Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:18

"Ўзбекгидроэнерго" сув омбори ўпирилишига алоқадорлигига оид хабарларни инкор қилди


Президент Сардоба сув омборида тузатиш-тиклаш ишларини кузатмоқда, 2 май, 2020
Президент Сардоба сув омборида тузатиш-тиклаш ишларини кузатмоқда, 2 май, 2020

3 май куни "Расмий муносабат" сарлавҳаси билан эълон қилинган хабарда сув омбори тўғонининг ўпирилишига “Ўзбекгидроэнерго” АЖ алоқадор хабарлар "нотўғри талқинлар, асоссиз ва юзаки ёндашувлар", деб рад қилинди.

Қуйида ушбу баёнот айнан келтирилмоқда:

"Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши юзасидан, мамлакатимиз ҳамда хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ нуфузига қарши қаратилган нотўғри талқинлар, асоссиз ва юзаки ёндашувларга нисбатан қуйидаги расмий муносабатимизни маълум қиламиз.

Маълумки, 2010-2017 йиллар мобайнида Сардоба сув омбори барпо этилган. Ушбу қурилишда буюртмачи сифатида Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси бош пудратчи сифатида иштирок этган.

Бундан ташқари, ушбу объектда 10 дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар (субподрядчик) қаторида “Резаксой сув қурилиш” МЧЖ (ҳозирги номи – “To’palang Water Construction” МЧЖ) ҳам қурилиш жараёнларида ўзига ажратилган қисм бўйича қурилиш ишларини бажарган. Мазкур МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тегишли тартибда қабул қилиб олинган.

Сардоба сув омборида содир бўлган фалокатнинг тегишли қисмида “To`palang HPD Holding” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмаганлигини ҳамда Абдурахмонов Ислом Абдуганиевич 2010-2017 йилларда “To`palang HPD Holding” МЧЖ ҳамда унинг тегишли ширкат ташкилотларида умуман фаолият юритмаганини алоҳида таъкидлаймиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йилдаги 18 майдаги ПФ-5044 сонли Фармонига асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилган. Шуни айтиш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қурилишида масъул этиб белгиланмаган ва иштирок этмаган.

Сардоба сув омборининг эксплуатациясига оид фаолияти “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси томонидан назорат қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз".

Бунга қадар фалокат рўй бериши билан Озодликка боғланган Ўзбекистон ҳукуматининг турли тизимларида ишловчи мулозимлар¸ қолаверса¸ қурилиш¸ хусусан¸ сув омборлари бўйича мутахассислар фожианинг асл сабаби қурилиш соҳасидаги даҳшатли коррупция¸ монополия ва ўғриликлар эканини иддао қилганди.

3 май куни Сардоба сув омборининг ўпирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ишнинг тергови Давлат хавфсизлик хизматига юклангани хабар қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, иш Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG