Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Манфаатлар тўқнашуви: Сардоба сув омборининг буюртмачиси ҳам Сангинов¸ қурувчиси ҳам Сангинов!


Сардоба сув омбори ўпирилиши билан президент Шавкат Мирзиëев воқеа жойига бу лойиҳанинг бош муаллифларидан бири бўлган Абдуғани Сангинов билан бирга борди.
Сардоба сув омбори ўпирилиши билан президент Шавкат Мирзиëев воқеа жойига бу лойиҳанинг бош муаллифларидан бири бўлган Абдуғани Сангинов билан бирга борди.

Сардоба сув омборида 1 май куни рўй берган техноген фалокат ортидан жамоатчилик фойдаланишга топширилганидан уч йил ўтиб-ўтмай емирилиб¸ давлат ва халққа миллионлаб доллар зиëн етказган¸ одамлар ҳаëтига зомин бўлган бу фожиа учун ким масъулиятни зиммасига олади¸ деган саволни кун тартибига қўйди.

Озодлик бу қурилиш тепасида ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” АК бошқаруви раиси ва сенатор Абдуғани Сангинов ҳам давлат буюртмачиси мақомида¸ ҳам уни қурган хусусий пудратчи сифатида қатнашганини хабар қилиши ортидан¸ “Ўзбекгидроэнерго” бу маълумотга раддия беришга уринди.

Айни пайтда¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ қолаверса¸ Сардоба сув омбори қурилишидан бевосита хабардор бўлган мулозимлар берган маълумотлар¸ тўғони ëрилган сув омбори қурилишига Абдуғани Сангиновнинг икки хил мақомда етакчилик қилганини тасдиқлайди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖси фалокат ортидан ўз раҳбарининг Сардоба сув омбори қурилишидаги ролини йўқ даражага туширишга уринди.

Аммо 2017 йил декабрида Абдуғани Сангиновга Шавкат Мирзиëев томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони берилганини табриклаган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти жамоаси бунинг тескарисини билдирган эди.

2017йил декабрида Шавкат Мирзиëев Абдуғани Сангиновнидавлат медали билан тақдирлаган.
2017йил декабрида Шавкат Мирзиëев Абдуғани Сангиновнидавлат медали билан тақдирлаган.

Компания “Марказий Осиёда энг узун тўғонга эга - “Сардоба” сув омборининг фойдаланишга топширилганлиги, жаҳоннинг энг баланд 10 та сув омбори тоифасига кирган 187 метр баландликка эга бўлган -“Тўпаланг”сув омборининг қуриб битказилганлиги”ни айнан Сангиновнинг “буюк хизматлари” сифатида тақдим этган эди.

Озодлик гаплашган сув хўжалигига алоқадор мулозимларга кўра¸ Мирзиëев Сангиновни айнан Каримов даврида чўзилиб кетган Сардоба сув омборини ўзи президентликка келганидан кейин тезликда битиргани учун тақдирлаган.

Президент Шавкат Мирзиëев ўзи таъсис қилган "Ўзбекгидроэнерго" АЖ раиси Абдуғани Сангинов билан у қурган Тўпаланг сув омборида.
Президент Шавкат Мирзиëев ўзи таъсис қилган "Ўзбекгидроэнерго" АЖ раиси Абдуғани Сангинов билан у қурган Тўпаланг сув омборида.

Сангинов - буюртмачи

Ўзбекистоннинг асосан чўл ҳудудида жойлашган Сирдарë ва Жиззахда пахтачиликни ривожлантириш мақсадида Сардоба сув омбори қуриш ташаббуси¸ президент матбуот хизматининг таъкидича¸ ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевга оид.

2010 йили жамоатчиликка бирор шаклда эълон қилинмай туриб бошланган янги сув омборининг буюртмачиси Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўзсувэнерго” бирлашмасидир. Расмий маълумотларга кўра¸ бу бирлашмани 2008 йилдан то у “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига айланган 2017 йилгача Абдуғани Сангинов бошқарган.

Озодлик гаплашган Сув хўжалиги вазирлиги мулозимлари ҳам¸ давлат номидан Сардоба сув омбори қурилишига буюртмани “Ўзсувэнерго” раиси Абдуғани Сангинов берганини тасдиқлади.

Бу объект қурилиши учун бош пудратчи этиб¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси танланган.

2002 йилдан то 2019 йил февралига қадар “Ўзбекистон темир йўллари”акциядорлик жамияти раиси ҳозирги Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бўлган.

Очиқ манбаларда бош пудратчининг қайси мезонда танлангани¸ бунинг учун бирор тендер бўлган-бўлмаганига оид бирор маълумот йўқ.

Асосий фаолияти темир йўлларни бошқариш бўлган компания сув омборлари қурилишига нега бош пудратчи қилиб танланди¸ деган саволга Сув хўжалиги вазирлиги мулозими "тупроқ билан ишлашга керак йирик техника воситаларининг" фақат Раматов компаниясида борлиги билан изоҳлашга уринди.

Ўз навбатида¸ бош пудратчи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қурилиш ишларини бажариш учун хусусий қурилиш ташкилотларини пудратчи қилиб ëллайди. “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” корхонасининг хусусий қурувчи ташкилотларни қандай асосда танлагани ҳақида ҳам¸ танланган ширкат номлари ва кимга оидлиги ҳақида ҳам очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.

Сангинов – қурувчи

Қурилиши 2010 йилда бошланиб¸ 2017 йил Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг битирилган Сардоба сув омбори қурилишида¸ “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 3 май куни берган баëнотга кўра¸ “10 дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар” иштирок этган.

Давлатга қарашли акциядорлик жамияти 10 дан зиëд пудратчидан бирортасининг номини эълон қилмади¸ айни пайтда¸ қурилишда Абдуғани Сангиновга қарашли “To’palang Water Construction” (олдинги номи “Резаксой сув қурилиш” МЧЖ) қатнашганини эътироф этди.

Озодлик ихтиëридаги расмий ҳужжатларга кўра¸ “To’palang HPD Water Construction” ëки ўзбекчада “Тўпаланг сув қурилиш” МЧЖси 2008 йилнинг 2 августида Сурхондарë вилоятининг Сариосиë туманида хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган. 2020 йил 14 апрелига қадар ширкат устав капитали 8 843 119 000 сўм қилиб кўрсатилган.

Ҳолдинг Низомидан нусха.
Ҳолдинг Низомидан нусха.

Ҳужжатда унинг 100 фоиз акциялари эгаси сифатида “ТO'PALANG HPD HOLDING" МЧЖ кўрсатилган. Бу ҳолдинг эса “Тўпаланг” сўзини ўз брендига айлантирган Абдуғани Сангинов бизнес империясининг бир қисмидир.( Бу ҳақда қуйида алоҳида тўхталамиз – таҳр.)

“To’palang HPD Water Construction” Сардоба сув омбори қурилишига пудратчи ташкилот сифатида танланганида¸ унинг қоғоздаги расмий раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ҳамқишлоғи Каримжон Рўзиев бўлган.

Расмий маълумот ва ҳужжатлар давлат номидан иш кўрган Абдуғани Сангиновнинг Сардоба сув омборини қуриш лойиҳасини яширин тарзда ўз хусусий корхонасига берганини кўрсатади.

Сардоба сув омборининг қурилиш жараëнидан хабардор мулозим¸ мутахассислиги бўйича омбор қурилишига алоқаси бўлмаган Каримжон Рўзиев Сангиновнинг қурилиш жойидаги асосий вакили бўлганини билдирди.

"Давлат-Сангинов"нинг "тадбиркор-Сангинов" билан қанча миқдордаги қурилиш иши учун қанча пуллик шартнома имзолагани ҳозирча Озодликка маълум эмас. Зотан¸ етти йил қурилган Сардоба сув омборининг давлатга қанчага тушгани ҳақида бирор жойда бирор рақам ҳозиргача очиқланмаган.

