Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Сардобада уйсиз қолганлар совуқда боғча ва мактабларда жон сақламоқда


Уйсиз қолган сардобаликлар - 24 ноябрь 2020
Уйсиз қолган сардобаликлар - 24 ноябрь 2020

Сардоба тошқинида вайрон бўлган кадастр ҳужжатлари йўқ уй эгалари Ўзбекистонда қаттиқ совуқ бошланган бир пайтда ҳануз бошпанасиз сарсон бўлаётганликларини айтишмоқда.

Ягона бошпанасидан айрилган аҳоли турли идораларига мурожаат қилиб, бирор натижага эришмаган.

Сардоба тумани ҳокимлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда уйсиз аҳолидан шикоятлар кўпайганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, кадастр ҳужжати бўлмаган уй эгаларининг мурожаатлари алоҳида текширувларни талаб қилади ва шу сабаб уларга уй бериш масаласи чўзилмоқда.

Ҳокимлик вакили совуқда ҳеч ким кўчада қолмагани, май ойидаги офат оқибатида уйсиз қолганларга мактаб ва боғчалардан вақтинча яшаш учун жой ажратиб берилгани, улар кунлик овқат билан таъминланаётганини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши сув тошқинида уйсиз қолган юзлаб сардобалик қатори уч фарзанднинг онаси Одина Расулова учун ҳам қийинчиликларни туғдирган.

- Уч болам билан кўчада қолдим. Трактор паркидан жой қилиб берган, болалар билан бетон полда ётибмиз. Шу пайтгача чидаб келдик. Энди совуқчилик бошланиб, пичоқ суякка бориб тақаляпти, қуруқ ваъдалардан чарчадик, - дейди Расулова.

Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин одам эвакуация қилинди.​

Офат оқибатида бошпанасиз қолганларга ҳокимият боғча ва мактабларда вақтинча яшаш учун жой ажратиб берган.

"Болалар боғчасида жон сақлаяпмиз"

Сардоба туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Ойсара Исроилова фарзанд ва набиралари билан уйсиз қолганлардан бири.

- Фарзандларим, невараларим ҳаммамиз 13та жонмиз. Сардоба туманидаги 3-сон боғчада жон сақлаяпмиз. Отопление йўқ. Саккиз хонали ҳовлида яшаганмиз. Уйни сув ювиб кетганидан сўнг, бузиб ўрнида беш қаватли уй қуришди. Президентимиз берамиз, деган. Ҳаммага берамиз, деган. Ҳозир энди кадастри йўқ, деб бермаяпти. Делоларни очиб кўрмасдан сизга уй йўқ, дейди. Қишлоқчилик, ўзингиз биласиз, бу йирда уйларни кўпчилиги кадастрсиз. Кадастри бўлмаса ҳам берамиз деган, бермаяпти, - дейди Исроилова.

Сардобада ўнлаб уйсиз ҳокимлик эшиги олдида.
Сардобада ўнлаб уйсиз ҳокимлик эшиги олдида.

Сардобанинг Дўстлик туманида яшовчи Сайёра Холбоева ҳам бошпанасиз қолганлардан.

Унинг айтишича, баъзи жабрдийдалар совуқда сув тошқинидан вайрон бўлган ҳовлисида чайла тикиб, жон сақламоқда.

-. Сув талофатидан кейин, уйимизни тозалашга борганимизда, уйларинг талабга жавоб бермайди энди, бу уйларни ўрнига кўп қаватли уйларни қурамиз, деди. Бизникилар кўнмаганди. Икки оила яшаганмиз. Икклангизга ҳам алоҳида квартира берилади, деганди. Алоҳида 350 мимлион компенсанция ваъда қилишган. Оғзаки бўлган ҳаммаси. Талвасада рози бўлгандик. Кейин келсак, уйлар бузилган. Энди нима бўлади, деб маҳаллага мурожаат қилсак, бошпанасиз қолмайсиз, дейишди. Яна ишондик. Вақт ўтди. Ноябрь ўртасида хонадон топшириш бошланди. Уй борми, деб мурожаат қилсам, сизга битта кадастр бўйича уй чиқди, деди. Лекин мени оиламга йўқ. Уйсизларнинг аксари вайрон бўлган уйлар учун кадастр ҳужжати йўқ оилалар. Эски совхоз ҳудудида ҳозир ўнлаб оила изғиринда, чайлада қоляпти, - дейди Сайёра Холбоева.

Ягона бошпанасидан айрилган Холбоева каби ўнлаб одам 23 ноябр куни Сардоба тумани ҳокимлигига уй сўраб мурожаат қилган.

Сардобада уйсиз қолганлар ҳокимлик олдида навбат кутмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

- Адвокатга бордим, мени уй жойимни бузишга ҳаққи йўқ экан. Мен рози бўлсам бузиши мумкин экан. Беш қаватли бинолар кўтарилган, лекин бизга уй йўқ, - дейди Холбоева.

Озодлик уйсиз қолган аҳоли арзи юзасидан Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Ҳидиров қўл телефонига қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

"Талофатни ошириб кўрсатишлар бўляпти"

Сардоба тумани ҳокимлигининг исми очиқланмаслигини сўраган расмийси Озодлик билан суҳбатда уйсиз аҳолидан шикоятлар кўпайганини тасдиқлади.

- Ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганиляпти. Бу ерда Олий Мажлисдан, маҳалла фуқаролар йиғинларидан, Адлиядан вакиллар ўтирибди. Биттама-битта кўриб чиқяпмиз. Кадастри бўлмаса ҳам уй берилади. Лекин бунинг учун маҳаллани тасдиғи керак бўлади. Ҳақиқатан ҳам шу ерда яшаган, деган. Унгача улар вақтинча яшашлари учун боғча ва мактабларда яшаб туришади. Бизни қарамоғимизда бўлишади. Уларга кунлик овқат бериляпти, ҳеч ким кўчада қолгани йўқ, яна ҳам совуқда ҳеч кимнинг кўчада қолишига йўл қўйилмайди, - деди ҳокимлик расмийси.

Мулозим, шунингдек, иккита уйим сув остида қолди, деб мурожаат қилганларнинг аслида битта ҳам уйи бўлмагани, айрим одамлар "вазиятдан фойдаланиб қолиш" илинжида талофатни ошириб кўрсатиб, кўпроқ ёрдамга эга бўлишга ҳаракат қилаётгани ҳолатлари кузатилаётганини айтади.

- Мени ўзим гувоҳи бўлдим. Олти хонали уйим бор эди, деган. Текширганда икки хонали уй бўлиб чиқди. Шунақалар кўп бўляпти. Дод, уйсиз қолдим, деб уй ундириш ниятида чайлада ётиб, ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатишга уринаётганлар ҳам бор. Шунинг учун текшириляпти, - дейди ҳокимлик расмийси.

Сардоба сув тошқинида минглаб уй вайрон бўлган.
Сардоба сув тошқинида минглаб уй вайрон бўлган.

Сардобада бошпанасиз қолганлар бундан олдин ҳам ҳокимликларга арз қилиб борган. Улар орасида Тошкентга, Вазирлар Маҳкамасига шикоят қилиб борганлари ҳам бўлди.

Сардоба тумани ҳокимлиги расмийсига кўра, тошқин оқибатида туманда 7 мингга яқин аҳоли уйсиз қолган, ноябрь ойига келиб шулардан тўқсон фоизидан кўпи уй-жой билан таминланган.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган эди.

Ўзбекистон президенти фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилиши, мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG