Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Ўзтрансгаз ва Ўзбекнефтегаз пул бермай қўйгани ортидан “Бунёдкор” банкротлик ëқасида қолган


Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони
Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони

Саккиз йил олдин дунёнинг энг қиммат мураббийси¸ бразилиялик Луиз Фелипе Сколари ва унинг ватандоши бўлган моҳир ҳужумчи Ривальдоларни ўнлаб миллион долларлик контракт эвазига ёллаган Тошкентнинг "Бунёдкор" футбол клуби бугунга келиб банкротлик ёқасида қолган. Озодлик гаплашган “Бунёдкор” аъзоларига кўра, молиявий муаммолар боис клуб мураббий¸ футболчилари ва техник ходимларига ойлик бера олмаяпти.

Яқин-яқинларгача Ўзбекистоннинг энг бой ва кучли футбол жамоаси сифатида кўрилган “Бунёдкор” клуби асосий ҳомийлари - “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтегаз”дан пул келиши тўхтаб қолгани ортидан оғир молиявий вазиятда қолган.

Клубнинг исми сир қолишини истаган футболчиларидан бири¸ Озодлик билан суҳбатда ўйинчиларнинг 6 ойдан буён ойлик олмаëтганини айтди.

“Олти ойдан буён оч қоринга ўйнаяпмиз, ойлик олганимиз йўқ. "Эрта-индин бўлади", дейишади дарак йўқ. “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекнефтегаз” пул беришни тўхтатган экан. Ҳозир клуб ички молиявий резервлари ҳисобидан кун кўраяпти, у резерв ҳам стадион харажатларини зўрға қоплаяпти”, - деди “Бунёдкор” футболчиларидан бири.

Озодлик боғланган футболчилардан яна бири ҳам ўзи ва жамоадошларининг бир неча ойдан бери ойликсиз ўйнаëтганини билдирди.

“Бунёдкор” жамоасининг молиявий муаммолар гирдобида қолганини Озодлик боғланган клуб матбуот хизмати ҳам эътироф этди.

Клуб матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаев бу муаммоларнинг вақтинчалик эканига умид билдирди:

- Cпонсорлардан пул тушиши тўхтаган, тўғри. Лекин, футболчилар олти ойдан буён ойлик олмагани нотўғри. 2017 йил тўлиқ ёпилган. Ўтган йилдан қарзимиз йўқ. 2017 йил бўйича футболчилар билан ҳам¸ ишчилар билан ҳам қарзимиз йўқ. Январь, февраль учун¸ тўғри қарзимиз бор. Ҳозир мураббийларимиз ҳам¸ раҳбарларимиз ҳам футболчиларга “бу вақтинча ҳолат”, деб тушунтиришаяпти. Энди футболчи шу касбни танлаган экан¸ ўйнаса пулга қараб туриши керак эмасда! Яхши ўйнаса пул уни ўзини қувиб топиб олади, яхши жамоадан таклиф тушиши мумкин, - деди Баҳодир Мирзаев.

Саккиз йил аввал бразилиялик машҳур мураббий Луис Филипе Сколари ва машҳур ҳужумчи Ривалдоларни бир неча ўн миллион долларлик контракт эвазига ёллашни уддалаган “Бунёдкор” клубининг бугун маҳаллий ўйинчиларни сотиб олишга ҳам қурби қолмаган.

“Ўша пайтда спонсорлар бошқа эдида”, - деб сўзида давом этди “Бунёдкор” клуби матбуот котиби Баҳодир Мирзаев:

- Ҳозирга келиб жамоанинг таъсисчилари алмашиб кетган. Ҳозир бошқа таъсисчилар, бошқа ҳомийлар”, - деди Мирзаев.

Бугунга келиб янги ҳомийлар тарафидан “Бунёдкор”ни молиялашнинг тўхтаб қолгани сабаблари ҳақида на “Ўзтрансгаз” ва на “Ўзбекнефтегаз” матбуот хизмати Озодликка изоҳ берди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар орасида “Бунёдкор” ҳомийларининг молиявий дастакни буткул тўхтатгани, клубнинг эса саноқли куни қолгани ҳақида кўп-сўзлар тарқамоқда.

Озодлик билан суҳбатда "Бунёдкор" матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаев бу гап-сўзларни рад этди.

- Клуб вақтинчалик муаммоларни бошдан кечираяпти, эрта-индин ҳал бўлади, - деди Мирзаев.

“Бунёдкор” нинг "олтин даври" саналган 2000 йилларда унинг ортида мамлакатдагиаксар даромадли бизнесни ўз қўлига олган қудратли Zeromax компанияси ва президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова турган эди.

Ширкат бошқарувчиси Миродил Жалолов қамоққа олиниб¸​ 2010 йилда Zeromax касодга учрагани эълон қилинди ва унга тегишли барча мол-мулкка ҳибс қўйилди.

Шундан сўнг¸ “Бунёдкор” клубини молиялаш “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтегаз” ширкатларига топширилди.

XS
SM
MD
LG