Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

"Шуҳрат Домбрабадский" ва унинг акаси устидан суд бошланди


Шуҳратилла (ўнгда) ва Шавкат Носировлар
Шуҳратилла (ўнгда) ва Шавкат Носировлар

10 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида халқ орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратилла ва унинг акаси Шавкат Носировлар устидан суд жараёни бошланди.

Ака-укалар Жиноят кодексининг 145-, 165-, 227- ва 228-моддаларида кўзда тутилган - виждон эркинлигини бузиш, товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш каби қатор жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

8 июнда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимларидан иборат махсус гуруҳ 61 яшар Шуҳратилла ва унинг 62 яшар акаси Шавкат Носировни Тошкентдаги уйидан олиб кетгани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик 26 июнь куни хабар қилганди.

Орадан ўн кун ўтиб Носировларнинг синглиси Гулнора Расулова ҳам ҳибсга олинган ва Озодлик хабари ортидан бир неча кун ўтиб қўйиб юборилган эди.

Ёпиқ суд

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 10 декабрь куни соат 11:00 да бошланган жараён ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда.

"Суд раиси Зафар Нурматов тингловда қатнашаётганлардан суд жараёни ҳақида ҳеч кимга маълумот бермаслик ҳақида тилхат ёздириб олган", деди жараёндан огоҳ бўлган суд мулозимларидан бири.

Унинг қўшимча қилишича, суднинг дастлабки кунида ака-ука Носировлар ва уларнинг адвокатига "дело билан танишиш учун вақт берилган".

"Айбсизлик презумпцияси"

Ака-ука Носировлар ҳибсга олинишидан уч ҳафта ўтиб, яъни 1 июлда "Ўзбекистон-24" телеканали улар ҳақида "Манманликнинг охирги бекати" номли ҳужжатли фильмни намойиш қилди.

YouTube тармоғига жойлаштирилган фильмда Шуҳратилла Носиров ва унинг акаси устидан суд-тергов материаллари намойиш этилган.

Фильмда даъво қилинишича, ака-ука Носировлар Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги "Носирхон" жомеъ масжидини "муқаддам ўз ҳисобларидан қурдирганликларини айтиб, уни ўзларнининг шахсий мулкига айлантиришга уринганлар".

"Хусусан, бу зўравонлар масжиднинг муҳр ва штампини ўзбошимчалик билан қўлга киритиб, муҳрда мавжуд бўлган O'zbekiston Musulmonlari Idorasi сўзларини олиб ташлаган ҳолда янги шаклни ясатишган ва масжид номидан иш кўриб келишган," дея таъкидланади ҳужжатли фильмда.

Шунингдек, ​ака-укаларни айбдорлар сифатида тақдим этган ушбу фильмда уларнинг масжид номини ўзгартиришга уринганликлари алоҳида айтилади.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган Шуҳрат Носиров яқинларидан бири "Ўзбекистон-24" каналини айбсизлик презумпциясини яққол бузганликда айблади.

"Айбсизлик презумпцияси қаерда қолди? "Ўзбекистон-24" қачонгача фуқароларнинг ҳуқуқларини очиқчасига поймол қилади? Суд ҳали бўлиб ўтгани йўқ, ҳукм чиқарилгани йўқ. Лекин фильмни томоша қилсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Суд бўлмай туриб телевидение одамларни очиқчасига айбдорга чиқариб қўйган. Шуми адолат?" - деди Шуҳрат Носиров яқинларидан бири.

30 минг доллар

"Домбрбадский"ни ҳибсга олиш жараёни
"Домбрбадский"ни ҳибсга олиш жараёни

Шуҳрат Носиров маҳалладошларидан бирига кўра, ака-ука Носировларнинг ҳибсга олинишига уларга қарши Носировлар холаваччаси Баҳодир Шароповнинг ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилгани сабаб бўлган.

Шуҳрат Носиров¸ холаваччаси Баҳодир Шароповнинг Дўмбробод даҳасида жойлашган ҳовлисини сотиш режасидан ғазабга келган, ундан уй ҳужжатларини қайтариб олган.

"Аслида, бу ҳовли Шуҳрат аканики бўлган. Баҳодир Шаропов уйини сотиб юбормоқчи бўлганини эшитиб, Носировлар ундан ҳужжатларини қайтариб олишган. Бундан норози бўлган Баҳодир Шаропов милицияга шикоят қилган," - деди исмини ошкор этмасликни сўраган ака-ука Носиров маҳалладошларидан бири.

Бироқ Баҳодир Шаропов Озодлик билан суҳбатда ҳодисанинг мутлақо бошқача манзарасини тасвирлади:

- Мен шикоят қилмаганман. Шавкат ака, Шуҳрат ака менинг устимдан ёзган. Туҳмат қилган. Мен билмаганман. Менга туҳматлар қилган. Лекин ўзлари қилган бўлиб чиқди. Шунинг учун ўтирибди, - деди Баҳодир Шаропов.

Унинг иддао қилишича, холаваччалари уни 2017 йил ноябрида "30 минг доллар олдим" дея тилхат беришга мажбурлаганлар.

- Энди сиз Шуҳратни биласизми? У шофер эмас, у магазинчи эмас. Тушунтира олдимми? У авторитет бўлган одам. Шунинг учун ҳам унга қаршилик қилишим бефойда эди, - деди Баҳодир Шаропов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00
Бевосита линк

Дўмбрабодлик Шуҳрат

Шуҳрат Носиров икки йил муқаддам қамоқдан озод этилганди
Шуҳрат Носиров икки йил муқаддам қамоқдан озод этилганди

Тошкентликлар орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратулла Носиров 90-йилларда "ўғирланган машиналарни топиб берадиган" авторитет сифатида танилган.

У 1993 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва икки "раскрутка" билан жами 23,5 йил қамоқда ўтирган.

Дастлабки ҳукмда таъкидланишича, Шуҳрат Носиров "автомобиль воситаларини олиб қочиш, бошқалар мулкини тортиб олиш, тамагирлик, ўғирлик, мол-мулкка қасддан зиён етказиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва қурилиш молларини ноқонуний ўзлаштириш"да айбдор деб топилган.

"Шуҳрат Домбрабадский" 2016 йил 18 августда, Жазони ижро этиш бош бошқармаси қарори билан, муддати тугагани боис қамоқдан озод қилинган эди.

Озодлик гаплашган яқинлари, қамоқдан чиққандан кейин Шуҳрат Носировнинг "ҳеч кимга қўшилмай, осуда" ҳаёт кечириб келганини билдирди.

Суд жараёни декабрь ойи охирига қадар давом этиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG