Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Жиззахда ўқитувчилар "Сўғдиёна" клуби учун пул ўтказишга мажбурланди


Жиззах вилоятидаги мактабларнинг ишчи-ходимлари ойлигидан бир кунлик иш ҳақи (ўртача 70-100 минг сўм оралиғида) “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисобига ўтказилмоқда. Халқ таълими мутасаддилари таълим тизими ходимлари ойлигидан мажбуран пул ундириш вилоят ҳокимининг махсус қарори билан амалга оширилаëтганини билдирди.

“Ишдан ҳайдаш таҳдиди билан ойлигимдан ушлаб қолишди”

Озодликка боғланган жиззахлик ўқитувчиларнинг айтишича, октябрь ойи ойлигидан бир кунлик иш ҳақи вилоятдаги “Сўғдиёна” футбол клубига ўтказиб берилган. Ишдан ҳайдалишидан чўчиб исми сир сақланишини сўраган Жиззах туманларидаги мактаблардан бири ўқитувчисига кўра, пул ўтказишга рози бўлмаганларга босим қилинган.

“Директоримиз мажлис қилиб, “Сўғдиёна” клуби учун бир кунлик ойлик ўтказилишини айтди. Кўпчилик қарши чиқди. Биринчидан, бу оз пул эмас (ками 70 минг сўм). Иккинчидан, нафақат мен, барча аёл ҳамкасбларим футболга қизиқмаймиз. Шунинг учун нимага ўтказишимиз керак. Лекин директор бу ҳокимиятнинг қарори экани, уни бажармаган одам ишдан кетиши ҳақида айтди. Кейин ҳаммамиз ишдан ажралишдан қўрққанимиз учун рози бўлдик”, дейди жиззахлик ўқитувчилардан бири.

“Сўғдиёна” учун пул йиғиш акцияси

Озодлик Жиззах вилояти ҳокимининг “Сўғдиёна” футбол клуби учун пул йиғиш акцияси борасидаги фармойиши нусхасини қўлга киритди. Вилоят

ҳокими Эргаш Солиев имзолаган ушбу ҳужжатдан маълум бўлишича, “Сўғдиёна” клуби моддий ёрдам сўраб ҳокимликка мурожаат қилган ва вилоятдаги бошқармалар, идоралар, хўжалик бирлашмалари клубни моддий қўллаш ташаббуси билан чиққан. Ҳокимлик ушбу ташаббусни қўллаб пул йиғиш акциясига старт берган.

Ҳужжатга кўра, клуб учун пул йиғиш акцияси доирасида 3-4 ноябрь кунлари хайрия ҳашари ўтказилган. Ҳоким фармойишида¸ "ҳашар муносабати билан бошқарма, идора ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағ"ни “Сўғдиёна” клуби ҳисоб рақамига ўтказиб бериш буюрилган.

“Ихтиёрийлик аризаси ёзишга мажбурлашди”

Ҳоким фармойишида клуб учун пул ўтказиш ихтиёрий равишда бўлиши қайд қилиб қўйилган. Бироқ Озодликка боғланган ўқитувчиларга кўра, клуб учун пул йиғиш асосан мажбурий кўринишда бўлган.

“Октябрь ойи ойлигимизни бермасдан ушлаб туришди. Ойликни олиш учун “Сўғдиёна” ҳисобига пул ўтказиш ҳақида ариза беришимиз кераклигини айтишди. Ҳамма қаршилик билдирди. Директор “Ким ариза ёзса, ойлигини олади” деди. Кейин “Клуб учун ойлигимиздан пул ушланишига розимиз” деб ёзиб бердик. Менинг ойлигимдан 70 минг сўм ушланди”, дейди Жиззах вилоятининг яна бир туманидаги ўқитувчи.

Ҳоким фармойишида "Сўғдиёна" учун пул йиғиш акциясида вилоятдаги “бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотлар” бирдай иштирок этиши ёзилган.

Айни пайтда Озодликка маълум бўлишича, ушбу акцияда¸ асосан¸ мактаб ўқитувчилари иштирок этмоқда.

Жумладан, 6 октябрь куни Озодлик мухбирининг Жиззахдаги турли идораларга қилган телефон қўнғироқлари натижасида вилоятдаги молия, солиқ, адлия бошқармаси, мажбурий ижро бюроси, Давлат хизматлари агентлиги ва банк ходимларининг ойлигидан “Сўғдиёна” клуби учун пул ушланмагани маълум бўлди. Ушбу ташкилотлар ходимлари октябрь ойи ойлигини тўлиқ олганликларини айтишди.

Озодлик “Сўғдиёна” клубининг молиявий аҳволи қай даража эканлигини билиш борасида клуб ижрочи директори Жавлон Салоҳиддинов билан боғланди.

Салоҳиддинов клубнинг молиявий аҳволи яхши эмаслигини тан олди, бироқ бунинг сабабларини изоҳлашни истамади.

- Мен буни изоҳламайман. Изоҳлашга мажбур эмасман. Мен бу темада фақат юқори турувчи органларга жавоб бераман, деди Жавлон Салоҳиддинов.

“Сўғдиёна” клуби 1970 йил “Жиззах” номи остида ташкил қилинган. Кейинчалик клуб номи 6 марта ўзгарган ва 1990 йилдан бери “Сўғдиёна” номи остида фаолият юритиб келмоқда.

Сhampionat.asia нашрига кўра, "Сўғдиёна" клубининг асосий ҳомийси "Ўзбекэнерго" ҳисобланади.

Ўзбекистонда ўқитувчилардан футбол клублари учун пул йиғиш амалиёти аввал ҳам кузатилган. Жумладан, Наманганданги "Навбаҳор" футбол клуби учун ўқитувчилардан пул йиғилгани борасида бир неча бор ёзганди.

XS
SM
MD
LG