Ўзбекистондаги сув омборлари қурилиши “монополисти”га айланган Сангинов ким?

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ расмий маълумотига кўра¸ Сариосиëнинг Хуфар қишлоғидан чиққан 61 яшар сенатор Сангинов меҳнат фаолиятини “1982 йилда “Тўпалангсувқурилиш” трести лаборатория муҳандислигидан бошлаб, 18 йил давомида мастер, прораб, участка бошлиғи, трест Қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи, 2008 йил январдан “Ўзсувэнерго” бирлашмаси бош директори лавозимларида самарали ишлади. 2017 йил 18 майдан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда”.

Сангиновни шахсан таниган ҳамкасблари¸ унинг президент Шавкат Мирзиëев билан бир пайтда ўқигани ва ҳатто Дархонда бир квартирада ижарада яшаганини айтмоқда. Озодликда бундай маълумотни бевосита текшириш имкони йўқ.

У одам “Ўзбекгидроэнерго»га «Ўзсувэнерго» деган акциядорлик ташкилотидан келган. У ерда раҳбар бўлган. Ундан олдин шу акциядорлик ташкилотинининг «Тўполонсувқурилиш» деган корхонасининг раҳбари бўлган. «Тўпаланг» ГЭСини қурган. «Ўзсувэнерго»га ўтганда «Тўпалангсувқурилиш» ташкилотини хусусий қилиб олган ва «Тўпаланг» сўзи билан бошланадиган яна бир нечта корхона очган. Бу корхоналар «Тўпаланг» ГЭСи қурилишида ва айниқса Толлимаржондаги станция қурилишларида, генподрядчик бўлган. Hundai ва Samsung корхоналарига субподрядчик бўлиб ҳамма қурилишини қилган. Давлатнинг 1 млрд доллардан ортиқ маблағи шу одамнинг ўнга яқин корхоналарида айланган. Ўғлини раҳбар қилган корхона қолган ҳамма МЧЖларининг эгаси. Сардобадаги сув омборини «Тўпалангсувқурилиш» раҳбари бўлган даврида ўзи қуришни бошлаган¸ «Ўзбексувэнерго» даврида қуриб битирган»¸ деди Сангиновни билган сув хўжалиги тизимига алоқадор мулозим.

Озодликнинг бир неча манбаси бир-биридан мустақил равишда Абдуғани Сангиновнинг президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов билан бир ҳудуддан экани ва яқинлигини айтмоқда.

Тепадагилар ҳаммаси бир-бирига чирмовуқдек чирмашиб кетган. Сангинов ва Низомиддинов земляк. Администрация раҳбарига яқинлик¸ президентга яқинлик демакдир”¸ деди Озодликка Сангинов ва олий ҳокимият идораларидагилар ўртасидаги алоқаларни тасвирлаган мулозимлардан бири.

Сангинов & Co...

Озодликка Абдуғани Сангинов ҳақида шахси сир қолишини сўраб маълумот берган мулозимлар¸ қурувчи-сенатор ўғилларининг давлатнинг муҳим идораларида масъул лавозимларда ишлаши унинг сув омборлари қурилишини ўз монополиясига айлантиришини янада силлиқлаштирганини айтади.

Катта ўғли божхонада. Чет элдан булар опкеладиган техника ва бошқа импорт материалларга исталган пайт “яшил чироқ”. Оддий тадбиркор ўн кунда ҳам расмийлаштира олмайдиган юкларни булар бир соатда опчиқиб кетади. Яна бир ўғли Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармасида ишлади¸ ҳозир Инвестицияларга ўтган. Отаси раҳбар бўлган корхонага давлат ажратадиган маблағни тезлаштиришда яхшигина роль ўйнаган¸ кейин бу маблағ оиланинг хусусий корхонасига ўтади. Яна биттаси Бош прокуратурада бўлим бошлиғи. Бирор муаммо туғилса¸ жойида ечилади¸ рақобатчилар ўзини нима кутишини яхши билади. Энг кичкинаси эса¸ Сангинов бизнес ҳолдингининг қоғоздаги расмий эгасидир”.

Айни пайтда Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ оилада тўнғич фарзанд бўлган Абдуғани Сангиновнинг тўрт укаси бор ва улар ҳам “Тўпаланг” брендига алоқадор ширкатлар билан ишловчи "тадбиркорлар​дир".

Тармоқланган бизнес ҳолдинг

Озодликка тақдим этилган ҳужжат “To’palang HPD Holding” Низоми деб аталади ва у 2018 йилнинг 4 август куни ҳолдинг аъзолари умумий йиғилишида бир овоздан тасдиқланган.

Унга кўра¸ Абдуғани Сангинов ҳолдингининг пойдевори 2003 йил январида “Тўпаланг сув омбори ва ГЭС қурилиш” акциядорлик жамияти вa “ТўпалангсувГЭСқурилиш» МЧЖларидан бошланган.

2018 йил августидаги ҳолатига кўра¸ устав фонди 1 344 709 000 сўм деб расмийлаштирилган “To’palang HPD Holding” қуйидаги етти корхона таъсисчиси ҳамдир.

Тўпаланг империяси
Тўпаланг империяси

1. “To’palang HPD Platinium”,

2. “To’palang HPD Water Contsruction”,

3. “To’palang HPD Building,

4. “To’palang HPD Irrigation Systems”,

5. “To’palang HPD To’palang HPD Service ”,

6. “To’palang HPD Engineering ” ва

7. “To’palang HPD Steam-Gas ” унитар корхоналари.

“To’palang HPD Holding” акцияларининг қарийб 62 фоизи эгаси қилиб Низомда Сангиновнинг 25 яшар ўғли Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов кўрсатилган бўлса¸ қолган 25 акционернинг 20 нафари Сурхондарë вилояти Сариосиë туманининг Хуфар қишлоғида яшайдиган фуқаролардир. Рўйхатда манзили Тошкент қилиб кўрсатилган қолган беш одам ҳам¸ уларни таниганларга кўра¸ сариосиëликлардир.

Абдуғани Сангиновнинг кенжа ўғли ҳолдинг Низомида асосий акциядор сифатида қайд қилинган.
Абдуғани Сангиновнинг кенжа ўғли ҳолдинг Низомида асосий акциядор сифатида қайд қилинган.

Бу рўйхатда номлари келтирилганлар подставной одамлар Сангиновнинг қишлоқдошлари. Улар қоғозда акцияси борлигини билмаса ҳам керак. Бу ҳолдингнинг тўлиқ эгаси Абдуғани Сангиновдир. Унинг кеча университетни битирган кенжа ўғлининг бунақа бизнес империя қурмагани ахмоққа ҳам аëн”¸ дейди Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларни шарҳлаган бу тизимдан яхши хабардор мулозим.

“To’palang HPD Holding” эгаси бўлган етти корхона номиданоқ ҳолдингнинг нафақат сув омборлари¸ балки бошқа хил қурилишлар билан ҳам шуғулланиши¸ ирригацион тизимлар¸ газ трубалари ëтқизиш¸ муҳандислик ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тармоқланган йирик бизнес тизими экани тушунилади.

Ота-ўғил тандеми ëки давлат ва шахсий манфаатлар кесишуви

Абдуғани Сангинов раиси бўлган "Ўзбекгидроэнерго" АЖси 3 май кунги баëнотида¸ ​“Сардоба“ сув омборида содир бўлган фалокатнинг тегишли қисмида “Toʻpalang HPD Holding” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмаганлигини ҳамда Абдурахмонов Ислом Абдуганиевич 2010 — 2017 йилларда “Toʻpalang HPD Holding” МЧЖ ҳамда унинг тегишли ширкат ташкилотларида умуман фаолият юритмаганини алоҳида таъкидлаймиз"¸ деб ëзилган.

“Toʻpalang HPD Holding” Сардоба сув омборининг айнан қайси қисмини қурганига оид фалокатгача очиқ маълумотлар бўлмагани боис¸ компания матбуот хизматининг биринчи иддаосини мустақил текширишнинг иложи йўқ.

Мутахассислар хавотирича¸ тергов томонидан қурилиш-техникавий экспертиза ўтказилмасдан тўғон ёрилган жойларнинг ёпиб ташланаëтгани асл фактни аниқлаш имконини деярли йўққа чиқармоқда.

Айни пайтда¸ "Ўзбекгидроэнерго" 2017 йил май ойида бу компания раиси этиб тайинланган Абдуғани Сангиновнинг Сардоба сув омборида 2020-2022 йилларда қиймати 25 миллион долларга тенг иккита кичик ГЭС қуриш лойиҳасини ўз ўғли бош акциядори бўлган ҳолдинг таркибига кирувчи “To`palang HPD irrigation systems” унитар корхонасига берганини изоҳламади.

Шунингдек¸ Сариосиëдаги Тўпаланг сув омборида жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш лойиҳаси ҳам Абдуғани Сангиновга қарашли давлат компанияси томонидан Абдуғани Сангиновнинг ўғли ҳолдингига кирган “To’palang HPD Platinium” унитар корхонасига топширилган.

"Ўзбекгидроэнерго" расмий сайтида қўйилган кейинги уч йилга оид тендер эълонлари рўйхатида бу лойиҳалар учун пудратчилик қилишга тендер эълон қилингани ҳақида бирор эълон ëки хабар йўқ.

Айни пайтда¸ давлат компаниясида унинг раиси ўғлига қарашли компанияга ишга кириш учун бир неча марта эълон берилганини кўриш мумкин.

Давлатга қарашли акциядорлик жамияти расмий сайти раиснинг ўғлига қарашли хусусий компания учун эълон бермоқда.
Давлатга қарашли акциядорлик жамияти расмий сайти раиснинг ўғлига қарашли хусусий компания учун эълон бермоқда.

Жиноят иши қаергача¸ кимгача боради?

1 май куни Сардоба сув омборида юз берган фалокат ортидан ҳукумат комиссияси тузилди ва ҳозирча таркиби эълон қилинмаган бу комиссия фалокат оқибатларини бартараф этиш билан машғул.

Айни пайтда¸ уйи ва экин ерларини сув босиб¸ эвакуация қилинган сардобаликлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиëев:

- Албатта ҳали буни кўп кўп таҳлилини қиламиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз гапларини айтади¸ деди.

1 май куни Сардоба сув омборидаги фалокат жойига Абдуғани Сангинов билан бирга келган президент Мирзиëев қилинган ишдан мамнун эмасдек кўринди.
1 май куни Сардоба сув омборидаги фалокат жойига Абдуғани Сангинов билан бирга келган президент Мирзиëев қилинган ишдан мамнун эмасдек кўринди.

Бу баëнот билан айни кунда Ўзбекистон Бош прокуратураси “Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилди¸ деб хабар берди.

Бу баëнотдан¸ ДХХ терговчиларининг Сардобада иккита жиноят - мансабга совуққонлик билан қараш ва тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш содир бўлганини гумон қилаëтгани тушунилади.

Иккала модда ҳам¸ ўлим қайд қилинган ҳолатда¸ суд томонидан айбдор деб топилган шахсларнинг энг кўпи билан “муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб¸ икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш” билан жазолашни кўзда тутади.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент ҳукуматининг турли тизимларидаги мулозимлар сув омбори каби стратегик давлат объектини лойиҳалаштиришдан то уни фойдаланишга қабул қилгунча¸ ўнлаб идорадан ўтиб¸ ўнлаб амалдор имзоси қўйилишини таъкидладилар.

