Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Швецияда террор ҳужуми режалаганликда гумонланиб ҳибсга олинганлар ўзбеклар экани айтилмоқда (ВИДЕО)


30 апрель куни ҳибсга олинган ўзбекистонликлар самарқандлик Раҳмат Оқилов 2017 йил 7 апрель куни Стокҳольм марказида амалга оширган террор хуружидан сўнг швед махсус хизмати эътиборига тушган.
30 апрель куни ҳибсга олинган ўзбекистонликлар самарқандлик Раҳмат Оқилов 2017 йил 7 апрель куни Стокҳольм марказида амалга оширган террор хуружидан сўнг швед махсус хизмати эътиборига тушган.

30 апрель¸ душанба куни тонг саҳарда Швеция хавфсизлик полицияси мамлакат шимоли ва пойтахтида махсус амалиëтлар ўтказди.

Швеция махсус хавфсизлик полицияси (Säpo) матбуот котиби Karl Melinнинг Озодликка айтишича¸ аксилтеррор амалиëтлари натижасида уч шахс қўлга олинган ва яна бир нечтаси сўроққа олиб кетилган:

- Бугун эрта тонгда Швеция махсус полицияси полиция кучлари билан биргаликда ҳам Стокҳольмда¸ ҳамда Швеция шимолида аксилтеррор амалиëтлари ўтказди. Учта шахс террор ҳужуми амалга оширишга тайëргарлик кўраëтганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу шахслар анчадан бери махсус кучлар кузатувида бўлган¸- деди Karl Melin 30 апрель куни Озодлик билан суҳбатда.

Expressen канали Стокҳольм шимолида амалга оширилган махсус амалиëтга оид айрим кадрларни намойиш қилди.

Швеция махсус хизматлари матбуот котиби давом этаëтган тергов ва оператив амалиëтлар боис¸ қўлга олинган шахслар кимлиги ва уларнинг айнан қайси ҳудудда қўлга олинганини ҳозирча ошкор қила олмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ мазкур операцияга бевосита алоқадор бўлган швед мулозимига кўра¸ қўлга олинган учала шахс ҳам пойтахт Стокҳольм шимолидаги Акалла районида яшаб келган ўзбекистонликлардир.

“Бу шахслар Раҳмат Оқилов хуружидан кейин махсус полиция эътиборида бўлган. Улардан биттаси Оқиловга бевосита алоқадор. У ҳам асли самарқандликликлардан”¸ - деди Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган швед расмийси.

Швеция хавфсизлик полицияси матбуот котибига кўра¸ қўлга олинганлар анчадан бери террор хуружи амалга ошириш режаси устида иш олиб борган.

“Улар бир неча ойдан бери террор хуружига тайëргарлик кўриб келган. Бу жараëннинг қайси босқичда экани судда очиқланади. Айтишим мумкин бўлгани¸ Швеция¸ хусусан¸ пойтахт Стокҳольмда террор хуружи эҳтимоли баландлигича қолмоқда ва махсус полиция бундай эҳтимолнинг олдини олиш учун қаттиқ ишламоқда. Бу шахслар¸ ана шу ҳаракатлар доирасида қўлга олинди”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Швеция хавфсизлик полицияси матбуот котиби Karl Melin.

Стокҳольмда қўлга олинганлардан бирининг акаси билан суҳбатлашган SVT канали унинг: “Укамнинг муаммоси бу ерда (Швеция назарда тутилмоқда -таҳр.) эмас¸ Ўзбекистонда эди”¸ - деган гапини иқтибос келтирди.

Воқеа тафсилотини ўрганишга уринаëтган Швециядаги ўзбек жамоаси вакиллари¸ қўлга олинганлардан бирининг Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқибга учрагани асосида Швециядан бошпана сўраган тошкентлик диндор эканини билдирди.

“Тошкентлик ака-укаларнинг иккаласини ҳам ушлашди. Укаси сўроқдан кейин қўйиб юборилди¸ акасини ҳибсга олишди. Учинчи шахснинг қирғизистонлик ўзбеклардан экани айтилмоқда¸” деди Озодлик суҳбатлашган Швециядаги ўзбекистонликлардан бири.

Швед хавфсизлик тизимининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган расмийси ака-укаларнинг ушлангани ва акасининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. (Озодлик ихтиëрида ака-ука шахсига оид аниқ маълумот бор¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис¸ уни очиқланмаëтир.)

Швеция жамоатчилик телевидениесининг кечки хабарларида айтилишича, аксилтеррор операциялари мамлакат шимолидаги Стромшундда хам амалга оширилган. Бу минтакада 2012 йил февралида отиб кетилган Обид Назаров ва унинг издошлари яшаган.

Швеция хавфсизлик полицияси матбуот котиби Karl Melin ¸ қўлга олинган шахслар тергови билан мамлакат прокуратураси шуғулланаëтгани ва яқин кунларда уларни ҳибсда қолдириш-қолдирмаслик масаласининг судда кўриб чиқишини билдирди:

- Гумонланувчилар шахси ана шу жараëнда очиқланиши мумкин¸ - деди матбуот котиби жумладан.

2017 йилнинг 7 апрелида ўзбекистонлик қочқин¸ Швецияда бошпана изловчи мақомида яшаб келган Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиëдалар юрувчи кўчада юк машинасини одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 15 нафари жароҳатлаган эди.

Бу ишни "Ислом давлати" гуруҳи амирининг буйруғи билан амалга оширганини эътироф этган Раҳмат Оқилов устидан маҳкама давом этмоқда.

26 апрель кунги суд мажлисида Швеция прокуратураси вакили Раҳмат Оқиловга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради.

Оқилов устидан жорий йилнинг 13 февралда бошланган суд ҳукмининг июнь ойида эълон қилиниши кутилмоқда.

Озодлик ўтказган махсус суриштирув давомида самарқандлик Раҳмат Оқиловнинг Стокҳольмдаги террор ҳужумини Суриядаги тожикистонлик ишидчилар билан ҳамкорликда амалга оширгани аниқланган эди.

Швециядаги энг йирик террор хуружини содир этган Раҳмат Оқилов изидан
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:41 0:00

XS
SM
MD
LG