Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Президент билан ҳажга борган Шуҳрат Домбрабадский Жаслиқнинг умрбод тутқунига айланди


Жаслиқ тутқуни Шуҳратилла Носиров.
Жаслиқ тутқуни Шуҳратилла Носиров.

1991 йилдан 1994 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги машина эгаларини машинани ўғирлатишдан кўра уни “кўча болалари”дан қайта сотиб олиш истиқболи кўпроқ даҳшатга солган. Ўтган асрнинг 90-йилларида уйига ўғри тушган ëки машинасини ўғирлатган одамлар милицияга эмас, Шуҳрат Домбрабадскийга мурожаат қилган. Гувоҳларнинг айтишича, Чилонзордаги “Новза” масжиди ҳужраларининг кўрпача тўшалган саҳнида машинасини олдирган мазлумларнинг ҳикоясини эшитиб, “адолатни қарор топтирадиган” афсонавий қудрат соҳиби эди Шуҳрат Домбрабадский.


Шуҳрат Домбрабадский ҳақида бир бирига зид эртакнома гаплар юради.

Бировлар учун у таксичидан чиққан оддий талончи. Яна бировлар назарида мусулмонлар учун ўз пулига Тошкентда масжид қурган ва Каъбатуллоҳни Ўзбекистон президенти билан бирга тавоф қилган авлиë. Бошқа бировлар эса Шуҳрат Домбрабадскийни бойларнинг пулини тортиб олиб, хайрли ишларга сарфлаган, кучсизларни золимлардан ҳимоя қилган эзгу ниятли қароқчи Робин Гуд сифатида билади. Яна кимлардир уни 1993 йилда Тошкентдаги Дендропарк мавзеида мафия каллакесарларини отиб ўлдирган қахрамон, деб билишади. Бошқа бир тоифа эса уни МХХ раиси Рустам Иноятовнинг шахсий душмани, деб ишонади.

Озодлик суҳбатлашганларнинг кўпчилиги Шуҳрат Домбрабадский аллақачон ўлиб кетган деб ўйлашларини айтишди. Уларнинг иддаосига кўра, Шуҳрат Домбрабадский гўëки 1994 йилда суд ҳукми бўйича отиб ўлдирилган.

Суҳбатдошлар Шуҳрат Домбрабадскийнинг қай тарзда отиб ўлдирилганини тафсилотларигача эринмасдан, худди ўзлари гувоҳ бўлган каби айтиб беришади. Масалан, Домбрабадский уни отмоқчи бўлган суд ижрочисига: "Ботинкамнинг ипини боғлаб қўй" деб буюрган ва суд ижрочиси бу илтимосни бажарган...

Айни пайтда Озодликка Шуҳрат Домбрабадскийнинг тирик экани ва шу кунларда Жаслиқдаги қамоқда жазо ўтаëтгани маълум бўлди.

Айтилишича, Шуҳрат Домбрабадский Ўзбекистон президенти топшириғига кўра¸ МХХ нинг кучли назорати остида 21 йилдан бери қамоқда сақланмоқда.

Александр Дюма ëзган Граф Монте-Кристо романи қаҳрамони - марселлик денгизчи Эдмон Дантеснинг 14 йил қамоқда ўтиргани ўқувчини даҳшатга солган эди.

Машина ўғирлагани учун қамалган масжид мутаваллиси Шуҳрат Домбрабадский эса 21 йилдан бери қамоқда.

Агар Эдмон Дантес ўтирган Иф қамоқхонасини денгиз ўраб олган бўлса¸ Шуҳрат Домбрабадский ўтирган Жаслиқ қамоқхонаси атрофини қуш учса қаноти, одам юрса оëғи куядиган қум-саҳролар ўраб олган. Жаслиқ қамоқхонаси қурилганидан бери ҳали бирор маҳкум бу зиндондан қоча олмаган.

Демак, ҳикоямиз умрбод тутқун экани айтилаëтган Шуҳрат Домбрабадский (Шуҳратилла Носиров) ҳақида.

Жаслиқ тутқуни

1994 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан махрум қилинган 57 ёшли Шуҳратилла Носиров ҳануз Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда.

