минг сўмлигини билдирган.

Танловда таклиф этилган кўрсаткичларга жавоб берган ва 9395 та компьютерни 61 млрд 1 млн сўмга етказиб беришни таклиф қилган “Safe Energy” МЧЖси танлов ҳайъати томонидан мақбул деб топилган.

Озодлик радиоси таҳририятига мурожаат қилган “Safe Energy” МЧЖси таъсисчиларидан бири ширкат ва “IT-MED” МЧЖ ўртасида 2021 йилнинг 29 ноябрида 17/21-сонли шартнома имзоланганига қарамай, номаълум сабабларга кўра шартномада кўрсатилган 15% бўнак пулини тўлаб бериш номаълум сабабларга кўра кечиктириб келинаётганидан арз қилди.

- Янги вазир Мусаев келишидан олдин тендер эълон қилинди, биз иштирок этиш учун задатка пулларини тўладик, иштирок этдик. 66 млрд таклиф қилинган бўлса, биз 61 млрдга олиб келадиган бўлдик, яъни 5-6 млрд сўм бюджетга тежаб бердик.

Хуллас, биз берган таклиф ютиб чиқди. Шу пайт вазирликда алмашинув бўлди, Бекзод Анварович Мусаев келганидан кейин бизни ютуғимиз осмондан тушгандек бўлди. Биз бўнак пулини беринглар, Хитойда Олимпиада бошланади яқинда, айтилган пайтга етказиб олиб келолмаймиз, десак 30 декабргача чўзиб келишди. Бизга на рад жавоби берилди, на шартнома бекор қилинди. Шундан кейин компьютерларга деб ажратилган пул бошқа мақсадларда фойдаланиб юборилди, деди Бахтиёр исмли “Safe Energy” фирмаси вакили.

Ширкатнинг ССВга юборган хати
Ширкатнинг ССВга юборган хати

“Safe Energy” ширкати расмийси омборгача олиб келиниши айтилган ҳар бир компьютер вазирликка 6 млн 450 минг сўмданга баҳолангани ва улар талаб қилинган параметрларга тўлиқ мувофиқ эканини қўшимча қилди.

Унинг сўзларича, у талаб қилинган барча кўрсаткичларга мос келувчи компьютерлардан бир нечта нусхасини Хитойдан олиб келиб кўрсатгани, икки маротаба бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат йўллагани, кейинги қўйилган талаблар яна бажарилганини билдирди.

- Тахминимизга қараганда, вазирлик хоҳлаган фирма танловда ғолиб бўла олмаган ва вақтида танловда иштирок этиш учун “задатка” пулини тўлай олмаган ҳамда улар хоҳламаган ҳолда биз ғолиб бўлиб қолганмиз. Улар ҳатто бир олиб келган охирги намуналарни кўргани ҳам йўқ, упаковкада турибди, дея хулоса қилди Бахтиёр.

Уч йилда 45900 компьютер

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сон қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш соҳасини 2025 йилгача рақамлаштириш (E-health-2025) стратегиясини ва уни амалга оширишга доир йиллар бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлашни назарда тутувчи лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Давлат тиббиёт муассасаларини 2021 — 2023 йилларда замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги 2021 йил якунига қадар 17 400 та замонавий компьютер жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ маблағлар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан, етмаган қисми эса ҳар йили Давлат бюджетида Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилишини назарда тутилган.

“Safe Energy” ширкати раҳбарияти мазкур вазият юзасидан юборган хати асосида Президент девони томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига махсус сўровнома юборилгани, аммо бу сўров натижаси борасида уларга ҳеч қандай ташунтириш берилмаганини маълум қилди.

Озодликка келиб тушган материаллардан давлат тиббиёт муассасаларини 2021 — 2023 йилларда замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминлаш учун шу йиллар давомида 45 900 дона компьютер ускунаси сотиб олиниши белгилангани маълум. Президент қарорида бу компьютерлар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар, даволаш-профилактика муассасалари ва вилоят, республика туман ёки шаҳар шифохоналарига етказилиши лозим.

ССВ: Компьютерлар талабларга жавоб бермади

Тендер ғолибига шартнома асосида нима учун пул ўтказилмаяпти? 2021 йилда сотиб олиниши режалаштирилган 17400 дона компьютерга ажратилган маблағ қаерга сарфланди?

Бу ва бошқа саволларни Озодлик юқорида тилга олинган танлов комиссиясида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Рақамлаштириш бўлими бош мутахассиси сифатида иштирок этган Жаҳонгир Отабоевга берди.

Суҳбатдош компьютерларга ажратилган маблағ тўлиғича бюджетга қайтарилганини таъкидлади:

- Бу тендер бўйича эълон қилинган компьютерлар талаблари бўйича битта асосий жойи бўйича бизга тўғри келмади. Улар бизга тўғрилаб берамиз дейишди, лекин 10 кундан кейин янги йилдан ўтиб олиб келишди. Янги олиб келган компьютернинг ҳам ўша параметри тўғри келмади. Муддат ўтиб кетгани учун бюджетдан бизга ажратилган пул ўзлаштирилмаган пул сифатида яна бюджетга қайтарилди. Яъни 66 млрд сўм лотга ажратилган пул яна бюджетга қайтиб тушган. У пул ҳеч қаерга ишлатилмаган. Вақт етмай қолди, компьютерларни ололмай қолдик. Пулни бошқа жойга ишлатворди, деган гаплар бўҳтон, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги IT эксперти.

Вазирлик мутахассиси маълумотича, 2021 йилда сотиб олиниши керак бўлган 17400 дона компьютернинг 9395 донаси давлат бюджети, қолгани Осиё Тараққиёт банки ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳисобига сотиб олиниши режага киритилган.

2021-23 йилларга мщлжалланган режа.
2021-23 йилларга мщлжалланган режа.

Жаҳонгир Отабоев тендерда ғолиб чиққан “Safe Energy” ширкати етказиб бераётган моноблоклар техник параметрларга жавоб бермагани учун харид қилишдан воз кечилганини айтди.

- 9400 компьютер – бу жуда катта ҳажм. Талабларга тўғри келмаган компьютерларни олиб қўйсак -улар эса 10 йилча ишлаб бериши керак бизга - 3-4 йилда яна алмаштиришга бюджетда пул йўқ. Таклиф DOS параметр бўйича тўғри келмади. Осиё Тараққиёт банки бизга 3,5 мингта, “Инфоком” 2300та олиб берган компьютерларида қўшимча DOS бор. Биз бу компьютерларни республика бўйича тарқатиб, ҳар бирига ССВ томонидан ишлаб чиқилган ахборотлаштириш ва иш фаолиятини тезлаштириш учун дастурлар қўямиз.

Агарда бирорта тизим ишламай қолса ёки компьютернинг ўзида бирор муаммо туғилса, вазирликда жойлашган сисадминларимиз Тошкентдан туриб, Қорақалпоғистоннинг қишлоғидаги поликлиникасидаги компьютер муаммосини ҳал қилиб бера олади, у ерда бошқа сисадминни ишга олиш шартмас. Шу DOS талаблари бажарилмаса компьютерларимизни бир-бирига улаб бўлмайди. Ҳар бир бузилган компьютерни бориб жойида тузатиш қўшимча маблағ сарфланишига олиб келади, қўшимча юзлаб ходимларни ишга олишга тўғри келади, деди Соғлиқни сақлаш вазирлигинининг Рақамлаштириш бўлими бош мутахассиси Жаҳонгир Отабоев.

Отабоев тендер орқали минтақалардаги шифохоналар ва тиббий муассасаларга сотиб олиниши керак бўлган компьютерларнинг кейинги тақдири борасида бошқа маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда вазирликнинг бу бўлимида ўзининг иш фаолиятини тугатганини билдирган Жаҳонгир Отабоев бу талаблар бўйича берилган рад жавоби тўғрисида тендерда ғолиб топилган ширкат мутахассисларига тушунтирилганини ҳам айтди.

Жаҳонгир Отабоев Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “IT-MED” МЧЖси вазирлик идораларини компьютерлаштириш, рақамлаштириш ва ягона тизимга бирлаштириш учун тузилган 76 та дастурчи ва IT соҳаси мутахассисидан иборат компания эканини ҳам қўшимча қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 23 февралида имзоланган “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар 2024 йил 1 январидан бошлаб мажбурий тартибда босқичма-босқич ягона платформага уланади.

Мазкур мақсаддан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган эди.

XS
SM
MD
LG