Айни пайтда¸ аксар суҳбатдошлар¸ Ўзбекистон бошқарувида нормал стандартлар бўлганида¸ Сардоба сув омборидаги фалокат ортидан икки амалдор - буюртмачи Абдуғани Сангинов ва бош пудратчи Очилбой Раматовнинг истеъфога чиққан бўлиши муқаррарлигини билдирди.

Озодлик суҳбатдошлари¸ президент ваъда қилган таҳлил ва терговнинг ана шу шахсларни четлаб ўтиши Мирзиëевга нисбатан жамоатчилик ишончига жиддий зарба бўлишини таъкидлади.

Сардоба сув омборида юз берган техноген фалокат учун ким масъуллигини аниқлаш учун тергов бу жараëндаги қайси ўйинчиларга эътибор қаратиши лозим¸ деган саволга ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқшунос Озодликка қуйидаги изоҳни юборди.

"Ҳуқуқий жиҳатдан¸ асосий жавобгарлик танлов комиссиясига тушади. Агар танлов комиссияси тўлиқ чекловларни белгилаган бўлсада, "Ўзтемирйўлмонтажқурилиш" УК чеклов ва талабларга амал қилмаган бўлса¸ у ҳам жавобгарликка тортилади.

Аслида ушбу авария ҳолатида коррупцион схема ишлаганлиги маълум. буюртмачидан тортиб - бош пудратчи - пудратчи ҳаммаси жиноий гуруҳ таркибида ҳаракат қилганга ўхшаяпти.

Сифат назорати, аффилланган шахслар билан муносабатлар, йирик битимларга доир чекловлар, ўзаро алоқадор шахсларга оид чекловларга тупурган ҳолда давлат пулини ўзлаштириш ва пул ювиш амалиётига қўл урилган. ДХХ тергови юқоридаги икки модда билан чекланмай¸ жараëндаги туб жиноятларни текширишга ҳам ўтади¸ деб умид қиламан.

Агар синчков терговчига ёки холис тергов гуруҳига иш топширилса, терговга босим ёки коррупция аралашмаса, мавжуд ҳужжатларнинг ўзидан жиноятни фош қилиш мумкин. Жамоатчилик бу фалокатга сабаб бўлган жиноятлар охиригача очилиши¸ президент ўзи ва давлат имижига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатаëтган бундай гуруҳ ва шахслардан ўзини узоқлаштиришини кутиб турипти."

Манфаатлар тўқнашуви?

Дунëнинг ривожланган давлатларида давлат тизимида ишловчи мулозимнинг ўз ваколати доирасига кирувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонун билан тақиқланган.

Давлат ва хусусий манфаатлар тўқнашуви¸ аниқроғи давлат берган ваколатдан ўз шахсий манфаати учун фойдаланиш қонун устувор давлатларда коррупция деб таснифланади.

Хусусан¸ давлат буюртмаси учун масъул шахснинг миллионлаб долларлик бу буюртма ижросини ўз шахсий компаниясига бериши ҳуқуқий давлатда нафақат бу шахс¸ балки ҳукумат истеъфосига элтадиган воқеадир.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг давлат бошқарувидаги коррупцияга барҳам бериш йўлларидан бири сифати давлат хизматчиларининг даромад декларацияси¸ ўзи ва яқинлари номидаги кўчмас мулкни жамоатчиликка очиқлашини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

2017 йил 29 август куни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳалигича қолиб кетди.

Ўзбекистонда давлат мулозимларининг йирик бизнес ҳолдинглари¸ бизнес империялари эгаси экани Тошкент ҳукумати кўз тикаëтган Ғарб инвесторларини чўчитадиган асосий жиҳатлардан бири.

Хусусан¸ Британия матбуотида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг давлат номидан йирик қурилиш лойиҳаларини очиқ тендерларсиз ўз шахсий компанияларига бериши Мирзиëев ҳукуматининг айнан давлат ва шахсий манфаатлар қоришган ва иккинчиси устунлик қилаëтган бошқарувга асосланганини кўрсатувчи ëрқин мисол сифатида талқин этилди.

XS
SM
MD
LG