Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Ногирон ва ночор. Жаҳон банки Ўзбекистондаги ногиронлар статистикасини савол остига олди


Жаҳон банки Ўзбекистондаги ногиронларнинг расмий статистикасини савол остига олди. Банк мутахассисларига кўра, Ўзбекистонда расман эълон қилинган 2,1 фоиз ногиронлар мамлакатдаги жисмоний имконияти чекланган одамларнинг ҳақиқий сонини акс эттирмайди.

Банк ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон ногиронлар статистикаси борасида истисно эмас - дунё бўйлаб одамларнинг тахминан 15 фоизи ногиронликнинг қайсидир шаклига эга ва бу рақам расмий кўрсаткичлардан юқорироқ.

“Ногиронлар нега бунча қашшоқ?!”

Тошкентлик Шуҳрат Мақсудов бахтсиз ҳодиса туфайли 11 ёшида ногирон бўлиб қолган - унинг оёғини трамвай босиб кетган. 72 яшар ногирон Шуҳрат аканинг охирги йилларда иккала кўзи ҳам ожиз бўлиб қолди.

У ногиронлигига қарамасдан ТошДУнинг геология факультетини тамомлаган ва иш сафари билан геолог сифатида Ўзбекистонни бир неча маротаба кезиб чиққан. Бундан 17 йил олдин отдан йиқилган Шуҳрат аканинг боши ёрилган. Бош мия чайқалиши, пировардида унинг кўриш қобилиятига салбий таъсир қилган.

- Шундан кейин соғлигим кескин ёмонлашди. Тутқаноқ тутадиган бўлди, руҳий касалликлар пайдо бўлди, хотирам йўқолди. Бир неча марта инсульт ва инфаркт бўлдим. Илгари 600-700 минг сўм (60-70 АҚШ доллари, таҳр.) атрофида олардим. Кўзим тўлиқ ожиз бўлганидан кейин 400 минг қўшиб берадиган бўлди, - дейди у.

Ўзининг айтишича, ҳозирда у давлатдан 1 млн. 260 минг сўм нафақа олади.

- Бу пул овқатга зўрға етади: 200 грамм колбаса, шунча пишлоқ, 100 грамм сариёғ оламан бир ойга. Асосан нон-сув, макарон ва гуручда овқат қиламан. Бир марта овқат пиширсам 2-3кун ейман. Оғир овқатдан вазним ошиб кетган.

Шуҳрат Мақсудов олдинлари озиқ-овқат ёрдами олиб тургани, ҳозир бу ёрдамлар тўхтаб қолгани ҳақида гапиради.

- Каримов даврида,ҳеч бўлмаса байрамларда бир кило ун, гуруч, гречка, ёғ бериб туришарди. Ҳозир ҳеч нарса ёрдам йўқ, на маҳалладан, на бошқа ташкилотдан! Туалетим ишламайди, ванна бузилган, квартирамни ўзим имкон қадар тозалаб, ремонт қилиб тураман. Поликлиникаларда текинга ҳеч нарса бермайди, икки марта ковид бўлдим, - дейди суҳбатдош.

Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги 4-мавзеда яшовчи Шуҳрат Мақсудов маҳаллий ижтимоий ҳимоя ходимлари ҳафтасига 1-2 марта унинг пулига бозор қилиб бериб кетиши, бундан бошқа ҳеч кимдан ёрдам кутмаётганини айтади.

Маълум бўлишича, унинг икки турмушидан 3 қизи бор, аммо фарзандларидан ёрдам олмайди. Бир хонали квартирада ёлғиз ҳаёт кечираётган Шуҳрат акага кўра, Ўзбекистонда ногиронликни олиш жуда қийин масала.

- Кўзим кўриб юрганида “Москвич-412” машинамда бозорларда таксичилик қилиб юрардим, лекин ейиш-ичишдан ортмасди. Ўзбекистонда соғ одамларга иш йўқ бўлганида, ногиронларга қаерда иш топилсин?! Кўзим ожиз бўлганидан кейин ногиронлик гуруҳимни тўполон-жанжаллар билан зўрға олганман. Ногиронларнинг аҳволини бироз яхшиласа бўладику - нега биз бунчалик қашшоқ аҳволдамиз?..

Шуҳрат Мақсудов Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бўён президент порталига 300 га яқин мурожаат йўллаганини айтди. У кимга арз қилишни билмай боши қотгани, йиғилиб қолган муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашишни сўраб қолди.

Жаҳон банки: Ногиронлар сони кўпроқ

Шуҳрат Мақсудов Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган 694 минг ногиронлиги бор фуқаролардан бири. Улар орасида ногирон сифатида қайдга олинган 111 300 бола ҳам мавжуд. Ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи давлат идоралари ҳозиргача Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман эълон қилинган жами сони аҳолининг 2,1 фоизини ташкил қилишини айтиб келади.

Аммо Ўзбекистонда тадқиқот ва сўров олиб борган Жаҳон банки мутахассислари бу рақам юқорироқ бўлишини тахмин қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати келтираётган рақамларни савол остига олган ташкилотга кўра, қарийб 35 миллионга етган мамлакатнинг ногиронлар сонига оид паст рақамлар эскириб қолган совет давридан қолган ногиронликни аниқлаш услубларига таянади.

Муқояса учун - аҳолиси икки баробар кам бўлган Қозоғистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 674,2 минг кишини ташкил этади.

Охирги йилларда Қозоғистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 7,5 фоизга кўпайган бир пайтда, Ўзбекистон расмий статистикаси ногиронлар сони камайиб бораётгани тўғрисида ҳисобот бериб келмоқда.

Банк ўз ҳисоботида бу соҳада жиддий тадқиқотлар ва изланишлар олиб борилмагани, бошқа ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муаммолар билан боғлиқ эканини хулоса қилган.

"Тадқиқот шуни кўрсатдики, аҳолининг 3 ва ундан катта ёшдаги қисмининг қарийб 13,5 фоизи ногиронликнинг қайсидир шаклига эга, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклларига эга. Бундан ташқари, тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, хўжаликларнинг 45 фоизида ногирон киши яшайди ва уларнинг 14 фоизида оғир касалликка чалинган одам бор", дейилади ҳисоботда.

Тадқиқотчилар ночор аҳволдаги бу одамларнинг 25 фоизига зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ва қонун билан белгиланган имтиёз ва енгилликларга қарамасдан, тиббий ёрдам олишда турли сунъий тўсиқларга дуч келаётганини аниқлаган.

Тадқиқот хулосасида ногирон болаларнинг мактабгача таълимга бўлган имконияти ногирон бўлмаган болаларга нисбатан деярли 20% пастроқ экани айтилади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон пойтахтида 70 минг ногирон ва яна 300 минг кекса одам борлигига қарамай, бинолар ва ижтимоий инфратузилмаларнинг 85 фоизи, улар фойдаланиши учун мослаштирилмаган.

Шунингдек, ногиронларнинг иш топиш имконияти ногиронлиги бўлмаганларга нисбатан тақрибан тўрт баравар камлиги қайд этилган.

“Тизим ўзгармагунча, кичик гуруҳлар ҳолати ўзгармайди”

Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг собиқ ўринбосари, ҳозирда Германияда яшаётган сиёсий фаол "Эркин Ўзбекистон" мухолифат ҳаракати раҳбари Ҳасанбой Бурҳонов "авторитар режимлар ногиронлар каби ҳимоясиз қатламлар ҳисобига кун кўришини" айтади.

Унинг сўзларига кўра, ногиронлар қашшоқлигининг сабабларидан бир мамлакатда авж олган коррупция - ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг катта қисми коррупцион схемалар ёрдамида ўзлаштирилишидир.

Ҳасанбой Бурҳонов
Ҳасанбой Бурҳонов

- 2019 йилда Мирзиёевнинг Германияга қилган ташрифи пайтида ўзбекистонлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари мамлакатда 700 мингга яқин ногирон борлигини айтишганда, маҳаллий экспертлар буни кулгига олди. Мен шунда савол бергандим: “Сизларнинг гапларингиздан Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш шундай зўрки, одамлар ҳаммаси соғайиб кетганми ёки одамлар ногиронликни ололмасдан ўлиб кетяптими? Қайси бирига ишонайлик? Чунки дунёда ногиронлар сони аҳолининг 10-15 фоизини ташкил этади”, деб берган саволимга жавоб ололмаганман.

Бурҳоновнинг фикрича, Ўзбекистондаги ногиронлар муаммолари фақат ўша соҳа эмас, давлат тизимидаги коррупцияга боғлиқ.

"Тизим ўзгармагунча, кичик гуруҳлар ҳолати ўзгармайди, - дейди Ҳасанбой Бурҳонов.

Франциядаги “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти Надежда Атаеванинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда ногиронлар давлат ва жамият эътиборидан четга қолмоқда.

- Муаммолар талайгина. Биринчидан, уларга тиббий ёрдам олиш жуда қийин масала ва уларда тиббий суғурта йўқ, айниқса чекка ҳудудларда зарур бўлган психологик ёрдам етишмайди. Иккинчидан, шу пайтгача мамлакатимизда кар ва кўрлар учун китоблар, ҳатто Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари нашр этилмаган. Тергов ва суд жараёнида ушбу шахслар тегишли юридик ёрдамсиз қолгани ҳолатлари бизга маълум. Учинчидан, ногиронлар учун тақдим этилган ижтимоий имтиёзлар қисман бажарилади, - дейди Надежда Атаева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, мавжуд шароитда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхши томонга ўзгартириш мумкин:

- Бунинг учун улар аллақачон қабул қилинган давлат ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлайдиган жамоат ташкилотларини тузишга имконият яратиш лозим. Аммо Адлия вазирлиги 20 дан ортиқ ногиронлиги бўлган ватандошлар иштирокида нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга бўлган уринишларни рад этгани ҳолатлари бизга маълум.

Ўтган йил июнида Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган. Ўзбекистон конвенцияни 2009 йилнинг 27 февралида имзолаган, бироқ ўтган йилгача уни ратификация қилмаган эди.

Конвенция унинг 12-моддасига қўшимча шарт билан ратификация қилинган. Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг изоҳ беришича, ушбу модда ментал ногиронлар ҳуқуқларини амалга ошириш ҳақида бўлиб, уни ратификация қилишнинг кечиктирилгани давлат ногиронларга "ҳуқуқ лаёқати, масалан, мустақил равишда судга ариза топшириш ҳуқуқини беришга ҳозирча тайёр эмас"лигини англатади.

XS
SM
MD
LG