21 йилдан бери қамоқда жазо ўтаëтган Шуҳратилла Носировни бориб кўрган яқинлари маҳкумнинг қийноққа солингани ва арзимаган сабабларни баҳона қилиб, қамоқ муддатига муддат қўшиб берилганини Озодликка айтиб беришди.

Тошкентликлар орасида Шуҳрат Домбрабадский дея танилган маҳкумнинг жазо муддати 2009 йил сентябр ойида тугаган бўлса-да, унга яна муддат қўшиб берилган.

Маҳкумнинг келини Шаҳноза Озодлик билан суҳбатда ўз қайнотасининг умрбод тутқунга айланганидан шикоят қилди:

- Биз қайнотамнинг чиқишини кутган эдик. Қайнотам звонокдан звоноккача ўтирдилар. Чиқади, деб турувдик - йўқ, бўлмади. "Ташқаридан дори киритиб ичди" дея раскрутка қилиб, муддатига муддат қўшиб беришди. Умримиз қамоққа қатнаш билан ўтиб кетаяпти. Топган-тутганимизни қамоққа ташиш билан 21 йил ўтиб кетди. Чиқишларидан дарак йўқ. Жаслиққа қатнаш мушкул биз учун. Яқинроқ зонага олиб келишини сўраб хат ëзсак, ГУИН (Жазони ижро қилиш бошқармаси) рад қилди, - дейди маҳкумнинг келини Шаҳноза Озодлик билан суҳбатда.

Президент назоратидаги тутқун

Машина ўғирлаш, талончилик ва жиноий гуруҳ тузишда айбланиб, 1993 йил сентябрида қамоққа олинган ва 1994 йили суд қилиниб, 15 йилга кесилган Шуҳратилла Носиров ким? Нега ҳар йили чиқадиган амнистия уни четлаб ўтади? Нега 15 йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўтаган Носировга икки марта қайтадан муддат қўшиб берилди? Шухратилла Носиров билан Қашқадарëнинг Шайхали қамоқхонасида бирга ўтирган собиқ маҳбус, ҳозир Швецияда яшаëтган Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг Озодликка айтишича, Шуҳратилла Носиров президент назоратида турадиган ва қамоқдан чиқарилмайдиган тутқунлар сирасига киради:

- Зонада уни "президент назоратида турадиган маҳкум" деб билишади. Жиноий гуруҳларнинг кўзга кўринган вакиллари ëки Самандар Қўқонов каби сиëсий арбобларни президент назоратида туради, деб айтишар эди. Баъзи дин пешволари ҳам бу сирага кирган. Масалан, қўқонлик имом Муҳаммад Ражаб домла, йирик тадбиркор Рустам Усмоновни ҳам президент назоратида туради, деб билишган. Қамоқдагилар Шуҳрат ҳожи Домбрабадский деб айтадиган маҳкумни ҳам президентни ўзи назорат қилади, деб ўйлашади. Лекин бу унчалик тўғри эмас. Аслида улар СНБ назоратида туради. СНБ қамоқ маъмуриятига уларни қамоқдан чиқармаслик топшириғини берган. Уларнинг озод бўлиш муддати яқинлашганда янги муддат қўшилади-да, зонама-зона олиб юрилаверади, - дейди ўзбек қамоқхоналарининг собиқ маҳбуси Муҳаммадсолиҳ Абутов.
Шуҳратилла Носиров қамалишидан олдин "Носирхон" масжидини қурган
Шуҳратилла Носиров қамалишидан олдин "Носирхон" масжидини қурган
Ўзбекистон президентининг 1993 йилдаги уюшган жиноятчиликка қарши олиб борган кураш тадбирлари иштирокчиси, журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаëтган йирик криминал авторитетлар ҳақиқатан ҳам президент назоратидадир.

- Бундай назоратнинг тарихи бор. 1992 йилда Аҳрор деган андижонлик криминал авторитет Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги коррупция боис қамоқда жазо ўтаëтган еридан бемалол чиқиб, Асакага бориб, туғилган кунини ўтказган. Бу гап президент қулоғига етганда катта жанжал бўлган эди. Шундан бери қамоқда жазо ўтаëтган жиноий оламнинг йирик вакиллари президент назоратида туради. Шуҳрат Носиров масаласи бу жиддий масала. Масалан, ўша пайтда президент ҳам самолёт трапигача пиëда юриб борар эди. Носиров бўлса, трапгача машинада боришни одат қилган эди. Кошки иш шу такаббурлик билан кифояланса. Носиров қанча одамларнинг машиналарини ўғирлаб, ўзларига қайтадан сотган. Жамият бундай одамлардан иҳота қилиниши керак, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақидаги китоб муаллифи¸ собиқ маҳкум, ҳозир Швейцарияда яшайдиган Сафар Бекжон 1994 йили Тоштурма ертўласида Шуҳратилла Носиров билан учрашганини эслайди:

- У мен ўтирган камерага бемалол кириб келиб, ҳол-аҳвол сўради. Ташқарига мактуб чиқариш ва ташқаридан озиқ-овқат олиш каби баъзи маиший масалаларда менга ëрдам берди. Умуман, зона ичида унинг обрўси баланд эди. Зонадаги диндорлар уни Шуҳрат ҳожи деб аташса, қолганлар учун у Домбрабадский эди, - деб эслайди собиқ тутқун Сафар Бекжон.

Дендропаркдаги отишма ëки Домбрабадскийнинг қамоққа олиниши

1993 йил ëзида Дендропаркдаги отишма нафақат Тошкентни, балки бутун Ўзбекистонни ларзага солган эди. Ўша пайтда Тошкентда таҳсил олган бухоролик талабанинг эслашича, Шуҳрат Домбрабадский Дендропаркда Тошкентдаги криминал гуруҳларнинг "кучишлатар" барзангилари билан “разборка” киришади ва улардан икки нафарини отиб ташлайди.

Яна бир иддаога кўра, ана шундан кейин криминал гуруҳлар “воровской кодекс”га зид тарзда ҳукумат билан ҳамкорлик қилиб, Шуҳрат Домбрабадскийнинг қамоққа олинишини таъминлайди.

Бундан 21 йил олдин содир бўлган бу воқеа ҳақидаги иддаоларни тасдиқлаш ëки инкор қилиш имконига эмасмиз.

Қўлимизда Тошкент шаҳар жиноят ишлари судининг 1994 йил 29 сентябрида ўқилган ҳукми бор.

Носиров устидан чиқарилган суд ҳукм
Носиров устидан чиқарилган суд ҳукм
Бу ҳукм индаллосида талончилик, уюшган жиноятчилик ҳақида айтилади.

Шуҳратилла Носировни 15 йил озодликдан ҳукм қилиш ҳақидаги 21 вараққа жо бўлган ҳужжатда маҳкумнинг қилмиш тафсилотлари акс этган.

Ҳукмга кўра, Носирхон масжиди мутаваллиси Шуҳратилла Носировнинг уйидан 10 та ўқ, 1 дона граната ва 2 граммдан кўпроқ наркотик модда чиққан. Шунингдек, суд тергови мобайнида Носиров тарафидан “Тошкентмармар” ширкатидан Носирхон масжиди қурилиши учун олинган мармар деталлар ҳужжатларида ноаниқлик бўлган. Суд ҳукмида Носировнинг автомобилларни ўғирлаб, мукофот пули эвазига қайтариб бергани уюшган жиноятчилик сифатида малакаланган.

Суд раиси Назарова Т.Х. ҳакамлигида ўтган бу маҳкама Шуҳратилла Носировнинг мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳам ажрим чиқарган.

"Носиров Шуҳратдан мусодара қилинган бир дона граната, 10 дона ўқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қайтарилиши лозим", дейилади ҳужжатда.

Ҳукм билан танишган ва исми ошкор этилишини истамаган ҳуқуқшуноснинг айтишича¸ Шуҳратилла Носировга бу айблар асосида 15 йил берилиши мантиқан тўғри эмас:

- Ҳукмнинг 10 та патрон¸ граната ва наша қисми ўта ишончсиз ва гувоҳлар кўрсатмаси билан исботланмаган. Бу "далил-исбот"нинг милиция томонидан ташлаб қўйилгани ҳукмдан билиниб турибди. Бошқа тарафдан қарасак, айни айбнома билан бир одамни 21 йилдан ортиқ тутқунликда ушлаб туриш ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, оддий инсоф юзасидан ҳам нотўғри, - дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG