Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:52

"Гилам устидаги уруш". Тошкентда рассом Шуҳрат Бобожоновнинг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда


Шуҳрат Бобожонов. "Гилам устидаги уруш". "Ҳамар" арт-галереяси - Тошкент, ноябрь, 2021 йил.
Шуҳрат Бобожонов. "Гилам устидаги уруш". "Ҳамар" арт-галереяси - Тошкент, ноябрь, 2021 йил.

Тошкентдаги “Ҳамар” бадиий галереясида таниқли ўзбек рассоми Шуҳрат Бобожонов асарларининг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

1 ноябрь куни очилган кўргазма асносида 20 йил муқаддам сиёсий босимлар туфайли Ўзбекистонни тарк этган ва АҚШ ватандоши бўлган муаллифнинг ўзи ҳам биринчи марта Ўзбекистонга сафар қилди.

Кўргазма ташкилотчилари орасида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳам бор. Унда намойиш қилинаётган асарларнинг айримлари, “Ҳамар” арт-галереяси вакили Ширин Тошеванинг айтишича, 2016 йилда “ёқиб юборилиш” таҳдиди остида қолган эди.

58 яшар Шуҳрат Бобожонов нафақат таниқли рассом, балки мустақил журналист, Ўзбекистонда ҳозиргача блокланган Озодлик радиоси ўзбек таҳририятининг собиқ ходими ҳамдир. У Каримов даврида Рассомлар академияси аъзолиги ва Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилишини журналистик фаолияти билан ҳам боғлайди.

Кўргазма Ўзбекистондаги рассомлар ҳамжамияти ва тасвирий санъат мухлислари билан бир қаторда Каримов даврида асарлари тақиқланган ва расмий матбуотда қораланган ижодкорнинг тақдири билан қизиққан кенг жамоатчиликнинг ҳам эътиборини тортди, тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Мирзиёевча илиқлик” ёки пиар?

Тошкентдаги кўргазма ҳақида биринчилардан бўлиб эълон қилган Ўзбекистон халқ рассоми ва собиқ маданият вазири Турсунали Қўзиев Шуҳрат Бобожоновнинг кўргазмаси “мирзиёевча илиқлик” сиёсатининг натижаси экани ҳақида ёзди.

“Ниҳоят, узоқ йиллар сургунда юрган рассомнинг чорак аср тақиқда бўлган асарлари «Ҳамар» кўргазмалар залида намойиш қилинмоқда. Фақат мирзиёвча илиқлик туфайли у Тошкентга келиб ўзининг шахсий кўргазмасини очмоқда. Рассомнинг бу йўли узоқ бўлди. Унинг ўзи айтганидек, “тошларни териш даври” келмоқда” , деб ёзди 30 октябрь куни Фейсбукда Турсунали Қўзиев.

Аммо Лондонда яшаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги қадамларини “сиёсий илиқлик”дан кўра “пиар-лойиҳа”га ўхшатади.

Шуҳрат Бобожонов Тошкентдаги кўргазмада (чапдан иккинчи)
Шуҳрат Бобожонов Тошкентдаги кўргазмада (чапдан иккинчи)

“Ҳақиқатан ҳам охирги пайтларда қатор ўзбек сиёсий қочқинлари ватанига қайтди. Бу ҳақиқий илиқлик белгиси ҳисобланадими? Мен бундай хулоса чиқаришга шошилмаган бўлардим. Ҳозирча фақат режимга хавф ташкил қилмай қўйган, аллақачон уни ошкора танқид қилишни тўхтатган одамларгина қайтди. Биз ҳали амалдаги танқидчилардан биронтасининг қайтиб, танқидни давом эттирган ҳолатни кўрмадик. Аксинча, маҳаллий танқидчиларга нисбатан ҳали ҳам репрессив чоралар қўлланаётгани, сўнги пайтларда уларнинг кучайганига гувоҳ бўляпмиз.

Режим танқидчиларига нисбатан ҳақиқий илиқлик ўрнига ўзига хос ўйин, қандайдир пиар-лойиҳа олиб борилаётгандай”, деб ёзди Алишер Илҳомов 2 ноябрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Шуҳрат Бобожонов маҳаллий Qalampir. uz нашрига берган интервьюсида Ўзбекистонда "замон ўзгаргани" ва "ўзгаришлар Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан боғлиқ" эканини айтди. Озодлик билан суҳбатда у ўзгаришлар қуйидан - жамиятдан келмаётгани, балки "шахс сифатида Мирзиёевнинг роли катта" деб ҳисоблашини таъкидлади.

Шуҳрат Бобожонов ўтмишда ҳукуматнинг “қора рўйхати”да бўлиб, шу кунларда Ўзбекистонга сафар қилишига изн берилган биринчи журналист ёки фаол эмас. Президент сайлови арафасида 2005 йилдаги Андижон қирғини ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган камида уч журналист – Матлуба Азаматова, Зокир Иброҳимов ва Галима Бухарбаеваларнинг ҳам Ўзбекистонга сафар қилгани маълум бўлди.

Озодликка Ўзбекистон ташқарисида яшаётган яна бир қатор мустақил журналист ва фаолларга “ватанга қайтиш” таклиф қилингани маълум.

Алишер Илҳомов Мирзиёев ҳукумати шу йўл билан мамлакат ташқарисидаги танқидчилар доирасини торайтиришга уринаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

“Мақсад - мамлакатнинг ўзида камчиликларни танқид қилиш учун майдон яратиш эмас, аксинча, режимга нисбатан танқидий муносабатда бўлган қочқинларнинг бир қисмини нейтраллаштириш орқали бу доирани янада торайтириш, эҳтимол, ҳали ҳам муҳожиротда фаол бўлганларни обрўсизлантириш бўлиши ҳам мумкин”, - дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Ўзбекистонга қайтиш таклиф қилинган хориждаги фаоллардан бирининг айтишича, расмийлар ўзаро мулоқотда бу таклифнинг “пиар эмаслиги ва Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар бўлаётгани”га ишонтиришга уринганлар.

"Очиғи, шу гапга мени ишонгим келди. Эҳтимол, Шавкат Мирзиёев ўзининг бу қарори билан хақиқатда Ўзбекистон имиджини яхшиламоқчидир? Агар, Ўзбекистонга кирган биронта таниқли ўзбек фаоли, мухолифатчиси ёки журналисти, ўша ерда босимга учраса, ёки йўқолиб қолса, бу факт аввало президент Мирзиёевнинг халқаро имиджига зарба бўлади-ку?! Шу нарса керакми Мирзиёевга? Менимча йўқ. Қолаверса, бугун Ўзбекистонга борган фаолларнинг барчаси чет эл фуқаролари. Уларга Ўзбекистон ичида бирон зарар тегиши каттагина жанжалга сабаб бўлиши мумкин. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор - принциплар масаласи. Масалан, ватанга бориб келган мухолифатчи, журналист энди Ўзбекистон ҳукуматини аввалгидек танқид қила оладими? Менга ҳам таклиф берганлардан айнан шуни сўрадим. Улар, "бемалол" дейишди. Шундай бўлса-да, мен ҳозирча боролмаслигимни айтдим.

Аслида, менинг бугун Ўзбекистонга қайтишим учун жиддий оилавий сабабим бор... Яқин қариндошим, жигарим, саратоннинг охирги стадиясида ётибди”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган фаол.

Тошкентда сўнгги 30 йилдаги илк шахсий кўргазмасини ўтказаётган рассом Шуҳрат Бобожонов эса, кўргазма ҳукумат пиар-кампаниясининг бир қисми экани ҳақидаги фараз ва “гўёки ҳукуматга сотилгани” ҳақида тармоқларда янграётган танқид ва даъволарни рад этади.

“Тошкент марказида эркин фикрлайдиган ойдинларнинг бир йиғилиши бўлди. Эркин фикр алмашдик. Таниқли мухолифат фаоли Маҳбуба Қосимова, шоиралар Муаззам Иброҳимова, Гўзал Бегим, режимнинг ашаддий танқидчиларидан Фарида Шариф келишди. Вячеслав Охунов, Янис Салпинкиди сингари жуда кўп рассом ҳамкасбларим учун бу бир санъат байрами бўлди. Тошкентнинг қоқ марказида эркин фикрлайдиганлар тўпланиб, фикр алмашдик. Улар жуда яхши фикрда, улар буни пиар деб ўйлашмайди. Ҳар ҳолда, бу кўриниб турган картина”, - дейди Шуҳрат Бобожонов.

"Гилам устидаги уруш". Шуҳрат Бобожоновга кўра, уруш мотиви ўзбек рассомлик санъати учун янги мавзу эмас.
"Гилам устидаги уруш". Шуҳрат Бобожоновга кўра, уруш мотиви ўзбек рассомлик санъати учун янги мавзу эмас.

“Уруш гиламлари"

Ташкилотчиларга кўра, “Гилам устидаги уруш» (War on carpet) кўргазмасидан ўрин олган асарларнинг 22 тасини Ўзбекистон замонавий санъат музейи ҳамда бошқа музейлар фондида сақланаётган асарлар ташкил этади. Муаллиф ва ташкилотчиларнинг айтишича, охирги 20 йилда музейларда чанг босиб ётган бу асарлар кўргазма учун махсус йиғиб олиниб, таъмирланган.

Унда шунингдек, рассомнинг сўнгги йилларда яратган ва Европа музейлари ҳамда шахсий коллекцияларда сақланаётган 10 дан ортиқ асари ҳам намойиш қилинмоқда.

Шуҳрат Бобожоновнинг айтишича, кўргазмадаги асарларнинг катта қисми музейларга оид бўлгани учун сотувга қўйилмайди, аммо унинг Чехия ва Германияда чизган картиналарини сотиб олиш имкони бор. "Тадбиркор дўстларим бу расмларни сотиб олиб, Ўзбекистон давлат санъат музейига совға қилиш бўйича таклиф билдиришди”, деб ёзди муаллиф 25 октябрь куни Фейсбук саҳифасига жойлаштирган эълонда.

Айни пайтда муаллиф кўргазма номи “гилам остидаги” эмас, балки “гилам устидаги уруш” эканига эътибор қаратишни сўради. Унинг сўзларига кўра, кўргазмадаги уруш мотиви янгилик эмас.

“19 асрда Хоразмнинг Каттабоғ қишлоғида яратилган керамик товоқларда порохли милтиқлар тасвири пайдо бўлди. Бу тасвирлар Бухоро минатюра асарларида ҳам учрайди.Дунëда оловли нуқталарида бораëтган қуролли тўқнашувларни ОАВ ва интернет орқали кузатамиз. Айни пайтда бу воқеалар ҳақида рассомлар ҳам мушоҳада қилади”, дейди муаллиф кўргазма концепциясига ёзган шарҳида.

Кўргазма ташкилотчиларидан Ширин Тошева.
Кўргазма ташкилотчиларидан Ширин Тошева.

“Қочиш”

Низомий номидаги Тошкент Давлат институти бадиий графика факультетини тамомлаган Шуҳрат Бобожонов Чингиз Ахмаров, Малик Набиев, Янис Салпинкиди, Исфандиëр Ҳайдаров ва Рўзи Чориев сингари атоқли тасвирий санъат усталаридан сабоқ олган.

1987 йилда у собиқ СССР Раcсомлар уюшмасига қабул қилинган энг ёш ўзбек рассоми бўлган.

Горбачевнинг қайта қуриш йилларида, ўз таъбирича, “бошқа рассом дўстлари қаторида сиёсатга кирган” Шуҳрат Бобожонов мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси сафларида фаолият олиб борган.

1999 йилдаги парламент сайловлари арафасида Урганчдаги у асос солган мустақил ALC телекомпанияси ёпилади. Бош прокуратура унга нисбатан «ҳужжатларни сохталаштириш» айби билан жиноят иши очиши ортидан Ўзбекистонни тарк этган рассом ва журналист 2001 йилда Германиядан сиёсий бошпана олади.

Кўргазмага қўйилган асарлардан бири.
Кўргазмага қўйилган асарлардан бири.

Шуҳрат Бобожоновнинг сўнгги қарийб 20 йилдаги фаолияти рассомликдан кўра кўпроқ журналистика, хусусан, Озодлик радиоси билан боғлиқ. У Озодликда хабар ва мақолалар ёзиш билан бирга “Қурултой” ва “Чодирхаёл” сингари дастурларга муаллифлик қилган.

Шуҳрат Бобожонов Озодликдаги фаолияти туфайли расмий матбуотдаги қоралаш кампанияларига нишон бўлган. Бу каби кампаниялар Каримов даврида бўлгани каби Мирзиёев даврида ҳам давом этди. 2018 йилда Урганч суди ака-ука Бобожоновларга тегишли уйни “ҳеч ким яшамаётгани” важидан мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. Орадан бир йил ўтиб, 2019 йил февралида Ўзбекистон Олий суди қарорни бекор қилди. Бобожоновларга кўра, бу ўша пайтда Ўзбекистонга сафар қилиши кутилган Германия президентига мурожаатдан сўнг юз берган.

Айни пайтда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, 2017 йил сентябрида рассомнинг асарлари тақиқда бўлишига қарамасдан, илк бор Тошкентдаги кўргазмага қўйилди. Zero Line галереясидаги кўргазма ташкилотчиларидан, таниқли рассом Вячеслав Охуновга кўра, кўргазмага берилган “Побег” (“Қочиш”) номи икки хил контексда ишлатилганди. “Биринчиси - санъатдаги соцреализмдан қочиш, иккинчиси диктатурадан”, дейди Охунов.

2002 йилда Бобожоновнинг Берлиндаги "Haus der Kulturen der Welt" кўргазмасига қўйилган "Нон" картинаси Ўзбекистоннинг Олмониядаги элчиси Владимир Норовнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Рассом 2010 йилда Брюссел шаҳрида Андижондаги хунрезликларнинг беш йиллиги муносабати билан "Андижон ёмғири" қум композициясини ҳам намойиш қилган.

XS
SM
MD
LG