Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:58

Ўзбекистонни тарк этган блогер Шабнам ўзининг қийноққа солинганини иддао қилди (ВИДЕО)


Ўтган ой руҳий касалхонадан чиқарилган Нафосат (Шабнам) Оллошукурова 18 январь куни Ўзбекистондан чиқиб кетди.

Оллошукурова ўзини қайта руҳий касалхонага ташлашларидан қўрқиб ватанни тарк этиш ва хориж давлатидан қочқинлик сўрашга қарор қилган.

Шабнам Озодлик билан суҳбатда Хоразмдаги қамоқхонада пайти хориждаги мухолифат етакчиларидан бири Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма олиш мақсадида ўзини қийнашганини иддао қилди.

Озодлик билан суҳбатда блогер хусусан¸ ўзини қип-яланғоч қилиб, ечинтириб, сочидан судраб уришганини ҳикоя қилди.

Ҳозирча Шабнам Оллошукурова иддаолари бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

"Яна руҳий касалхонага ташлашларидан қўрқдим"

Шабнам Оллошукурова Озодлик билан 20 январь кунги суҳбат чоғида ўзини яна руҳий касалхонага ташлашларидан қўрқиб, Ўзбекистонни тарк этганини айтди:

- Мени уч марта руҳшунослар сўраб келди. Уйда бўлмаганим учун улар мени олиб кета олишмади. Улар "соғлигини текширмоқчимиз", деган баҳона билан келишди. Лекин кечки соат 6 да келишадими, соғлигимни текшириш учун? Мен қўрққаним учун Ўзбекистондан чиқиб кетдим.

"Яланғоч қилиб, ечинтириб, сочимдан судрашди"

Шабнам Оллошукурова Озодлик билан суҳбатда ўз қўрқувига асос бўлган воқеалар¸ хусусан¸ шу пайтгача сир сақлаб келган Хоразм ИИБси ҳибсхонасида қўлланилган қийноқлар ҳақида гапирди.

- Маҳмуд Ражабнинг кўчага чиқишида Муҳаммад Солиҳ ва Дўстназар Худойназарларнинг қўли борлиги, улар юртда тўнтариш қилишмоқчи бўлишаётгани тўғрисида кўрсатма беришимни сўрашди. Мен уларга бунга Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси йўқ, қандай бундай кўрсатма бераман¸ дедим. Улар "Биз сенга қандай кўрсатма беришни ўзимиз айтамиз" дейишди. Рози бўлмаганим учун менга нисбатан куч қўллашди. Биринчи куни бақириб, қўрқитиб, таҳдид қилишди. "Бутилка тиқаман"¸ дейишди. Иккинчи суткада аввалига калтаклашди. Сочимдан судраб, қорнимга уришди. Учинчи суткада ечинтиришди. Ҳаммаси эркаклар эди. Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришимни талаб қилишди. Мен рози бўлмадим. Кейин руҳий касалхонага ташлашди.

"Қийноқларни ошкор қилсам, ҳақиқий жинни қилиб қўйишларини айтишди"

Шабнамнинг айтишича, ундан қамоқхонадаги қийноқларни ошкор қилмаслик талаб қилинган:

- Биринчидан¸ блогерлик фаолиятимни бутунлай тўхтатишимни талаб қилишди. Иккинчидан, қамоқхонада бўлган гапларни ошкор қилсам, мени ҳақиқатдан жинни қилиб қўйишларини айтишди. Бу гапларни Ўзбекистон ичкарисида айтишга қўрққандим.

Нафосат Оллошукурова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:53 0:00
Бевосита линк

Нафосат Оллошурова ўзига нисбатан бўлган қийноқлар ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида бўлганини таъкидлади.

Ҳозирча Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасидан Оллошукурова иддаолари борасида бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

ЭКСКЛЮЗИВ: Ўзбекистондан қочган блогер Шабнам руҳий хаста эмаслигини исботламоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:23 0:00

Жонли чиқишлари билан танилган блогер

Нафосат Оллошукурова шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг 2019 йил сентябрь ойидаги “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 23 сентябрь куни 10 кунлик қамоқ муддатига ҳукм қилинган эди. Қамоқхонада норозилик сифатида очлик эълон қилгани ортидан блогер руҳий касалхонага ётқизилди.​

Блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган Шабнам Оллошукурова асосан Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди.

Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилди.

2019 йил ёзида Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлгани ортидан Шабнам Оллошукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.

Шабнам Оллошукурованинг уч ёшли икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда Тошкентда қолаëтган болаларга Шабнамнинг онаси қараяпти.

Руҳий касалхонадан чиққан Нафосат Оллошукурова блогерликни давом эттирмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

XS
SM
MD
LG